Линклар

Россияда эндигина ташкил топган “Dallol.ru” ахборот портали ижодкорлари Россияда яшаётган ўзбек муҳожирларини янги фильм танловига таклиф этмоқда. Янги кўп серияли фильм муаллифлари аллақачон Москвада фильмда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар кастинги бошланиб кетганини маълум қилмоқда. Кастингда иштирок этган Озодлик мухбири танловда фаррошлар, машина ювувчилар ва сартарошлар ҳам иштирок этаётганига гувоҳ бўлди.

“Даллол.ру” интернет портали бир гуруҳ ижодкорлари "Оқ қайиннинг қора доғлари" номи остида чиқаётган филмга Россияда истиқомат қилаётган меҳнат муҳожирларини кўрикдан ўтказишни давом этмоқда.

Кастингда бўлиб қайтган Озодлик мухбири актёр бўлиш истагида сартарош, модел, фаррош ва машина ювувчи ўзбек йигитлари йиғилганига гувоҳ бўлди.

Андижонлик 28 ёшли Алимов Ҳайбулла 2008 йилдан буён Москвада турли ишларни бажариб келгани, актёрликка кичиклигидан қизиқиши, бироқ ўз орзусини амалга оширишга имкони бўлмаганини гапиради.

24 ёшли самарқандлик Қаюмов Шоҳруҳ эса автомойкада бир неча йилдан буён меҳнат қилаётгани, безорилар образини маҳорат билан ижро этиб бериши мумкинлигини билдирди.



Филм муаллифларидан бири – Ўзбекистон ва Россияда танилган актёр Жамшид Сагатов лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири Россияда истиқомат қилаётган турли халқларни бирлаштириш, улар ўртасида йиллар давомида шаклланган дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашдир, дейди.

- Ундан ташқари биз албатта сериал олиш ниятидамиз. “Муҳожир нима билан яшаяпти? Ичида нималар бўляпти?“ Шу каби саволларга эркин фикр билдира олишимиз зарур, дейди Жамшид.

Лойиҳа бошқарувчиси Тойир Мақсудий муҳожирларнинг Россиядаги ҳаёти ҳақида бўлажак комедияли фильм кастинги январ бошларигача Москвада давом этишини қўшимча қилди.

У танловга актерлик маҳоратига ёки тегишли санъат йўналишлари бўйича мутахассисликка эга бўлган шахслар таклиф этилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, филмни суратга олишга овоз режиссёрлари, операторлар, Dallol.ru нинг бошқа лойиҳаларига эса бошловчилар ҳам таклиф этилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG