Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:41

60 ўзбекистонлик Оренбургда автобуси бузилиб, 17 даражали совуқда қолди


Россия Федерациясининг Оренбург шаҳри яқинида олтмишдан зиёд ўзбекистонлик кетаётган автобус бузилиб қолди. - 17 даражали совуқда қолган йўловчилар орасида болалар ҳам бор эди. Совқотган йўловчилардан 8 нафарига 2000 рублдан жарима солинди.


Россия Федерациясининг Оренбург шаҳри яқинида олтмишдан зиёд ўзбекистонлик кетаётган автобус бузилиб қолди. - 17 даражали совуқда қолган йўловчилар орасида болалар ҳам бор эди. Совқотган йўловчилардан 8 нафарига 2000 рублдан жарима солинди.

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Оренбург вилояти Бош бошқармаси матбуот хизмати ходими Александр Караванский ўнлаб Ўзбекистон фуқароси кетаётган автобус билан боғлиқ 17 декабрь куни юз берган воқеа тўғрисида Озодликка бундай деди:

- Автобуснинг тормоз системасига нимадир бўлган ва ҳайдовчи эҳтиёт қисм сотиб олиш учун энг яқин шаҳарга жўнаб кетган. Автобусдаги одамлар совуқ қота бошлаганидан кейин улар ёрдам сўраб полицияга қўнғироқ қилган. Бунга жавобан полиция ходимлари воқеа жойига тезда етиб бориб техник носозликни бартараф қилишга ёрдам берди. Бир неча соатдан кейин автобус жўнаб кетди, деди Александр Караванский.

Унга кўра, автобус бузилиб қолган пайтда Оренбургда ҳаво ҳарорати Цельсий ўлчови бўйича – 17 даража бўлган.

Қозоғистоннинг Шимкент шаҳридан Россия пойтахти Москва томон йўлга чиққан автобусда 64 нафар ўзбекистонлик меҳнат мухожири, жумладан, бир неча бола ҳам бўлган.

Воқеа жойида Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Миграция хизмати ходимлари ҳам иш олиб борган.

Россия Федерал Миграция хизматининг Оренбург вилояти бўлими матбуот хизмати бошлиғи Анатолий Яцкевич Озодликка бузилиб қолган автобус йўловчиларининг ҳужжатлари текширилган пайтда саккиз ўзбекистонлик Маъмурий қонунбузарлик кодексининг 18-моддасига мувофиқ икки минг рублдан жаримага тортилганини, аммо улар ушлаб қолинмаганини айтди.

- Ҳеч ким қўлга олинмади. Уларга жарима солинди ва қўйиб юборилди. Ҳозир автобуснинг қаердалигини билмайман. Уларга жарима квитанциялари ёзиб берилгани аниқ, деди Анатолий Яцкевич.

Ишлаш излаб Россияга кетаётган ўзбекларнинг автобуси бузилиб қолиши ёки ҳалокатга учраши тез-тез кузатилади.

Жорий йил 22 сентябрь куни кечқурун Москва – Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган ва салонида 100 нафар йўловчи бўлган Mercedes автобуси Қозоғистоннинг Хромтау шаҳридан 15 километр нарида ағдарилиб кетгани оқибатида жароҳат олган ўн нафар йўловчи касалхонага ётқизилган.

2012 йил 14 ноябрга ўтар кечаси Россиянинг Самара вилояти Алексеевский туманида Москвадан Ўзбекистонга кетаётган автобус ҳалокатга учрагани натижасида тўққиз киши жароҳат олган. Полиция маълумотига кўра, 47 йўловчига мўлжалланган автобус ичида юзга яқин ўзбекистонлик бўлган.

Автотранспорт айниқса, қиш фаслида узоқ масофага боришда хавфли транспорт воситаси ҳисобланади.

Шунга қарамай, самолёт ва темир йўл чипталарини харид қилишга имконияти бўлмаган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун Қозоғистон ва Россиядан Ўзбекистонга келиб-кетишида автобус асосий транспорт воситаси бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG