Линклар

Ўзбекистонда Янги йил байрамини ўтказиш учун тадбиркорлардан пул ундирилмоқда


Тошкентнинг Олой бозори олдидаги арча безалмоқда

Тошкентнинг Олой бозори олдидаги арча безалмоқда

Ўзбекистоннинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Янги йил тадбирларини ўтказиш ҳаражатлари тадбиркорлар зиммасига юкланди.

Самарқанд вилоят ҳокимлигидаги Озодлик манбасининг айтишича, вилоят ҳокими Зойир Мирзаев имзолаган 3-463 рақамли мажлис баённомасида “Янги йил байрамини юксак савияда ўтказиш учун тадбиркорлар саҳоватига суянилиши” айтилган.

Самарқандлик тадбиркорлардан бирининг айтишича, "Янги йилда шаҳарни безаш ва байрам дастурларини ўтказиш учун тадбиркорлардан пул йиғиш билан вилоят ҳокимлиги мулозими Дилшод Бердиқулов шуғулланмоқда".

Суҳбатдошга кўра, ҳокимликнинг қарори маҳаллий тадбиркорлар учун “ихтиëрий-мажбурий”дир.

Исми айтилишини истамаган самарқандлик тадбиркор "шаҳар марказидаги усти ëпиқ бозорда жойлашган дўкон эгалари Янги йил байрами учун 2 декабрдан бошлаб 15 кун ичида хайрия тарзида пул ўтказишга мажбурланганини" айтди.

Самарқанд вилоят ҳокимлигидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ тадбиркорлардан ундирилган пуллар шаҳар марказига арча ўрнатиш¸ кўчаларни ялтироқ маржонлар билан безатишга сарфланмоқда.

Янги йил байрами билан боғлиқ тадбирларга кетадиган пулни тадбиркорлар чўнтагидан чиқариб олиш ҳаракатлари республиканинг бошқа вилоятларида ҳам кузатилмоқда.

Тошкентдан олинган маълумотларга кўра¸ Туркистон саройида ўтказиладиган “Президент арчаси “ тадбирини ўтказиш ҳаражатлари ҳам тадбиркорлар зиммасига юкланган.

Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова 17 декабр куни ўзининг twitterдаги саҳифасида “Президент арчаси “ тадбирини ўтказиш учун корхоналардан мажбуран пул ундирилаëтганлигини твитлади:

“Туркистонда (Туркистон саройида - таҳр.) президент арчаси ўтакзилиши муносабати билан кабмин заводлардан 3 кунлик концерт ташкил қилиш учун буйруқ йўли билан сурбетларча 400 миллион сўмдан пул ундирмоқда”, дея иддао қилинади Гулнора Каримова микроблогида.

Бу иддаони Тошкентдаги Озодлик манбалари ҳам тасдиқлади.

Манбаларнинг билдиришича¸ Туркистон саройида ўтказиладиган “Президент арчаси“ дастурига тадбиркорларни ҳомийлик қилишга ундаш ўтган йиллари ҳам бўлган.

Ўзбекистонда ўтказиладиган давлат дастурлари ва ҳашарлар учун тадбиркорлардан мажбуран пул ундирилгани ҳақида Озодлик тасарруфида ҳужжатли маълумотлар мавжуд.

Масалан, жорий йилда жиззахлик тадбиркорлардан “Асрлар садоси” фестивали учун мажбуран пул ундирилган эди.

Шу йил кузда Тошкентлик тадбиркорлар пахтага чиққан ҳашарчиларни озиқ- овқат билан таъминлайдиган Mega Super Food ширкати ҳисобига 3 миллион сўм ўтказиб беришга тадбиркорлар ҳокимият тарафидан мажбурланган эди.

Текин томоша кўрсатиш

Бу йил “Президент арчаси“ тадбири Тошкентдаги Туркистон саройида йигирманчи марта ўтказилмоқда.

Бу санага бағишланган шоуда қатнашадиган таниқли қўшиқчилар ҳам текинга ҳизмат кўрсатиш мажбуриятини олишган, дейди тошкентлик продюсер Равшан Ғуломов Озодлик билан суҳбатда:

- Ҳар бир санъаткор лицензия олаëтганда лицензия мажбуриятларини имзолайди. Шундай мажбуриятлардан бири давлат тадбирларида беғараз иштирок қилишдир. Шу қоидага кўра, артистлар “Президент арчаси “ тадбирида текин¸ ҳеч қандай пул талаб қилмасдан қатнашиб келади¸ дейди тошкентлик продюсер.

Суҳбатдошга кўра¸ Туркистон саройида тантаналар хозирданоқ бошланиб кетган:

-Хавфсизлик чоралари кучайтирилган ҳолда ўтяпти. Хозир мана ашулачи Райхон ва "Уммон" гуруҳи солистлари арча атрофида қўшиқ куйламоқда, дейди суҳбатдош.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG