Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:37

Россияда яна бир қирғиз аëли “ўзбек билан юрдинг”иддаоси билан таҳқирланди


Калтакланган "Айнагул".
Калтакланган "Айнагул".

Россияга ишлаш учун келган қирғиз қизнинг ўз ватандошларидан иккитаси томонидан “ўзбек билан юрдинг” деган иддао билан тепкилангани тасвирланган видеоëзув Билайв саҳифасида пайдо бўлди. Бу эса¸ Россиядаги қирғиз муҳожирлари орасида миллат шаъни учун иддаоси билан қилинаëтган зўравонликнинг кўпайиб бораëтгани хусусида хавотир уйғотмоқда.


Кейинги пайтда Марказий Осиëдан Россияга ишлаб пул топиш учун борган муҳожирларнинг ўз аëл ватандошларини “миллат шаъни”ни ҳимоя қилиш иддаоси билан калтаклагани акс этган видеотасвирлар кўпайиб бормоқда.

Шундай видеолардан бири душанба куни Билайв вебсаҳифасида пайдо бўлди.

Қирғиз қизни кимсасиз темир йўл платформасида ушлаб олиб¸ уни ҳақорат ëмғири остида калтаклаган зўравонлар ўз “қаҳрамонлиги”ни видеотасвирга ҳам ўзлари олган ва Интернетга ҳам уни ўзлари жойлаган.

Тасвирда ўзлари акс этмайдиган ҳужумчилар¸ электричкада ўз ўлжаларига айланган “Айнагул” исмли қизни ўзбек ва тожиклар билан жинсий алоқа қилиш орқали қирғизлар номусини ерга ураяпсан¸ деган айблов билан тепкилаб ташлайди.

Тасвирдан қизнинг ўз ҳужумчиларини танимаслигини илғаш қийин эмас.

Ҳақоратли судловдан англашилишича¸ электр поездидан ҳужумчилар билан бирга тушган қиз¸ поездда қирғиз бўлмаган йигитлар билан гаплашган ва унинг бу ҳаракати “қирғиз миллатчилари” томонидан мутлақ қабул қилиб бўлмас дея баҳоланган.

Ҳужумчилар қизни¸ ўзларини кўрган ҳолда¸ ўзбек ëки тожик бўлган “бегоналар” билан дон олишиб келганликда айблайди:

- Сен қирғиз йигитларини менсимайсан-а? Сен қирғизларни менсимаганинг учун кўзимизнинг олдида бошқалар билан ўтириб келдинг. Қирғизлигимизни билиб¸ жойингдан туриб кетдинг-а? Агар ўзбек ë тожик билан юрганингни кўрсам¸ пачағингни чиқараман¸ тушундингми? деб бақириб таҳдид қилади ҳужумчилардан бири.

Зўравонлик давомида ўзининг ўзбек ëки тожиклар билан юрмаганига қайта-қайта онт ичган қиз¸ таҳқирлаш сўнггида¸ бундан кейин бошқа миллат¸ хусусан¸ ўзбеклар билан гаплашмасликка ваъда беради:

- Бундан кейин ўлсам ўламанки¸ ўзбек ë тожикдан йўл ҳам сўрамайман. Улар билан гаплашсам¸ тилим кесилсин¸ деб ëлворади ҳужумчиларга қирғиз қизи.

Ўзини Айнагул деб атаган қирғиз қизининг таҳқирлангани акс этган бу видеоролик март ойидан бери Россиядаги қирғиз аëлларининг ўз миллатдошлари томонидан таҳқирлангани тасвирланган видеоларнинг навбатдагисидир.

Йил давомида Интернетга қўйилган бундай видеолардан бирида қирғиз қизни ўз миллатдоши қирғиз бўлмаган танишига SMS ëзгани учун ваҳшийларча калтаклангани акс этади. Метрода бошланган бу зўравонлик давомида қиз яшайдиган квартиранинг қирғиз хўжайини ва унинг шериклари ҳам қизни уриб¸ бўғишда иштирок этади ва бу ваҳшийлик ҳам қирғиз миллати номусини ҳимоялаш иддаоси билан тақдим этилади.

Озодлик мухбири қидириб топган бу қизнинг айтишича¸ зўравонлик сўнггида ҳужумчилар уни зўрлашган ва ҳозирда у ҳужум юзасидан жиноий иш қўзғашни сўраб полицияга мурожаат қилган.

Ўзини “қирғиз ватанпарварлари” деб атаëтган бу жиноятчиларнинг мазкур ҳужумларни якка шаклда ëхуд уюшган тарзда амалга ошираëтганига оид маълумот йўқ.

Бундай видеороликлар Қирғизистон ичкарисида жиддий эътирозларга сабаб бўлмоқда. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги бундай ҳужумларни “қўрқоқлар иши” дея кескин қоралади. Ҳозирча ҳужумчилар кимлиги номаълум қолаëтгани¸ ҳужум қурбонларининг уларга қарши кўрсатма беришдан қўрқитилгани боис¸ улар жиноятлари жазосиз қолмоқда.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Эрнис Осмонбаевнинг Озодликка айтишича¸ Бишкек ҳукумати Россиядаги тегишли тизимларга видеолар юзасидан тергов ўтказишни сўраб мурожаат қилган.

“Биз россиялик ҳамкасбларимизнинг ҳужумчилар шахсини аниқлашда ëрдам беришларига умид қилаяпмиз”¸ дейди қирғиз расмийси.

Расмий маълумотларга кўра¸ иш излаб хорижга кетаëтган қирғизлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда ва уларнинг аксарияти Россияга йўл олмоқда. Россиядаги 600 мингга яқин қирғиз муҳожирининг 40 фоизга яқинини хотин-қизлар ташкил этиши тахмин қилинади.

Бу хотин-қизларнинг аксарияти эса¸ биринчи навбатда¸ ўз миллатдошлари ва яқинлари томонидан қилинаëтган зўрлик ва зўравонлик нишонига айланган.
XS
SM
MD
LG