Линклар

Ўзбекистонга пиротехника олиб кириш расман тақиқланганига қарамай, Янги йил яқинлашган сари Тошкент бозорларида яширинча сотилаётган “пақилдоқлар” нархи ошиб бормоқда.


Хабарларга қараганда, 2013 йил давомида Ўзбекистон Божхона хизмати постларида 50 минг дона турли кўринишдаги пиротехника маҳсулотлари қўлга туширилиб мусодара қилинган. Ўзбекистонга пиротехника олиб кириш расман тақиқланганига қарамай, Янги йил яқинлашган сари Тошкент бозорларида яширинча сотилаётган “пақилдоқлар” нархи ошиб бормоқда.

"Чорсу" бозоридаги дўконлардан бирида ишлайдиган Адҳамжоннинг Озодликка айтишича, Янги йил яқинлашган сари пиротехника воситалари овози тез-тез қулоққа чалинмоқда:

- Бир-бир овозини эшитиб турибмиз. Лекин “Чорсу”нинг қаерида сотилаётганини аниқ билмайман. Бир хил пайтда беркитиб сотишади. Ҳозир бу нарсага строгий қаралади. Лекин ушлаб олса, мусодара қилиб ташлайди бу нарсани. Мелисала бунга қаттиқ қарайди, дейди Адҳамжон.

Одамлар пиротехника воситаларини “пақилдоқ”, “салют” ёки “бомбочка” деб атайди.

Озодликнинг “Чорсу” бозоридаги бошқа манбасига кўра, шу кунларда яширинча сотилаётган битта “бомбочка”нинг нархи 5500 сўмга чиққан. Қиммат бўлишига қарамай, улар ҳар доим ҳам топилавермайди.

Манбага кўра, “Чорсу” бозорида яширинча пиротехника сотаётганлар мўмай даромад кўрмоқда.

Ўзбекистонга пиротехника олиб кириш бир неча йил олдин тақиқланганига қарамай, Адҳамжонга кўра, байрам арафасида ёшлар орасида жуда харидоргир бўлиб кетадиган бу маҳсулот мамлакатга турли йўллар орқали яширинча олиб келинади:

- Хитойдан яширинча олиб келинади. Постдан ўтиб кетган бўлса, бекитиб сотаётган бўлиши мумкин. Таможняда бу нарсага қаттиқ қаралади. Ҳозир бу контрабанда маҳсулотлари рўйхатига киритилган. 2-3 йилдан бери бу нарсага қатъий эътибор берилмоқда. Илгари янги йилдан олдин роса пақиллатишарди. Болалар яраланиб касалхонага тушганидан кейин бу нарсани олиб келишни тўхтатиб қўйишди. Пожарнийлар ҳам янги йил олдидан буни назорат қилиб юрибди,
дейди “Чорсу” бозоридаги тадбиркор.

Айни пайтда, Ўзбекистон бўйлаб ёнғинга қарши ойлик ўтказилмоқда.

12uz.com ахборот порталининг 18 декабрь кунги маълумотига кўра, тадбир давомида тахминан 25 мингта корхона ва идора, шунингдек, 1 миллион 790 мингта турар жой биноларида ёнғин хавфсизлиги бўйича текширувлар ўтказилган.

Натижада, ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилган 188 мингта ҳолат аниқланиб, мутасадди шахслар огоҳлантирилган:

- Дўконларга кириб ўт ўчириш мосламалари, электр қурилмаларни текшириб юришибди. Уларга бориб печкаларнинг аҳволини текширишяпти. Бутун Республика бўйлаб хонадонларга ва ишхоналарга ҳам тегишли бу тадбир, деди Чорсу бозоридаги тадбиркор Адҳамжон.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG