Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:20

Фоиз эвазига пул нақдлаштириш судхўрлик экани масжидларда уқтирилмоқда


Банкоматларда пулнинг йўқлиги мижозларни айланма йўллар орқали иш битиришга мажбур қилмоқда
Банкоматларда пулнинг йўқлиги мижозларни айланма йўллар орқали иш битиришга мажбур қилмоқда
Ойликлари пластик картага ўтказилган намаганликлар банкоматларда пул йўқлиги боис, пулини махсус тужжорларга ҳақ бериб, нақдга айлантирмоқда.

Бу маълумотни Озодликка жўнатган ва ўзини “Озодликнинг наманганлик мухлиси", деб атаган блоггерга кўра¸ тужжорлар ўз хизмати учун пластик картадан чиқариб олинган умумий сумманинг 20 фоизи миқдорида “ҳақ” олмоқда.

Озодликка мақола жўнатган блоггер¸ Наманган вилояти диний идорасида ишлайдиган қўшнисига таяниб, "Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Алимов пластикдан пул нақдлаштиришни судхўрлик деб фатво берди” деб ëзди.


Наманганлик блоггернинг ëзишича¸ аксарияти тақводор ҳисобланадиган маҳаллий аҳоли нақдга айлантирган пулидан 20 фоизидан айрилиш баробарида судхўрликка шерик бўлганидан хижолат ҳам бўлмоқда.

Бу мақола ортидан Озодлик мухбири Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фатво бўлими билан боғланди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур Озодлик билан суҳбатда пластикдан пул чиқариш билан боғлиқ жараëнга диний нуқтаи назардан изоҳ берди:

- Аввало шуни айтиш керакки, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси пластикдан пул ечиш борасида фатво чиқармаган. Аммо мусулмонларнинг бу борадаги саволларига оғзаки жавоб бериш жараëнида пластикдан пул нақдлаштиришнинг судхўрлик экани тушунтирилмоқда. Ўзбекистон қонунларида ҳам жиноят ҳисобланган бу ҳолат диний нуқтаи назардан қаралганида рибо бўлади. Бу аниқ. Фатво кўпинча бир масалада иккиланиб турилган ҳолатда чиқарилади. Пластикдан фоиз эвазига пул чиқариб олишнинг судхўрлик экани кўриниб тургани боис махсус фатвога зарурат йўқ, деди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдош Наманганда пластик карта ҳақида тарқалган гапларга ҳам муносабат билдирди:

- Биз ҳам эшитганмиз. Ўн беш ëки йигирма фоиз эвазига пластикдан нақд пул чиқариб берилиши ҳақидаги гапларни оғзаки суҳбатларда эшитганмиз. Биздан сўраб туришади. Биз доимо ўз насиҳатларимизда бу ҳолатнинг рибо экани ва қонуний жиҳатдан ҳам бу иш учун жавобгарлик борлигини айтиб келамиз. Ўтиш даври мураккабликларидан фойдаланиб, аҳолини пулини ўмараëтганларни доимо қоралаймиз, деди шайх Абдулазиз Мансур Озодлик билан суҳбатда.

Озодликка маълум бўлишича¸ масжидлардаги амри маъруфларда пластикдан фоиз ҳисобига пул чиқариб берувчилар қораланмоқда.

Айни пайтда вилоятдаги дўкон ва хизмат кўрсатиш шоҳобчаларида терминалларнинг камлиги¸ банкоматларда нақд пул йўқлиги каби тамал муаммолар ҳақида масжидлардаги имом-домлалар гапирмаяпти.

Ўзбекистон банкларида ишлайдиган ва ўзи исми айтилишини истамаган молия мутахассисининг фикрича¸ фоиз эвазига одамларга пластикдаги пулини нақдлаб берувчиларнинг айби иккинчи даражалидир:

- Бу соҳадаги бош айбдор банк тизимидир. Банк мижозга оид пулни пластикка ўтказар экан¸ уни мижоз истаган онида нақдлаштириш имконини ҳам яратиши керак. Масалан, сиз айтган Наманган вилоятида нафақа ва ойлик маошларининг 90 фоизи пластикка ўтказилган, дейлик. Агар таққосласак Наманганда қанча магазин ëки бозорда неча фоиз терминал бор? Ëки банкоматлар сони нечта? Банкоматларда нега пул йўқ? Бу масалалар учун биринчи давлатда банк тизими жавобгар¸ дейди тошкентлик банки ходими.

Суҳбатдошга кўра¸ мамлакатда нақд пул тақчиллиги йил сайин кучаймоқда – давлат ғазнасидан ойлик¸ пенсия¸ болалар ва ногиронлик нафақалари оладиганлар қўлига берилаëтган нақд пули чўғи йил сайин камайиб¸ баъзи муассасаларда бу тўловларнинг 100 фоизи пластик карточкага ўтказилмоқда:

- 2013 йил охирига келиб пластик карта орқали тўлов имкони чекланганича қолгани учун бу карталардаги пулларни коммунал тўловлардан қарздорлик иддаоси билан кўп жойларда музлатиб қўйиш кенг тус олди. Бу ҳолатда нақд пулни фоиз эвазига пластикдан чиқариб берувчи даллолларнинг иши юришади¸ дейди суҳбатдош.
XS
SM
MD
LG