Линклар

logo-print

Кейинги 11 йил ичида хорижга чиққанлар ëппасига текширилмоқда


Ўзбекистонда ишсиз қолганлар чет элга кетиб ишлашни орзу қилишади

Ўзбекистонда ишсиз қолганлар чет элга кетиб ишлашни орзу қилишади

Тошкент маҳаллаларида ички ишлар ходимлари рейд ўтказиб, 2002 йилдан 2013 йилгача чет элга чиққанларнинг ҳар биридан тушунтириш хати ëздириб олишмоқда.

Рейд давомида милиция ходимлари аҳолидан кейинги 11 йил мобайнида қайси мамлакатга ва нима сабабдан саëҳат қилгани ҳақида тушунтириш хати ëздириб олган.

Озодлик билан суҳбатлашган милиция ходимларидан бири бундай кўрсатма бир муддат аввал берилганини айтди.

Тошкентдаги Қўйлиқ мавзеида ўтказилган "облава"лардан бирига гувоҳ бўлган 36 яшар Жалолиддиннинг Озодликка айтишича,

19 декабрь эрталаб соат 8 дан бошлаб Қўйлиқ массивида ИИБ ходимларининг катта гуруҳи рейд ўтказишган.

Тушунтириш хатида чет элга ким тарафидан чақирилгани ҳақида ҳам аниқ кўрсатилиши шарт бўлган.

Жалолиддиннинг айтишича¸ текширув мобайнида Тошкентда қайддан ўтмаганлар ҳам аниқланиб¸ улар автобусларда “Панелный” мавзеидаги ҳибсхонага олиб кетилган.

Тошкентдаги Озодлик манбаларига кўра¸ бундай кўламдаги текширувлар Чилонзор туманида ҳам ўтказилган.

Чилонзор тумани ички ишлар бўлимидаги Озодлик манбасининг маълум қилишича¸ участка нозирларига кейинги 11 йил ичида Россия ва Қозоғистонга борган фуқароларни хатга тушириш (учëтга олиш) бўйича кўрсатма берилган.

"Бу кўрсатма Ўзбекистон фуқароларининг миграция оқимини ўрганиш мақсадида берилган"¸ деди Чилонзор тумани ички ишлар бўлимидаги Озодлик манбаси.

Озодлик манбасининг айтишича¸ Жанубий Кореяга бораëтганлардан кўра¸ Россия ва Қозоғизстонга бориб келаëтган фуқаролар борасида ноаниқликлар кўп бўлгани учун бу текширувлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон кучишлатар тизимларига яқинлиги айтиладиган Uzmetronom.com нашрининг ëзишича¸ чет элга саëҳат қилганлардан тушунтириш хати олиб¸ улар борасида батафсил рўйхат тузиш кўрсатмаси Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати тарафидан берилган.

Айни нашрга кўра¸ Ўзбекистон ҳукумати мамлакат ташқарисидаги меҳнат мухожирларининг аниқ сонини билиш мақсадида кенг қамровли тафтиш бошлаган.

Чилонзор тумани ички ишлар бўлимидаги Озодлик манбасининг маълум қилишича¸ 2002 йилдан 2013 йилгача чет элга чиққанлардан олинган тушунтириш хатларидаги маълумотлар компютердаги махсус тизимга солинади.

Суҳбатдошга кўра¸ бу маълумотлар одам савдосига қарши кураш дастурини такомиллаштириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон ташқарисидаги меҳнат муҳожирларининг сони ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Норасмий маълумотларда Ўзбекистон ташқарисида 5 миллиондан 8 миллионга яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожири борлиги иддао қилинади.

Бу муҳожирлар аксариятининг Россия¸ Қозоғистон ва Жанубий Кореяда экани ҳақида маълумотлар бор.

Россия Федерацияси Миграция хизмати бошлиғи Константин Ромодановский келтирган рақамларга кўра, 2010 йил давомида Россияга кириб келган 5 миллион меҳнат муҳожиридан 1,2 миллиони – ўзбекистонликдир.

Федерал миграция хизмати бошлиғининг айтишича, Россияда ишга рухсатнома олиш бўйича мурожаат қилишда Ўзбекистон фуқаролари пешқадамлик қилмоқда: умумий ҳисобдан улар 34 фоизни ташкил қилган. Иккинчи ва учинчи ўринни Тожикистон ва Украина эгаллаб келмоқда.

Россия Марказий Банкининг маълумотларига кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари 2012 йили ўз ватанларига 6 миллиард долларга яқин пул юборишган.

АҚШ Марказий Разведка бошқармаси ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2012 йилда 51 миллиард доллардан сал кўпроқ бўлган.

Бу рақам биргина Россиядан меҳнат муҳожирлари юборган маблағ Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 10 фоиздан кўпроғини ташкил этиши ва пахта¸ газ экспорти даромадидан кўпроқдир¸ деган хулосани беради.

Озодлик манбаларининг айтишича¸ ташқарига чиқиб кетаëтган ўзбекистонликлар кўпайиб бораëтгани боис¸ ҳукуматда бу ҳолатни таҳлил қилишга эҳтиëж туғилган.

Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра¸ Ўзбекистондаги банклар мамлакат ташқарисидаги меҳнат муҳожирларидан келаëтган пул маблағлари борасидаги батафсил маълумотларни МХХга етказиш борасида мажбурият олган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG