Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:54

Прокурор Эшдавлат Жўраев Сурхондарё ҳокими этиб тайинланди


Сурхондарë вилояти ҳокими этиб тайинланган Эшдавлат Жўраев Ўзбекистон Бош Прокуратураси Ички ишлар вазирлиги органларида қонунлар ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.
Сурхондарë вилояти ҳокими этиб тайинланган Эшдавлат Жўраев Ўзбекистон Бош Прокуратураси Ички ишлар вазирлиги органларида қонунлар ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 19 декабрь кунги фармони билан Жўраев Эшдавлат Турсунович Сурхондарё вилояти ҳокими этиб тайинланди.

19 декабрь куни Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг сессияси бўлиб ўтгани, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов қатнашган сессияда вилоят ҳокими Нормўмин Чориев хизмат вазифасидан озод қилингани тўғрисида аввалроқ хабар берган эдик.

Сурхондарё вилояти ҳокими этиб 2012 йилнинг 15 июнида Президент Каримов фармони билан тайинланган Нормўмин Чориев давлат раҳбарининг 19 декабрь кунги бошқа бир фармони билан хизмат вазифасидан озод қилинди.

Сурхондарë вилоят ҳокими этиб тайинланганига қадар Эшдавлат Жўраев Ўзбекистон Бош Прокуратураси Ички ишлар вазирлиги органларида қонунлар ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.

Асли музрободлик бўлган Эшдавлат Жўраев муқаддам Қашқадарë вилоят прокурори лавозимида ҳам ишлаган.

Қарангчи, ким келдийкин?

Сурхондарё вилоят ҳокимлигидаги Озодлик манбасининг айтишича, вилоятнинг
янги ҳокими Эшдавлат Жўраев шу вилоятнинг Музробод туманида туғилган.

Ҳокимлик вазифасига тайинлангунига қадар Жўраев республика Бош прокуратураси Ички ишлар вазирлиги органларида қонунлар ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Сурхондарёнинг янги ҳокими бундан бир неча йил муқаддам Қашқадарё вилояти прокурори бўлиб ишлаган.

Қаршилик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, ҳозирда сиёсий муҳожир Тўлқин Қораев Жўраев тўғрисида бундай деди:

- Эшдавлат Жўраев 2005 йили Қашқадарё вилоят прокурори эди. Мен нафақат журналистика, балки инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан ҳам шуғулланганим учун прокуратурага кўплаб хатлар ёзганман. Лекин у кишининг қабулида бўлган эмасман. Чунки қабулида бўлиш камдан-кам одамга насиб қилар эди. Шаҳар прокурори қабулига кирса бўлар эди. Лекин вилоят прокурори қабул қилмасди.

Тошкентлик бир таҳлилчи, Эшдавлат Жўраевни шахсан танимагани учун исмини айтмаслигимиз шарти билан масалани умумий тарзда шарҳлашга розилик берди.

У прокуратура ходимининг вилоят ҳокими лавозимига тайинланишини шарҳлар экан, “бу воқеада ҳеч қандай фавқулоддалик йўқ, чунки кейинги пайтларда куч ишлатар идоралар ходимларини маҳалла раислигидан тортиб ҳокимликкача тайинланаётганини ҳамма кўриб-билиб турибди”, деди.

Таҳлилчи фикрича, “Сурхондарё ҳокими этиб, бас, прокурор тайинланган экан, демак, бу вилоятда айнан прокурор кўзи билан кўриб чиқилиши лозим бўлган ишлар кўп”.

- Лекин масаланинг бошқа бир муҳим жиҳати бор. Вилоят ҳокими хўжалик юритишни биладиган мутахассис бўлиши керак. Бир умр прокурорлик қилган одам бу ишни уддалай оладими? деди Озодлик саволига савол билан жавоб берган таҳлилчи.

Келдию кетди

Аввал Сариосиё тумани ҳокими бўлиб ишлаган, 2011 йил 2 декабридан бошлаб вилоят ҳокими вазифасини бажариб келган Нормўмин Чориев Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимида 18 ою 4 кун ишлади холос.

Вилоят ҳокимлиги расмий сайти маълумотларига қараганда, Чориевнинг ишдан кетиши белгилари йўқ эди.

Ҳар ҳолда, бундан 12 кун олдин -7 декабрь куни Халқ депутатлари вилоят ва Термиз шаҳар Кенгашларининг қўшма сессияси бўлиб ўтган, унда Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг раиси ва айни пайтда вилоят ҳокими Н.А.Чориев иштирок этган, сессияда “Термиз шаҳридаги кўп қаватли уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини қиш мавсумидан беталофат чиқариш учун 90 кунлик сафарбарлик эълон қилиш тўғрисида”ги масала муҳокама этилган эди.

Ҳар галгидай Термиз йўллари ёпилди

Озодлик манбаларига кўра, Ўзбекистон президентининг Сурхондарё вилоятига қилган сафари чоғида туманлардан Термиз шаҳрига элтадиган барча йўлларда ҳаракат тўхтатиб қўйилди.

Президент топшириғи билан икки четидаги уйлар бузилиб, ўрнига “замонавий уйлар” қурилаётган Термиз шаҳрининг Акмал Икромов кўчасида истиқомат қилувчи аёл 19 декабрь кунги вазиятни тасвирлар экан,

- Бугун эрталабдан бизнинг кўча, тўсиб қўйилди. Суриштирсам, президент келди, дейишди. Нега келганини билганим йўқ, деди.

Сурхондарё вилоят ҳокимлигидаги Озодлик манбасининг айтишича, Ўзбекистон Президенти 19 декабрь куни Тошкентга қайтди ва вилоят марказидаги ҳаёт яна ўз изига тушиб олди.
XS
SM
MD
LG