Линклар

logo-print

Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакатдаги порахўрлик билан боғлиқ тергов жараёни ва оммавий ҳибсларни “ўз ҳукуматига қарши уюштирилган жирканч амалиёт” деб атади.



Туркияда порахўрлик билан боғлиқ шов-шувли ҳибслар ортидан Эрдўғон мамлакат полициясининг беш нафар бошлиғини хизмат лавозимини суистеъмол қилганликда айблаб, лавозимидан бўшатди.

Истанбул Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ҳусайн Чопқин ҳам лавозимидан айрилганлар орасида.

Истанбул ва Анқара шаҳарларида ўтказилган кўламли амалиётлар доирасида ўтказилган ҳибслар Эрдўғон ғазабига дучор бўлди.

Порахўрлик билан боғлиқ тергов жараёнида ҳаммаси бўлиб 52 киши, жумладан мамлакат Ички ишлар вазири, Молия вазири ва Атроф-муҳит вазири ўғиллари ҳибсга олинди.

Улар орасида туркиялик йирик тадбиркор ва сиёсатчилар¸ ҳамда Истанбулнинг Фотиҳ тумани маъмурияти бошлиғи Мустафо Демир ҳам бор.

Полиция, шунингдек, Туркиянинг энг йирик банкларидан бири саналган “Халқ банки”нинг Анқарадаги бош қароргоҳида ҳам рейд ўтказиб, ушбу банк раҳбари Сулаймон Аслонни ҳам ҳибсга олди.

Унинг уйида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ўтказган тинтув пайти пойафзал қутиларига жойланган 4¸5 миллион доллар нақд пул топгани ҳақда Туркиядаги “Дўғон” ахборот агентлиги хабар берган эди.

Таниқли туркиялик иш одами Али Оғаўғлига тегишли қурилиш ширкати қароргоҳида ҳам рейдлар ўтказилди.

Турк матбуотига кўра, ҳибсга олинган шахслар Истанбулнинг Фотиҳ туманида қурилиш бўйича ўтказилган давлат тендерларини қўлга киритиш учун порахўрликка қўл урганликда гумонланмоқда.

Ҳибслардан ғазабга келган Эрдўғон буни ўз ҳукуматига қарши уюштирилган фитна деб атади:

- Биз ҳар қандай сиёсий фитнага жим қараб турмаймиз, деди Эрдўғон.

Лавозимидан олинган полиция бошлиқлари АҚШда яшовчи турк уламоси, "Нурчилар" ҳаракати раҳнамоси Фатҳуллоҳ Гулан билан тил бириктирганликда айбланмоқда.

Гулан АҚШда фаолият қилишига қарамай¸ Туркиядаги сиёсий жараёнларга ўз таъсирини ўтказишга ҳаракат қилиб келади.

Айни пайтда, Туркия Бош вазири мувоини Булант Оринж ҳукумат порахўрлик билан боғлиқ холис тергов ўтказилишига тўсқинлик қилмайди, деб баëнот берди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG