Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:21

Болалар шифокори тақчиллиги “бэби бунт”га сабаб бўлмоқда


Урганчлик 28 ёшли йигит падаркушлик қилди. Демократик партия расмийси депутатларни сусткашликда айблади. Исловотхона очган аёл беш йилга кесилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.


“Демократик партия вакили депутатларни сусткашликда айблади”

Ўзбекистон халқ демократик партияси Жиззах вилоят кенгаши раиси Мўътабар Каримова фуқароларни безовта қилаётган ижтимоий масалаларни муҳокамага олиб чиқишда сусткашликка йўл қўяётган депутатлар ва маҳаллий партия ташкилотлари раҳбарларини танқид қилди (“Ўзбекистон овози”, 19 декабр).

Партия вакилига кўра, мавжуд муаммолар ечими юзасидан чуқур ўйланган аниқ таклифлар ишлаб чиқишда фаоллик етишмаётир. “Биз партия электорати манфаатларига жавоб берадиган қарорлар қабул қилинишига, уларнинг ижроси изчил таъминланишига эришмоғимиз керак. Қонунлар ижросига панжа орасидан қараётган, ижтимоий масалаларни ҳал этишни пайсалга солаётган айрим мансабдорлар фаолиятига ўз вақтида танқидий баҳо беришимиз зарур” деган демократик партия Жиззах кенгаши раиси М.Каримова.


“Урганчлик йигит ўз отаси жонига қасд қилди”
Хоразм вилояти Урганч тумани Ю.Саидов кўчасида яшовчи, 1985 йилда туғилган Бекзод Бекмуродов отаси Икром Бекмуродовнинг ҳаётига зомин бўлди (“Инсон ва қонун”, 17 декабр).

Қотиликка оилавий жанжал сабаб бўлгани маълум қилинган. Бекзод Бекмуродов укаси Шерзод Бекмуродов билан тортишиб қолади, жаҳлдан ўзини йўқотган йигит укасини йиғма пичоқча билан жароҳатлайди. Сўнгра ошхона пичоғини олиб унга ташланади. Кўзи қонга тўлган Бекзод уларни ажратмоқчи бўлган отаси, 50 ёшли Икром Бекмуродовни чавақлаб ташлайди. Айтилишича, отасини ўлдирган, укасини жароҳатлаган йигитга “тегишли жазо” берилган.


“Янги йил арафасида хавфсизлик чоралари кучайтирилди”
Ўзбекистонда Янги йил байрами яқинлашиши муносабати билан хавфсизлик чоралари оширилди, ички ишлар ходимлари кучайтирилган тартибга ишлашга ўтди (“Тошкент оқшоми”, 18 декабр).

Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Раҳмат Маматов маълум қилган. Вазир ўринбосарига кўра, мамлакат бўйлаб “Тозалаш – антитеррор” тадбири ташкил қилиняпти, паспорт-виза қоидаларига амал қилиш юзасидан назорат-текширув рейдлари ўтказиляпти.

Полковник Маматовнинг айтишича, пиротехника воситалари кириб келишига қарши курашиш доирасида чегара ҳудудларда ҳаракатланаётган автомашина ва йўловчилар, чегаралар яқинида жойлашган дўкон ва савдо расталари, хонадон ва иншоотлар текширувдан ўтказиляпти.


“Исловотхона очган аёл беш йилга кесилди”
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “Саодат” кўп тармоқли корхонаси раҳбари Ж.Утегеновага нисбатан фоҳишахона очгани учун жиноий иш қўзғатилди (“Ҳуқуқ”, 19 декабр).

Прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Қорақалпоғистон бошқармаси раҳбари Ж.Шаниязовга кўра, хусусий корхона эгаси ўзига тегишли кафеда исловотхона очиб, бир неча аёлни ишлатиб келган.

Газета хабарига кўра, исми ошкор этилмаган урганчлик аёл ҳам айни шу фаолияти учун жавобгарликка тортилган. 10 га яқин қизни танафурушликка ёллаган исловотхона эгаси Жиноят кодексининг 130, 131 ва 135-моддаларига мувофиқ беш йилга озодликдан маҳрум этилган.


“Педиатрлар бўшатилди. Энди болаларни ким даволайди?!”
Ўзбекистондаги поликлиникаларда педиатр штатларининг қисқариши туфайли болаларни даволаш билан боғлиқ муаммолар юзага келмоқда (“Новый век”, 19 декабр).

Поликлиникалар бюджетини тежаш мақсадида педиатрлар бўшатилиб, уларнинг вазифаси терапевтлар зиммасига юкланган. Натижада касалликлар авж оладиган қишки мавсумда терапевтларга узундан-узоқ навбатлар юзага келмоқда, чинакам “бэби бунт” рўй бермоқда.

Беморлар кўплиги сабабли шифокорлар уларни юзаки кўздан кечириб, нотўғри ташхис қўйиши кузатилмоқда. Асосан катталарни даволашга ихтисослашган терапевтларнинг болалар психологиясини тушунмаслиги кўзга ташланмоқда.

Газетага кўра, тиббий хизматлар фақат қоғоздагина бепул бўлиб қолмоқда, амалда эса беморлар “миннатдорлик рамзи сифатида” чўнтак кавламаса, сифатли муолажага умид қилмаса ҳам бўлади.


“Самарқандда муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотлари сотилмоқда”
Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги қатор дўконларда яроқлилик муддати ўтиб кетган ширинлик ва сут маҳсулотлари сотилмоқда (“Бозор ва истеъмолчи”, 18 декабр).

Газета мухбирлари тумандаги қатор озиқ-овқат дўконларига харидор қиёфасида кириб, эскирган маҳсулотлар пештахтадан олиб қўйилиш ўрнига, тап тортмай пулланаётганини аниқлашган. Масалан, “Умидбек Зарифжон Файз саховати” фирмаси ишлаб чиқарган муддати ўтган сут маҳсулотлари Жомбойнинг ўнлаб дўконида сотилаётгани маълум бўлган. Журналистлар маҳсулот ёрлиғидан кўрсатилган манзилни излаб бориб, “Умидбек Зарифжон Файз саховати” фирмасини топишолмаган.


“Наманганда фермерлар “нозик жойи”ни биладиган фирибгар ушланди”
Наманган вилояти Норин туманида бир қанча фермерни чув туширган Шамшиддин Султонов қўлга олинди (“Диёнат”, 19 декабр).

Устамон сифатида таърифланган Султонов тумандаги фермер хўжаликларидан айб топиб, бу ҳақда ҳуқуқ идораларига хабар бермаслик эвазига улардан пул талаб қилган.

Масалан, фермер О.Исмоновни шу тариқа қўрқитиб 1,4 миллион сўмини тортиб олган. Бундан ташқари, яна бир қатор фермерлардан товламачилик йўли билан пул ундирган Султоновга 5 йилу 2 ой қамоқ жазоси тайинланган.

“Мерседес” автобуси ижараси соатига 45 минг сўм”
“Тошшаҳартранс хизмат” уюшмаси фуқаролар ва ташкилотларга тўй ва маросимлар учун “Мерседес Бенц” ва “Исузу” автобусларини соатбай ижарага бериш хизматини йўлга қўйди (“XXI аср”, 19 декабр).

“Исузу” учун соатига 25-38 минг сўм, “Мерседес” учун эса 35-45 минг сўм хизмат ҳақи олинади. Хабар берилишича, мижоз транспорт воситасига интернет орқали ҳам буюртма бериши мумкин. Бунинг учун ширкати сайтига уч кун олдин сўровнома йўллаш керак бўлади.
XS
SM
MD
LG