Линклар

Ходорковский озод этилди ва Россияни тарк этди


Қамалгунига қадар Михаил Ходорковский Владимир Путин режимининг асосий рақиби ҳисобланган.

Қамалгунига қадар Михаил Ходорковский Владимир Путин режимининг асосий рақиби ҳисобланган.

10 йилдан ошиқ вақтни қамоқда ўтказган бизнесмен ва Путин мухолифи Михаил Ходорковский Карелиядаги қамоқхонадан озодликка чиқди. Жаноб Ходорковский касал онасини кўриш учун авф эшитни сўраб Путинга мурожаат қилганини айтди, аммо у пушаймонлик билдирмади ва унга қўйилган айбларни тан олиб, уларга иқрор бўлмади.

20 декабр куни эълон қилинган баёнотдан Михаил Ходорковский жумладан "айбни тан олиш масаласи кўтарилган йўқ", деб айтди.


Озод этилганидан бир неча соат ўтиб Ходорковский Берлин аэропортида Германия Ташқи ишлар вазири Ханс-Дитрих Геншер томонидан кутиб олинди.

Германия Канцлери Ангела Меркелнинг айтишича, Геншер саҳна ортида Ходорковскийнинг озод этилиши учун жуда кўп ҳаракат қилган.

Меркел: "Мен унинг (Ходорковскийнинг) озодликка чиқиши ортидаги сабабларга тўхталмоқчи эмасман. Аввалам бор уни эсдан чиқармаганимиз ва бу муаммога диққатимизни қаратиб келганимиз муҳим эди. Унинг озод бўлиши учун имконият пайдо бўлиши биланоқ бу имконият қўлдан бой берилмади"

Владимир Путин пайшанба куни Михаил Ходорковскийни авф этиш ниятида эканини эълон қилар экан, мазкур қарор гуманитар прициплар асосида, Ходорковскийга бетоб онасига қарай олиши учун қабул қилинишини билдирди.

Қамоқхона маъмуриятининг баёнотида Ходорковский Германияда даволанаётган онасининг олдига бориш учун мамлакатни тарк этишга рухсат олганини айтилган.

Ходорковскийнинг онаси Марина Филипповна ўғлининг озод бўлаётгани ҳақидаги хабар унинг учун кутилмаган бўлганини айтди.

3 ўғил ва бир қизнинг отаси Михаил Ходорковский барча оила аъзолари билан Германияда учрашадиган бўлди.

Ходорковскийнинг адвокатлари ЮКОСнинг собиқ раҳбари авф этишни сўраб, мурожаат қилгани тўғрисидаги иддаоларни инкор қилди.

Ходорковский 2003 йилда Россия сиёсатида фаоллашишидан кўп ўтмай ҳибсга олинган ва солиқдан бўйин товлашда айбланиб, 2005 йилда қамоққа ҳукм қилинган. 2010 йилда у яна бир бор судланиб, ўз ширкатидан нефт ўғирлаганликда айбланиб, иккинчи марта қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Ходорковскийнинг қамоқ жазоси 2014 йилнинг август ойида тугаши керак эди. У ҳеч қачон ўзига қўйилган айбловларни тан олмаган. Танқидчилар унинг қамоққа ташланишини сиёсий ўч олиш, дея баҳолаган.

Авф сўровига оид саволлар


Пайшанба куни Путин уюштирган анъанавий йиллик матбуот анжуманида пичоққа илинадиган, шов-шувли баёнотларни қилмади. Бирор жўяли жавоб ололмаган журналистлардан бири матбуот анжуманидан чиқиб бораётган Владимир Путиндан қамоқда ётган Михаил Ходорковский тақдири билан қизиқди.

Путин берган жавоб портлаган бомба каби оммавий ахборот воситаларида тарқай бошлади:

- Ходорковский масаласида... Биласизки, Михаил Борисович қонунга мувофиқ авф сўраб мурожаат қилиши керак эди. У бу ишни қилмади. Лекин яқинда у бундай ҳужжатни ёзиб, менга авф этиш илтимоси билан мурожаат қилди. У озодликдан маҳрум этиш муассасаларида 10 йилдан ортиқ вақтини ўтказди – бу жиддий жазо. У ўз илтимосини онаси касал экани билан изоҳлади ва мен барча бу вазиятларни инобатга олиб тегишли қарор чиқариш мумкин, деб ҳисоблайман. Яқин кунларда уни авф этиш қарори имзоланади, деди Владимир Путин.



Путиннинг бу баёноти берилганидан бир кун ўтар-ўтмас Россия Президенти расмий сайтида “М.Б.Ходорковскийни авф этиш тўғрисида” Қарор эълон қилинди. Қарорда “инсонпарварлик тамойилларига амал қилган ҳолда” эълон қилинган кундан бошлаб кучга киргани белгиланди.

Аввалига бизнесмен Михаил Ходорковский адвокатлари ва яқинлари бундай илтимоснома мавжудлигини шубҳа остига олишди. Маҳбуснинг онаси Марина Ходорковская ҳам ўғлининг авф сўраб мурожаат қилганини президентдан эшитаётганини айтиб, “Нима бўлганда ҳам мен унинг ҳар қайси фикрини қўллаб-қувватлайман”, деди.

Айни пайтда, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков “Агарда у авф сўраб мурожаат қилган бўлса, демак бу ўз айбига иқрор бўлганидир”, дея хулоса қилиб қўйди.



Ходорковский бошқа хавфли эмасми?

Бу янгиликдан хабар топган кузатувчилар ва журналистлар Путин, кутилмаганда, ўзининг асосий рақиби саналган Ходорковскийни озодликка чиқариши сабабларидан баҳс қилмоқда.

Ходорковскийга чиқарилган иккинчи ҳукм бўйича қамоқ муддати 2014 йилнинг 23 августида якунланиши кутилаётган эди. Халқаро ташкилотлар томонидан виждон тутқуни деб тан олинган маҳбус охиригача авф сўрашдан бош тортиб келаётган эди.

- Мен содир этмаган жиноятда ҳеч қачон ўзимни айбдор деб ҳисобламайман. Айни пайтда таъкидлаб ўтмоқчиманки, Россия Конституцияси авф бериш учун президентдан албатта судланганнинг айбига иқрор бўлишини талаб қилмайди,- деган эди қамоқдан туриб берган интервьюларидан бирида Михаил Ходорковский.

ЮКОС иши бўйича судланган собиқ юрист Светлана Бахмина Ходорковский фақат яқинларининг соғлиги ёмонлашгани туфайли авф этиш тўғрисида аризага имзо чеккан бўлиши мумкинлигини Озодликка гапиради:

- Биласизми, энг асосийси – унинг озодликка тезроқ чиқиши. Бу ерда ҳеч кимга ҳеч нарса исботлашнинг кераги йўқ. Биз биламизки, уни бундай аризага қўл қўйишига фақат яқинларининг соғлиги сабаб бўлган, бу ҳол албатта ачинарли,- деди ЮКОСнинг собиқ юристи.

Светлана Бахмина олдиндан тайёрланган сценарий бўйича бу янгилик айнан матбуот анжумани давомида эмас, балки ундан кейин қилинганини “акс ҳолда Путиннинг анжуманда айтган қолган гаплари умуман унутилиб кетиши мумкинлиги” билан изоҳлади.

“Коммерсант” нашри маълумотига кўра, Ходорковский саратонга чалинган онасининг аҳволи ёмонлашганини унинг олдига келган махфий хизмат ходимларидан эшитгач аризага имзо қўйган.

Аксар сиёсатшунослар сўнгги пайтларда Россия парламенти ва ҳукумати томонидан қабул қилинган қонунлар (“Дима Яковлев қонуни”, “Рус тили софлиги сақлаш” ва ҳок.) ва қарорлар, мухолифат кучларининг бостирилиши, олиб бораётган “зўравонлик сиёсати”, авторитар тузумларни қўллаб-қувватлаш ва шу каби амаллар Путин ҳукумати обрўсига жиддий путур етказганини таъкидламоқда.

Яна бир гуруҳ мутахассислар Ходорковскийнинг авф этилиши Владимир Путиннинг либерал сифатида бироз бўлсада ўз нуфузини тиклашга уриниш ўлароқ баҳоланмоқда.

Журналист Маша Гессен эса Ходорковскийнинг озодликка чиқарилишида АҚШ президенти Обамага раҳмат айтиш кераклигини ёзди.

“Сешанба куни Обама томонидан Қишки Олимпиадага борадиган америкаликлар делегациясининг эълон қилиниши Путинни ўз лойиҳаси учун курашишга ундади: биринчи маротаба у трибуналарда ёлғиз Украина президенти билан бирга туриб қолиши хавфи пайдо бўлди”, ёзади Маша Гессен.

Гап шундаки, 2014 йилги Сочи Олимпиадасига кела олмаслигини АҚШ раҳбари Бароқ Обамадан ташқари Франция президенти Франсуа Олланд, Германия президенти Йоахим Гаук, Европа Иттифоқи вице президенти Вивиан Рединг, Литва президенти Даля Грибаускайте, Эстония президенти Тоомас Ҳендрик Илвес, Польша раҳбари Бронислав Комаровскийлар маълум қилган.

Ҳуқуқшунос Станислав Белковский “Владимир Путин Михаил Ходорковскийни эндиликда рақиб сифатида қабул қилмаётгани боис” авф этганини таъкидлади. ЛДПР раҳбари Владимир Жириновский Ходорковский “бундан кейин ўқитувчилик, ҳатто ёзувчилик” билан шуғулланиши мумкинлигини тахмин қилди.

Интерфакс агентлигининг Карелиядаги ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб хабар қилишича, 20 декабр куни“ соат тахминан 12:20 ларда Михаил Ходорковский колонияни тарк этди”.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG