Линклар

logo-print

“Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси Россияга газ экспорти тўхтатилганини инкор қилди. 12uz.com ахборот порталининг ширкат расмийларига таяниб билдиришича, “Ўзбекнефтегаз” хорижий ва ички истеъмолчиларга газ етказиб бериш мажбуриятларини тўлиқ бажариб келмоқда.

Айни пайтда, Ўзбекистоннинг қатор вилоятлари аҳолиси сўнгги йилларда газ ва электр тақчиллигидан шикоят қилиб келади.

“Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси матбуот хизмати Россияга газ экспорт қилиш тўхтатилгани ҳақидаги айрим Интернет нашрлари тарқатган маълумотни инкор қилди.

“Бу маълумот ҳақиқатга мос келмайди. Ўзбекистон ҳам хорижий ҳамкорларига, ҳам ички истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ бажаряпти”, дейилади 20 декабрь куни 12uz.com ахборот порталида эълон қилинган хабарда.

Ундан олдин Uzmetronom.com мустақил Интернет газетаси ўз манбаларига таяниб Ўзбекистон 17 декабрдан бошлаб Россияга экспорт шартномаси бўйича табиий газ етказиб беришни бутунлай тўхтатганини хабар қилган эди.

Манбалар буни Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетгани ва ички истеъмолчиларнинг газга бўлган талаби ортгани билан изоҳлаган.
Мустақил нашр Россияга газ экспорти тўхтатилган бир пайтда Хитойга тўхтатилмаганини ҳам ёзган.

Айни пайтда, Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида энергетик бўҳрон юзага келгани кузатилмоқда.

Сўнгги йилларда аҳоли, айниқса, қиш фаслида газ ва электр тақчиллигидан тинимсиз шикоят қилиб келмоқда.

Кўмир ёки ўтин сотиб олишга қурби етмаган одамлар уйларини иситишда турли йўллардан фойдаланмоқда.

20 декабрь куни Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидан Озодликкака қўнғироқ қилган Фароғат Тоштемирова ўзи яшаётган ҳудудда газ, электр ва хатто сув тақчил бўлгани сабабли айниқса, ёш болалар касал бўлиб, қариялар совуқдан азият чекаётганини айтди.

- Бизларнинг Мойбулоқ-Оқсой маҳалласида бир қишлоқ одам касал бўлиб ётибди. Ёш келинчак ёш боласи билан заҳарланиб ўлди. Свет бўлмагани учун, газ бўлмагани учун аҳволимиз ниҳоятда оғир. Чақалоқларимиз бор. Бечора, ўнинчида тўй қиламан девди. Кейин бир кунда заҳарланиб ўлди. Уч бола заҳарланиб, она-бола гўрга кўмилди,- деди Фароғат Тоштемирова.

21 декабрь куни Бухоро вилоятининг Бухоро туманидан Озодликка қўнғироқ қилиб ўз исми сир қолишини сўраган фуқаро ўзи яшаётган ҳудудда газ тақчиллигидан шикоят қилди.

- Бухоро шаҳридан 6 километр нарида яшаймиз. Газ умуман йўқ. 500 метр нарида юқоридаги қишлоқларда газ яхши. 20-30 йтлдан бери вазият шундай. Сабабини суриштирдик. Энди аниқ гап йўқ. Газзи ўзи кам дейдими, нима дейди. Ёзда лекин газ трубаларга сиғмайди. Ёзда газ кўпайиб кетади, -дейди бухоролик фуқаро.

Газ ва электр тақчиллиги одамларнинг кескин чоралар кўришига мажбур қилмоқда.

Самарқанд шаҳридаги Сартепа мавзесининг Хўжасоат маҳалласи хотин-қизлари газ ва чироқ йўқлигига норозилик тариқасида 5 ноябрь куни автомобил йўлини тўсиб қўйган. Бир неча кун ўтиб улар Озодликка Сартепада газ ва электр таъминоти яхшиланганини айтган эди.

Ўзбекистоннинг нефт ва газ заҳиралари ҳамда бир йилда қазиб олинган табиий бойликлар ҳақидаги расмий статистик маълумотлар тўлиқ ошкор этилмайди.

Ўзбекистондаги кўмирнинг тахмин қилинаётган заҳираси 4 миллиард 838,6 миллион тоннани, тасдиқланган заҳираси эса 1 миллиард 897 миллион тоннани ташкил қилади.

Ўзбекистонда 4-5 триллион кубометр газ заҳираси борлиги, йилига 60-70 миллиард кубометр газ қазиб олинаётгани айтилади.

Ўзбекистон газининг асосий харидорлари Россия, Хитой, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳисобланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG