Линклар

logo-print
Талабалар устидан байрам арафасида назорат кучайтирилаётгани тўғрисида хабар қилган Uzmetronom.com сайтининг ёзишича, шу кунларда пойтахт олий ўқув юртлари талабаларига махсус бланкалар тарқатилмоқда.

Бу “тилхат-маълумотнома”ни тўлдирар экан, талаба ўз зиммасига Янги Йил таътили давомида доимий яшаш жойини тарк этмаслик, алкоголли ичимлик истеъмол қилмаслик ҳамда жамоат тартибини бузмаслик масъулиятини олади, деб хабар қилди тилга олинган нашр.

Тилхат-маълумотномада, талаба ўзининг доимий яшаш жойини, телефони ҳамда ота-онасининг телефонини кўрсатиши лозимдир.

Uzmetronom.comнинг бу хабари Янги йил арафасидаги бошқа хабарлар фонида фавқулодда кўринмайди. Масалан, “Тошкент оқшоми” газетаси 18 декабрь кунги сонида "ички ишлар ходимлари кучайтирилган тартибга ишлашга ўтгани”, “мамлакат бўйлаб “Тозалаш – антитеррор” тадбири ташкил қилинаётгани тўғрисида ёзган эди.

Хабарларга қараганда, мамлакат аҳолиси устидан мавжуд тотал назоратни кучайтириш Янги Йил байрами билангина боғлиқ эмас. Озодлик Тошкент маҳаллаларида ички ишлар ходимлари рейд ўтказиб, 2002 йилдан 2013 йилгача чет элга чиққанларнинг ҳар биридан тушунтириш хати ëздириб олаётгани тўғрисида куни кеча хабар қилган эди.

Рейд давомида милиция ходимлари аҳолидан кейинги 11 йил мобайнида қайси мамлакатга ва нима сабабдан саëҳат қилгани ҳақида тушунтириш хати ëздириб олган.

Озодликка маълум бўлишича, тотал назорат нафақат мамлакат фуқаролари, балки чет эллик меҳмонлар, хусусан қирғизистонликлар устидан ҳам кучайтирилган. OzodJavob эшиттиришининг аниқлашича, Қирғизистон фуқароси Тошкентга келар экан, таниши ёки қариндошининг уйида тунаб қолиши мумкин эмас, у чет элликларни қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган меҳмонхонадагина тунаши мумкин.

Бу мавзу ва умуман Тошкентнинг ҳамма ва ҳар бир фуқаро устидан тўла назорат ўрнатишга уриниши сабаблари OzodNazar эшиттиришининг бугунги сонида муҳокама қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG