Линклар

logo-print

Қирғиз вазири қурилаётган барча энергетик иншоотлар экспертизадан ўтаётганини иддао қилди


Kyrgyzstan - Kambar-Ata GES, Kambarata, undated

Kyrgyzstan - Kambar-Ata GES, Kambarata, undated

Қирғизистон энергетика ва саноат вазири Ўсмўнбек Артиқбаевнинг айтишича, мамлакатда қурилаётган энергетик иншоотларнинг барчаси экология нуқтаи назаридан халқаро экспертизадан ўтмоқда.


Бу ҳақда вазир Артиқбаев 20 декабрь куни Бишкекда ўтказилган иқтисодий клуб йиғилишида билдирди.

- Бу масалага биз манфаатдор томонлар манфаатларига зарар етказмаган ҳолда, эҳтиёткорлик билан ёндашмоқдамиз, - деди Ўсмўнбек Артиқбаев.

Аввалроқ вазирга Ўзбекистон томонининг Қирғизистонда ГЭСлар қурилиши унинг ҳақ-ҳуқуқларини бузиш эканига баёнотлари ҳақида савол берилганди.

Бу саволга жавоб бераркан, вазир Артиқбаев Қирғизистон томони Норин дарёси бўйича зиммасидаги масъулиятни ҳис қилиши, бунинг Қирғизистонни ҳам, дарёлар қуйисидаги мамлакатларни ҳам сув билан таъминлаш нуқтаи назаридан ўта муҳимлигини тушунишини қайд этди. Айни пайтда у Тўқтўғул ГЭСи Қирғизистонни сув билан самарали равишда таъминлаш ва қуйида жойлашган мамлакатларни сув билан таъминлашни ҳисобга олиб қурилгани билан ҳам уникаллигини қистириб ўтди.

Артиқбаевнинг таъкидлашича, Қамбарота-1 ГЭСининг қурилиши якунланиб, фойдаланишга топширилиши Қирғизистон учун ҳам, Норин дарёси қуйисида жойлашган мамлакатлар учун ҳам шубҳасиз фойдалидир.

Қирғизистон энергетика ва саноат вазирига кўра, Қамбарота-1 ГЭСининг фойдаланишга топширилиши Норин дарёси сув заҳираларидан самаралироқ фойдаланиш имкониятини яратади ва қатор хавф-хатарларнинг олдини олади.

- “Сув кўп кетиб қолди ёки оз кетди” деганга ўхшаш таҳдидлар бўлмайди, - деди Артиқбаев.

Вазир Артиқбаев Россия расмийлари Қамбарота-1 ГЭСи қурилишини давом эттириш учун маблағ ажратиш қарорини тасдиқлаганини ҳам қўшимча қилди.

Ўзбек расмийлари Қирғизистонда Қамбарота-1 ГЭСи барпо этилса, бундан минтақа экологиясига катта зарар етказилишини айтиб, бу гидроиншоот қурилишига қаршилик қилиб келади.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев фикрича эса, Ўзбекистон томонини мазкур ГЭС қурилишидан хавфсиратган бошқа бир сабаб бор.

- Бу лойиҳа Қирғизистонга қандай зурур бўлса, Ўзбекистонга ҳам шунчалик муҳим. Мен Ўзбекистон нимадан қўрқаётганини биламан. Ўзбекистон раҳбарлари қандайдир сиёсий ўйинлардан қўрқмоқда. Шунинг учун ҳам мен сўнгги учрашувимизда ҳурматли Ислом Абдуғаниевичга "сизлар ҳам бу лойиҳага қўшилинглар", деб шахсан таклиф киритдим. Агар Ўзбекистон бу лойиҳага қўшилса, бу қўрқув ўз-ўзидан йўқолади, - деганди 16 декабрь куни Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида президент Алмазбек Атамбаев Қамбарота-1 ГЭСи лойиҳаси ҳақида тўхталар экан.

Айни пайтда қирғиз расмийлари шу кунгача мамлакатни энергетик қарамликдан халос қилишга эришиш бўйича катта иш қилинганини даъво қилмоқдалар.

Хусусан, энергетика ва саноат вазири Ўсмўнбек Артиқбаевнинг билдиришича, “Датқа Жануб” подстанцияси ишга туширилиши билан кейинги йилдан Қирғизистон Ўзбекистонга электр транзити учун 9 миллион долларни тўламай қўяди.

Артиқбаевга кўра, Қирғизистоннинг гидроэнергетик потенциали 140-160 миллиард киловатт/соатни ташкил қилади ва бугунги кунда бу имкониятнинг фақат 10 фоизигина ўзлаштирилган.

Вазирнинг айтишича, CASA-1000 каби энергетик лойиҳаларнинг йўлга қўйилиши ортидан Хитойга, Датқа-Кемин электр узатиш линиясининг ишга туширилиши билан эса Қозоғистон орқали Россияга энергетик йўлак (Жануб-Шимол) очилади.

XS
SM
MD
LG