Линклар

Краснодар ўлка суди Элмир Кулиевга оид Қуръон таржимасини экстремистик, деб топган қуйи суди қарорини бекор қилди. Шу йилнинг 17 сентябрь куни Новороссийск шаҳри Октябрский туман суди Россияда танилган исломшунос олим қилган "Қуръони карим маънолари рус тилига таржимаси"ни экстремистик адабиёт, деб топган ва тақиқлаган эди.


Россия Муфтийлар кенгаши тасдиғидан ўтиб, чоп этилган таниқли исломшунос олим Элмир Кулиевга оид "Қуръони карим маънолари рус тилига таржимаси"ни тақиқлаган суд қарори бекор қилинди.

17 декабрь куни Краснодар ўлка суди шу йилнинг сентябрида Октябрьский туман суди Кулиев таржимаси экстремистик адабиёт, дея чиқарган қарорни бекор қилди.

Қуръони карим маънолари таржимасининг тақиқланиши россиялик мусулмонлар орасида кескин норозилик кайфиятини қўзғаган, бир қанча йирик шаҳарларда норозилик акциялари ҳам бўлиб ўтган эди.

Краснодар ўлкаси суди масжлисида иштирок этган петербурглик имом Мунир Беюсов ўлка суди қарорини шундай изоҳлади:

- Бир неча илмли мусулмон, чиниққан тажрибали юрист қуйи суд қарори устидан аппелляция тартибида ариза ёзиб, арз қилишди ва 17 декабрь куни Краснодар суди оқлов қарорини чиқарди. Энди Элмир Кулиевнинг "Қуръони карим маънолари рус тилига таржимаси" тақиқланган китоб эмас, - деди Мунир Беюсов.

Унинг сўзларига кўра, маҳкама чоғида айблов томони хулосаси судянинг биргина саволи билан пучга чиққан.

- Новороссийск суди лингвисти Кулиев таржимасидан бир неча отяни олган. Адашмасам, Бақара сураси оятлари ҳам бор. Бу оятларда, мисол учун, мажусийлар жамоаси, жиноятчилар жамоаси ва ҳоказо, жамоалар ҳақида гап кетган. Лингвист эса диний илмга эга эмас ва у бу оятларга баҳо берар экан, уларни "ирқий камситувчи, бир жамоани бошқасидан устун қўювчи", деб топган. Шунда судя ундан сўради: "Бу хулосани қўшимча равишда динни билувчи мутахассилар ҳам кўриб чиққанми?". Улар айтишдики, йўқ. Тамом, шу билан қуйи суд ҳукми бекор бўлди, - деди судда иштирок этган Мунир Беюсов.

Унинг сўзларига кўра, Кулиев таржимасидаги Қуръон ҳимояси билан шуғулланган адвокат Мурод Мусаев лингвистлар томонидан экстремистик, деб топилган 5-6 оятни олган ва айни мазмундаги бошқа таржималардан мисол келтирган.

- Адвокат Крачковский ва Пороховаларнинг таржимасидаги Қуръондан айни оятларни келтирди. Таржималарнинг бир-биридан фарқи деярли йўқ. Чунки, бу оят. Тўғри, филологик нуқтаи назардан жузий фарқлар бўлиши мумкин, аммо мазмун бир бўлиб қолаверади. Шу боис, суднинг оқлов ҳукмидан бошқа чораси йўқ эди аслида,- дейди Беюсов.

У аслида судга гувоҳ тариқасида чақирилган эди ва унга кўра, гувоҳларнинг чиқишига ҳожат ҳам қолмаган.

Биз ундан: "Агар сизга сўз беришса, нима деган бўлар эдингиз?" деб сўрадик.

- Менга сўз беришганида мен айтмоқчи эдимки, тилшунослар тажримаси жуда қўпол хатолар билан қилинган, яъни бир томонлама ёндошилган. Битта оятни контекстдан олган ва бунинг албатта, буюртма асосида қилингани кўриниб турибди. Бундан ташқари, мен Таврот ва Инжилни қиёслаш учун экспертизадан ўтказишларини сўраган бўлар эдим. Мисол учун, Тавротда ҳам гойлар ҳақида айтилган, эътиқод қилганларнинг эътиқод қилмайдиганларга қарши жанглари ёзилган. Чунки, бу китобларнинг илдизи битта ва улар тарихий ҳужжат. Ҳеч бир ҳолатда бирор кимса бу ҳужжатларни қоралаши, боз устига, тақиқлаши мумкин эмас, - деб ҳисоблайди петербурглик имом Мунир Беюсов.

Унинг айтишича, энди адвокатлар ҳаракатдан тўхтамайди ва улар Қуръонни тақиқлаган, бу мантиқсиз ишни очган прокурорларга қарши даъво аризасини киритиш ҳаракатида.

- Менимча, бу ишнинг ортидан прокуратуранинг баъзи ходимлари жавобгарликка тортилади, - деб тахмин қилди петербурглик имом.

20 миллиондан ортиқ мусулмон истиқомат қиладиган Россияда туман судларининг мусулмонларни жунбушга солувчи бундай қарорлар чиқараётганига ҳали Кремл расмийлари муносабат билдиргани йўқ.

Россияда танилган, асли озарбайжонлик исломшунос файласуф Элмир Кулиев ўгирган "Қуръони карим маънолари рус тилига таржимаси" россиялик мусулмонлар орасида И.Ю.Крачковский ва В.М.Пороховалар ўгирган русча Қуръондан кейинги учинчи ўринда турадиган диний адабиёт сифатида тига олинади.

Қуръон маънолари таржимасини ўзаро қиёслаб ўрганган ва шу боис, Кулиев таржимаси тақиқланганига қарши маҳкамага гувоҳ тариқасида таклиф қилинган россиялик имомдан умуман Қуръон таржимасига оид баъзи саволларга ҳам жавоблар олдик.

Қуйида у билан суҳбат мазмуни ва шу мавзуга бағишланган "Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришини тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG