Линклар

logo-print
Ўзбекистонда пластикдаги пулни фоиз тўлаш эвазига нақдлаштириш судхўрлик, дея фатво берилгани ҳақидаги хабарни изоҳлаган Ўзбекистон Мусулмонлари идораси расмийси шайх Абдулазиз Мансур Озодлик тингловчилари баъзи саволларига жавоб берди. Мулозим мусулмонларнинг "фоиз" сўзи тилга олинган ҳар ҳолатдан қочиши тўғри эмас, деб тушунтириш берди.


Озодликка ёзган наманганлик билоггер ойликлари пластик картага ўтказилган намаганликлар банкоматларда пул йўқлиги боис, пулини тужжорларга ҳақ бериб, нақдга айлантираётгани, тужжорлар ўз хизмати учун пластик картадан чиқариб олинган умумий сумманинг 20 фоизига қадар “ҳақ” олаётгани ҳақида Озодликка хабар йўллади.

Мақоласида блоггер Наманган вилояти диний идорасида ишлайдиган қўшнисига таяниб, "Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Алимов пластикдан пул нақдлаштиришни судхўрлик, деб фатво берибди”, деб ëзди.

Бу мақола ортидан Озодлик мухбири Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фатво бўлими раҳбари шайх Абдулазиз Мансурга боғланди.

Шайх ҳазратлари бундай фатво чиқарилмагани, аммо наманганлик блоггер тилга олган амал – пластик карточкадаги пулни нақдга айлантириш чоғида мижоздан фоизга пул олиш ва мижознинг фоизга пул бериши ҳам судхўрлик эканини айтди.

Бу мазмундаги мақола Озодлик радиоси веб сайтига қўйилгач, унга турли шарҳлар кела бошлади.

Уларнинг баъзиларида мусулмонларни судхўрликка ундаётган Ўзбекистондаги монетар система ва молия тузилмалари мусулмонлар идораси раҳбарларининг фатвоси билан ўзгариб қолмаслиги таъкидланди.

Аммо, шу билан бирга бир қатор саволлар ҳам кела бошлади. Жумладан, Ўзбекистонда мусулмонлар фоизлик ишларга аралашишга мажбур қилаётган ҳолатлар кўпаяётгани, мисол учун, ёшларнинг таълим кредити, ипотекага уй ёки кредитга автомобиль олишга мажбур қолаётгани айтилди.

Бундай амалларнинг ҳукми сўралди ва аксари Ўзбекистондан бўлан бу саволга мамлакатдаги 30 миллион мусулмонга берилаётган фатволарга расман масъул шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларидан жавоб олишга уриндик.

Шайх ҳазратлари судхўрлик масаласи – Исломдаги жуда нозик масала экани ва Ўзбекистондаги бугун мусулмонларни фоиз тўлаш, унга шерик бўлишга мажбурлаётган банк ва молия тизимига оид саволларга айни дамда жавоб бера олмаслигини айтди.

Аммо, тингловчиларнинг баъзи саволлари, жумладан кредитга банкдан автомобиль олиш, банкка хизмати учун фоиз ҳисобида ҳақ тўлаш каби амаллар ҳукми ҳақидаги саволларга жавоб берди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси мулозими бу амаллар ҳар доим ҳам судхўрлик, деб кўрилмаслиги, баъзи ҳолларда улар жоиз бўлиши ҳақида гапираркан, бунга ҳужжат тариқасида мисрлик таниқли ислом олими Саид Тантовий чиқарган китобни тилга олди.

- "Ал иқтисод фил-Ислом" китобида кредитга пул олаётган одам буни "насия савдо", деб ният қилиб олсин, деган. Исломда насия савдо жоиз, ҳалол. Яъни, насия савдода мол қиммат бўлади ва кредитга машина олаётганда бунинг нархини уч йилда бўлиб-бўлиб тўлайман, бу насия савдо, деб ният қилиб олсин, деб ёзган, - деди Абдулазиз Мансур.

Қуйида у кишининг бу борада берган жавоблари ўрин олган "Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришини тўлиқ тинглашингиз мумкин.



Мусулмонлар идораси раиси ўринбосари, идоранинг Фатво бўлими раҳбари шайх Абдулазиз Мансурнинг ўзи таъкидлаб ўтгани каби исломда судхўрлик масаласи жуда баҳсли масала.

Бу борада берилган фатволар, одатан баҳслидир. Яъни, муштарийларимиз орасида Абдулазиз Мансурнинг Ўзбекистон ҳукумати монетар сиёсатига ройиш оҳангда янграган фатвосини танқид қилувчилар топилар.

Ваҳоланки, мисрлик олим, эндиликда марҳум Саид Тантовийнинг ўзи ҳам айни масалада танқид қилинган уламолардан бири эди.

Шу боис, Озодлик шайх Абдулазиз Мансур берган жавоблар, хусусан, кредитга автомобиль олиш ёки банкларга уларнинг хизмат ҳаққини фоиз ҳисобида тўлаб, уларнинг хизматидан фойдаланиш судхўрлик эмас, деган жавобни энг тўғри жавоб, дея тақдим қилиш ниятидан йироқ.

Бу жавоб 30 миллион аҳолиси бўлган Ўзбекистонда расмий диний ташкилот номидан берилаётган фатволарга масъул мутасаддининг жавоби ўлароқ сизга тақдим этилди.

Бинобарин, Қуръон маънолари таржимаси муаллифи бўлган ва Ўзбекистонда чиқарилаётган бугунги диний адабиётлар мазмунига ҳам масъул шайх ҳазратлари фатвосига ҳужжат келтирди.

Марҳамат, бу борада Озодлик орқали фикр билдиришни истаган, судхўрлик бобидаги саволларга соф диний-илмий нуқтаи назаридан жавоб бериб, мусулмонлар мушкулини осон қилиш истагида бўлган муштарийлар бизга боғланишлари мумкин!

Бизга мактуб ёзинг: ozodlikmail@gmail.com, isakovab@rferl.org

Бизга қўнғироқ қилинг: +420 221 123 437

Бизга WhatsApp орқали боғланинг: +420 608 549 460

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG