Линклар

Қирғизистон Бош прокуратураси чет элликларга паспорт бергани учун Аҳолини рўйхатга олиш департаментининг бир неча ходимига нисбатан жиноят иши очди.


Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили Эрнис Ўсмўнбаев сўзларига таянган ҳолда хабар қилади.

- Давлат қайд хизматининг Аҳолини рўйхатга олиш департаментининг қатор ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 304-моддаси (ваколатларни суиистеъмол қилганлик) ва 315-моддаси (мансаб сохтакорлиги) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Текширув пайтида мазкур департаментдан 1994 йилда чиқарилган ва эндиликда яроқсиз деб ҳисобланган паспортларни уч нафар чет эллик фуқарога ноқонуний равишда берилгани аниқланди. Ҳозир Бош прокуратура томонидан тергов ишлари олиб борилмоқда, - деди Эрнис Ўсмўнбаев.

Давлат қайд хизмати раҳбари Эрлан Сапарбаев ноқонуний паспорт бериш схемалари ички текширув туфайли очилганини айтади.

- Давлат қайд хизмати ташкил этилганда ходимларимизнинг 90 фоизи Ички ишлар вазирлигидан келиб ишлай бошлаган. Ходимларимизнинг кўпи аввал милицияда ишлаган кишилардир. Масалан, халқаро қидирувдаги Ян Лебедевга ноқонуний равишда паспорт берган жойда ишлаганларнинг бири милиция подполковниги бўлса, иккинчиси майор. Ҳозир биз бу каби ишлар бўйича махсус комиссия тузиб, ички текширув ўтказаяпмиз. Худо хоҳласа, айбдорлар тегишли жазони оладилар, - деди Сапарбаев.

Ян Лебедев деганлари Сибирнинг 3 марта чемпиони Иван Климов ўлимига алоқадорликда гумонланиб, халқаро қидирувга берилган россиялик фуқародир. 25 ёшли Климов 23 ноябрь куни Омск шаҳрида ўлдириб кетилган. Ян Лебедев 13 декабрь куни Бишкекда қўлга олинган ва унинг ёнидан Ринат Юсупов номига берилган паспорт билан ҳайдовчилик гувоҳномаси топилган.

Эрлан Сапарбаевнинг қайд этишича, унинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ҳам сохта бўлиб чиққан. Давлат қайд хизмати раҳбари Тўқмоқ паспорт бўлими ходимлари ўз хизматлари учун минг доллар олгани аниқланганини айтади.

Бир пайтлар Давлат қайд хизмати текширув комиссияси аъзоси бўлган Мавлян Асқарбеков эса қўзғатилган жиноят ишлари якунига етишига ишонмайди.

- Аслида коррупциянинг энг чўққиси қайд хизматида. Шу пайтгача устидан жиноят иши қўзғатилиб, лавозимидан четлатилган 19 ходим ҳозир яна ўз ўринларига қайтиб келишди. Судда оқланиб чиққанлари учун уларга 1,3 миллион сўм товон пули ҳам тўлаб берилди. Яна қанақа коррупция ҳақида гапираяпмиз? – дейди Мавлян Асқарбеков.

Аҳолини рўйхатдан ўтказиш департаменти раҳбари Дуйшўн Сатибалдиев устидан жиноий иш қўзғалган ходимларнинг жавобгарликка тортилмай қолишини қуйидагича изоҳлайди.

- Аксар пайтларда ходимларнинг айби исботланмай қолмоқда. Чунки паспорт охирги маҳсулот. Бироқ паспорт олишга асос бўладиган туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома сохта бўлиб чиқаяпти. Биз ҳар доим ҳам гувоҳномаларни экспертизадан ўтказа олмаймиз. Баъзилар ҳужжатларни усталик билан тайёрлаб келадилар. Кейин паспорт бўлимини айблайверамиз. Бироқ бизнинг ходимлар жавобгарликка тортилган пайтлар ҳам йўқ эмас. Ўша Лебедевга паспорт қилиб берган ходим пул олганини бўйнига олиб, ўз аризаси билан ишдан кетди, - деди Дуйшўн Сатибалдиев.

Бунгача Давлат қайд хизмати томонидан жиноят олами сардори Азиз Батукаев, қувғинликдаги қозоқ банкири, мухолифатчи Мухтар Аблязовга ноқонуний равишда паспорт берилгани маълум бўлганди.

Ян Лебедевга паспорт тайёрлаб берганликда гумонланган икки ходим бунга қадар ўзбекистонлик бир фуқарога ноқонуний равишда паспорт бергани учун ҳайфсан олган.
XS
SM
MD
LG