Линклар

Наманганлик тадбиркор мухолифат билан алоқа қилганликда айбланди


Қудрат Расулов.

Қудрат Расулов.

Интернетдаги Skype мессенжери орқали мухолифатга оид адабиëтларни олиб тарқатганликда айбланаётган наманганлик 43 ёшли тадбиркор Қудрат Расулов суд ҳукмини кутмоқда.


Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Наманган бўлими ходимлари томонидан шу йилнинг 9 сентябр кечаси олиб кетилган Қудрат Расулов уч ой ҳибсда тергов қилинганидан сўнг, унга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 221 (куч ишлатар тизим ходимлари талабига бўйсунмаганлик) ва 244-1 (жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тарқатганлик) моддалари бўйича айб юкланган.

Наманган шаҳар судида Қудрат Расулов устидан жорий ҳафтада ёпиқ суд маҳкамаси ўтказилиши кутилмоқда.

- Шу кунларда Қудрат Расуловнинг иши юзасидан суд мажлиси бошланишини кутяпмиз, лекин айблов хулосасини менга беришмади, - дейди Озодлик билан суҳбатда маҳбуснинг адвокати Ҳусан Саломов.

Озодлик тасарруфидаги Қудрат Расуловни қамоққа олиш ҳақидаги ҳужжатларда, чунончи жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди ажримида ëзилишича, маҳбус Skype мессенжери воситасида мухолифат фаоллари Тўлқин Қораев ва Муҳаммад Солиҳ билан доимий мулоқотда бўлган.

​Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 10 сентябр кунги ëпиқ мажлиси чиқарган ажримида айбланувчи Қудрат Расулов Skype воситасида “Қуролсиз кишининг озодлиги” номли фильм ва “Зулм қилма ва зулмга рози ҳам бўлма” сарлавҳали китоб файлларини кўчириб олганликда айбланган.

Шаҳар суди судьяси Қодиров раислигида, Йўлдошев котиблигида ҳамда прокурор Болтаев иштирокида ўтган суднинг ëпиқ мажлиси Қудрат Расуловни вақтинча қамоққа олиш ҳақида ажрим чиқарган эди.

Озодлик тасарруфидаги ажрим ҳужжатида судья ва прокурорнинг исми келтирилмаган, аммо айни ҳужжатда Қудрат Расулов МХХ терговчиси А. Тўраев тарафидан ушлангани айтилади.

Ажримда Қудрат Расулов наманганлик фуқаролар А. Бойдедаев ва Қ. Солиевлар чақувига асосан ушлангани ҳам таъкидланади.

Фуқаролик жамияти фаоли Қудрат Расуловнинг қамоққа олиниши билан боғлиқ жараëнни кузатиб келаëтган инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаева Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистондаги куч ишлатар тизимлар инсонларнинг мамлакат конституциясида кафолатланган ахборот олиш эркинлигига тажовуз қилаëтганини таъкидлади:

- Дунëвий давлат тарафдори бўлган тадбиркор Қудрат Расуловга ўз мазмуни ва сарлавҳасига кўра, зулм қилмаслик ва зулмга рози бўлмаслик ҳақидаги китобни интернетдан олгани учун 8 йилга қамалиш хавф солиб турибди. Ўзбекистон конституциясининг 29-моддаси Ўзбекистон фуқаросининг ахборот олишини кафолатлайди, - дейди Елена Урлаева Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдош маҳбус Қудрат Расуловнинг Skype орқали мулоқот қилгани учун қамоққа олингани фактига эътибор қаратди:

- Одатда Skype тармоғи хавфсиз ҳисобланади. Лекин Ўзбекистон МХХси ходимлари Қудрат Расуловнинг уйи ëнига махсус мослама ўрнатиб, интернет сигналларини тутишган. Билишимча, унинг уйи олдига махсус пеленгатор ўрнатилган. Бундан келиб чиқдиган хулоса шуки, Ўзбекистон МХХси фуқароларнинг Skype орқали қилаëтган суҳбатларини ҳам эшитмоқда, - дейди Елена Урлаева.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG