Линклар

2 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Pussy Riot гуруҳи иштирокчиси Мария Алёхина 23 декабрда озодликка чиқди. Россия президенти томонидан авф этилган Алёхина муддатдан олдин қамоқдан чиқариб юборилганидан норози экани ва буни Кремлнинг навбатдаги “PR”акцияси эканини таъкидлади. Сўнгги соатда Москвадаги Исо Масиҳ ибодатхонасидаги безорилик учун қамалган Pussy Riot гуруҳининг иккинчи вакиласи – Надежда Толоконникованинг ҳам озодликка чиқарилгани маълум бўлди.

2 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Pussy Riot гуруҳи иштирокчиси Мария Алёхина 23 декабрда озодликка чиқди. Россия президенти томонидан авф этилган Алёхина муддатдан олдин қамоқдан чиқариб юборилганидан норози экани ва буни Кремлнинг навбатдаги “PR”акцияси эканини таъкидлади.

Сўнгги соатда Москвадаги Исо Масиҳ ибодатхонасидаги безорилик учун қамалган Pussy Riot гуруҳининг иккинчи вакиласи – Надежда Толоконникованинг ҳам озодликка чиқарилгани маълум бўлди.


23 декабр куни жамоатчилик "Кремлнинг сиёсий тутқуни", деб атайдиган яна бир асира - Pussy Riot гуруҳи иштирокчиси Мария Алёхинани авф этгани хабари тарқади.

Нижний Новгород шаҳридаги 2-сонли аёллар колониясида 2 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Мария Алёхинанинг озодликка чиқарилганини колония маъмурияти унинг адвокати Пётр Заикинга хабар қилган.

Бу тафсилотларни Озодликка адвокат Ирина Хрунова маълум қилди:

- Эрталаб 6-ларда маҳаллий адвокатнинг мобил телефонига қўнғироқ қилишди ва колонияда Алёхина билан нохуш ҳодиса рўй берганини маълум қилишди ва тезда етиб келишни сўрашди. У бу чақирув озодликка чиқиш билан боғлиқми, деб қизиққанда, унга “Йўқ, йўқ, бизда нохуш ҳодиса руй берди, 8 ларга етиб келинг”, дейишди. Бу журналистларга хабар бериб қўймаслик учун қилинганга ўхшайди. Соат 8 ларга етиб келганида Алёхинанинг озодликка чиқарилгани тўғрисида қарорни ва соғ-омон Алёхинани кўрсатишди. Мария Алёхинанинг онасига ҳам хабар берилмаган, чунки, менинг фикримча, улар нарсаларини кўтариб чиққан Алёхина колония эшиклари олдида матбуот анжуманини ўтказмаслик учун қилинди, дейди адвокат Хрунова.

Мария Алёхина колония раҳбариятининг хизмат машинасида шаҳар темир йўли вокзалига олиб келинди ва Москва йўналишидаги поездга чиқариб юборилди.
Москвада Марияни кутаётган онаси Наталья Алёхина Михаил Ходорковский озодликка чиқарилганидан кейин қизининг ҳам авф этилишини кутаётганини яширмади.

- Мен учун бу мутлақо кутилмаган ҳодиса бўлди, ваҳоланки, шундай бўлиши мумкинлигини гумон қилаётгандим. Албатта, катта хурсандчилик! Энди у қайси поезд билан қачон келишини билишим керак, дейди Наталья Алёхина.

Шу билан бирга, колониядан чиқариб юборилишидан бир кун олдин Мария Алёхина колониядан мудатдан олдин чиқиб кетиш истагида эмаслигини маълум қилган эди. Буни у 2-сонли колония раҳбарияти томонидан дугоналарига қилинаётган таҳдидлар билан изоҳлаган эди:

- Бу авфдан фойдаланмасликнинг оз бўлса ҳам имконияти бўлганда эди, мен ундан фойдаланмас эдим. Аммо идорага юқоридан буйруқ келиб тушган – идора уни бажарди! Мен бир жойдан иккинчи жойга кўчирилаётган буюм ҳолатида эдим. Мен бу амнистияни инсонпарварлик акти, деб баҳоламайман, бу – пиар учун қилинган ҳаракат, деди Алёхина.



Озодликка чиқиши билан журналистлар саволларига жавоб берган Мария Алёхина, яқин келажакда нима билан шуғулланишини очиқлади.

- Мен энг аввало ҳуқуқ ҳимоячилари билан учрашиш ниятидаман. Кейинчалик мен жазони ўташ муассасалари масаласи, ҳуқуқ ҳимояси фаолияти билан шуғулланмоқчиман. Мен бошқа ҳеч нарсадан қўрқмайман! - деди Мария Алёхина.

2012 йилда Москвадаги Исо Масиҳ ибодатхонасида Путинга қарши "панк ибодати" ўтказган ва “безорилиги учун” судланган Pussy Riot гуруҳининг яна бир намояндаси Надежда Толоконникованинг ҳам озодликка чиқарилди.



Красноярскдаги сил касали касалхонасида даволанаётган Надежда Толоконникова, Мария Алёхина каби, ёш болали она сифатида амнистияга тушди.

Маҳбусаларнинг жазо ўташ муддати 2014 йилнинг март ойида тугаши керак эди.

Алёхинанинг озодликка чиқарилиши арафасида, 20 декабрь куни Владимир Путин мухолифат етакчиси, бизнесмен Михаил Ходорковскийни авф этди ва у махфий хизмат ходимлари назоратида Берлинга чиқариб юборилди.

2012 йилнинг 17 август куни Хамовнический туман суди Pussy Riot аъзолари бўлган Надежда Толоконникова, Мария Алехина ва Екатерина Самуцевичларни безориликда айблаб, уларни икки йилга озодликдан маҳрум қилганди. Кейинроқ Самуцевичга берилган жазо шартли жазога алмаштирилган ва у озодликка чиққан.

Россия ва жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида Pussy Riot ҳимоясига саноқсиз норозилик пикетлари ва намойишлари уюштирилган.

Ғайриоддий чиқишлари билан Россияда ном қозонган Pussy Riot мусиқий панк-гуруҳи 21 феврал куни Россияда марказий саналган Москвадаги Исо Масиҳ ибодатхонасида “мусиқий намойиш” уюштирган ва “Худойим, Путинни ҳайдаб юбор!” дея куйлашганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG