Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:30

Йил сарҳисоби: Фан ва технология дунёсида нима ўзгарди?


Якунига етаётган 2013 йил фан ва технологик кашфиётларга бой бўлди. Озодлик радиоси мухбири Антуан Блуа шундай кашфиётлардан энг эътиборлиларига назар ташлади.

Нобел мукофотига сазовор бўлган “Худо зарраси”дан тортиб Кавказда топилган энг қадимги одам бош суягигача, ҳайдовчисиз автомобилда тортиб сунъий равишда етиштирилган гамбургергача – хуллас, бу йил технология ва фан дунёсида қатор оламшумул кашфиётларга бой бўлди.

Бугунги кунда автомобил саноатида юз бераётган инновациялар ҳайдовчисиз автомобиллар ва водород билан ишловчи машиналарни келажак орзусидан бугунги реалликка яқинлаштирмоқда.

Автоном автомобил


Ҳайдовчисиз юра оладиган машиналар инсоннинг автомобил билан боғлиқ ҳаётини тубдан ўзгартириб, вақт ва ёқилғини тежаши, автоҳалокатларнинг олдини олиши, ногирон, кекса ва ҳатто маст ҳайдовчилар учун рулга ўтириш имкониятини ярата олиши айтилмоқда.

Бундай автоном машиналар ўз ҳаракати учун тўлиқ масъул бўлиб, тезлик ва бурилиш жойларини ўзи танлаб, мегаполислардаги энг катта муаммолардан бири бўлмиш тирбандликни камайтиришда ҳам ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.

Ҳайдовчисиз автомобиллар устида иш олиб бораётган энг етакчи ширкатлардан бири бўлмиш Google ширкати ижрочи директори Лари Пейж ушбу технологиянинг инсоният учун муҳимлигига урғу беради.

“Тасаввур қилиб кўринг-а, ўз-ўзини бошқарадиган машиналар ҳаётимизни ва атроф-муҳитни қанчалар ўзгартириб юборади – кўкаламзор жойлар кўпаяди, парковкалар сони озаяди, экринлик ва ҳаракатланиш имконияти ошади, автоҳалокатлар сони озаяди, автомобил ичида ўтказаётган вақтимиз қисқаради. Бир америкалик ишга бориш учун автомобилда кунига ўртача 50 дақиқа вақт сарфлайди. Тасаввур қилинг, сиз бу вақтни бошқа ишларга сарфлай оласиз”, дейди Лари Пейж.

Ҳайдовчисиз автомобилларнинг прототиплари аллақачон синовдан ўтказила бошлаган, бироқ мутахассислар уларнинг бозорга чиқишига яна камида ўн йил кераклигини айтишмоқда.

Водородли ёқилғида ишлайдиган ва заҳарли тутун ўрнига буғ чиқарадиган автомобиллар саноати ҳам жорий йилда катта ютуқларга эришди.

Водородда ишловчи автомобиллар


Водородли ёқилғи қуйиш шаҳобчаларининг камлиги ва уларни қуриш қимматлигига қарамасдан, водородли автомобиллар электомобилларга солиштирганда қатор устунликларга эга – улар тўлдирилган бак билан бензинли машиналар каби узоқ масофа кета олади ва ёқилғини тезда қуйиш имконига эга.

Жанубий Кореянинг Hyundai ширкати бу йил водород билан ишлайдиган йўлтанламас автомобилни тақдим этди. Келаси йили дастлаб Калифорния бозорига чиқиши айтилаётган мазкур автомобилни фақат ижарага олиш мумкин бўлади, холос. Унинг бир ойлик ижара ҳақи 499 АҚШ доллари бўлиши айтилмоқда. Бундан ташқари, Hyundai ширкати водородли автомобилнинг ёқилғи ва таъмирлаш харажатларини ўзи кўтаради. Япониянинг Honda ва Toyota ширкатлари эса водородли автомобилларни жаҳон бозорига 2015 йили чиқаришни режалаштирган.

Сунъий гамбургер


Жорий йилда илк бор лабораторияда етиштирилмиш сунъий мол гўштидан пиширилган гамбургер ҳам дунё юзини кўрди. Ҳолландиядаги лабораторияда сигир ўзак ҳужайраларидан етиштирилган гамбургерни тайёрлашга 332 минг АҚШ доллари сарфлангани айтилмоқда.

Дунёдаги илк сунъий гамбургер Лондонда ўтган тақдимот маросимида тановул этилди. Чашначилардан бири, гастрономик ёзувчи Жош Шонвальд сунъий гамбургер мазасини ҳақиқийга ўхшашини айтади.

“Тилдаги мазаси гўштга ўхшайди. Фарқи эса, менимча, ёғсизлигида. Буни ҳисобга олмаганда, худди оддий гамбургерга ўхшаяпти”, дейди Жош Шонвальд.

Олимларнинг айтишича, сунъий тарзда тайёрланган гўшт анъанавий чорвачилик орқали етиштириладиган гўштнинг атроф-муҳитга зарари кам бўлган муқобилига айланиши мумкин.


Энг қадимий бош суяги


Жорий йил сентябрь ойида Грузиянинг Дманиси шаҳрида олиб борилган археологик қазиш ишлари чоғида ёши 1,8 миллион йилга тенг деб тахмин қилинаётган одам бош суяги топилди. Инсон аждодларининг анъанавий таснифига ўзгартиришлар киритиши мумкин бўлган ушбу топилма дунё бўйлаб кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Skull 5 (Бош суяги 5) номи берилмиш тошга айланган топилма плейстоцен давридаги балоғатга етган ҳоминиднинг тўлиғича сақланиб қолган илк бош суягидир. Плейстоцен даврида илк Ҳомо (инсон) турлари австралопитек туридан ажралиб чиққани айтилади.

Грузия миллий музейи олими Давид Лордкипанидзе ва унинг ҳамкасбларига кўра, топилманинг анализи Ҳомонинг илк турлари бўлмиш ҳомо абилис ва ҳомо рудольфенсис бир турга мансублигини кўрсатади. Олимларнинг бундай хулосага келишига Skull 5нинг ўзига хос хусусиятлари, яъни илк Ҳомо турларига тегишли топилмаларда бунгача кузатилмаган кичкина бош косаси ва чўзинчоқ юзи туртки бўлгани айтилмоқда.

“Топилган бош суяги Ҳомо геномида бир нечта турлар бўлганини яққол кўрсатади. Ва ўринли савол пайдо бўлади – Африкада чиндан ҳам Ҳомонинг бир нечта турлари бўлганми ёки уларнинг барчаси битта генеологик наслга мансубми?”, дейди Давид Лордкипанидзе.

Мамонтни клонлаштириш


Қадимий суяклар топилаётган бир вақтда қирилиб кетган жониворларни қайта тирилтириш мавзуси яна муҳокама этила бошлади. Мамонт сочидаги генетик коднинг катта қисми расшифровка этилганидан сўнг олимлар: “Агар тирик ҳужайра бўлганида, мамонтни тирилтириш мумкин эди”, деб айта бошладилар.

Россиялик олимлар жорий йил май ойида бундан камида 10 минг йил олдин яшаган мамонтнинг аъло даражада сақланиб қолган скелети топилганидан сўнг бу лойиҳа бўйича яна бир қадам олдга силжиш бўлганини айтишмоқда. Қонни суюқ тарзда сақлаб қолган скелет Арктикадаги Ляховский оролида муз ичидан топилган.

Якутиядаги Семен Григорьев номидаги Шимолий-шарқий федерал университети жониворларни клонлаштиришда катта ютуқларга эришган жанубий кореялик олим Хуанг Ву Сюк билан шартнома имзолади. Сюк 2005 йили илк бор итни клонлаштирган эди.

“Худо зарраси”


Икки олим - британиялик Питер Ҳиггс ва белгиялик Франсуа Энглерт 2012 йилдаги энг йирик илмий кашфиёт - Ҳиггс бозони устида олиб борган илмий ишлари учун жорий йилда физика бўйича Нобель мукофотига лойиқ, деб топилди.

Олимлар ўтган асрнинг 60-йилларда модда қай тарзда массага эга бўлиши механизми ҳақидаги назарияни илгари сурган. Ушбу механизм воситасида Ҳиггс бозони номини олган заррача борлиги башорат қилинган. “Худо зарраси” деб ҳам номланувчи заррачанинг мавжудлиги 2012 йили Швейцариядаги Европа ядро тадқиқотлар маркази (CERN) да ўтказилган тажрибада ўз тасдиғини топган эди.


Тўлқин Умаралиев таржимаси
XS
SM
MD
LG