Линклар

Ўтган ҳафтада Тошкентдаги айрим тўйхона ва ресторанларда ҳокимлик ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари махсус рейд давомида наҳорги ош маросимининг қандай ўтказилаётганини текширди. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг махсус қарори билан пойтахтдаги ресторан, кафе ва тўйхоналарда эрталабки соат еттидан аввал ош бериш тақиқланади.

Пойтахтдаги ресторан – кафе ва тўйхоналарда ўтказилган рейд давомида туман ҳокимликлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, Маънавият- тарғибот марказларининг вакиллари ва участка нозирлари иштирок этган.

Тошкентнинг Юнусобод туманидаги тўйхоналардан бирининг исмини очиқламаётганимиз ходимига кўра, рейд давомида наҳорги ошнинг эрталабки соат еттидан аввал берилиш ҳолатлари бор ёки йўқлиги ўрганилган.

“Бизда ҳаммаси жойида, деб топишди. Аввалгидай, тонгги соат 5 ёки 6 да ош бериш йўқ. Фақат соат 7 дан 9 гача ва обед пайти соат 12дан 2гача ош бериш мумкин. Биз бунга қатъий амал қиламиз. Шанба-якшанба кунлари сал эртароқ бериш мумкин. Лекин ҳозир соат 7дан 15 минут ўтганда намоз тамом бўлаяпти. Шунинг учун намоздан чиқиб тўғри ошга келадиган қилиб, 7 ёки 7 яримга ош берса бўлади”, деди суҳбатдош.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Р. Усмоновнинг 2012 йил 18 апрелдаги 137/4-18-сонли қарорига кўра, пойтахтдаги ресторан, кафе ва тўйхоналарда иш кунлари эрталабки соат 09.00 дан 12.00 гача ва 14.00 дан 18.00 гача ош бериш ҳамда соат 23.00 дан кейин тўй ва базм ўтказиш тақиқланади.

Ҳокимлик қарорида "меҳнат унумдорлигини сақлаш" мақсадида шундай тартиб жорий қилингани айтилади.

Мирзо-Улуғбек туман ҳокимлигидаги ўзини таништирмаган мутасаддига кўра, ресторан ва тўйхоналарда ўтказилган тадбир наҳорги ош билан боғлиқ шаҳар ҳокимлиги қарорининг амалдаги ижросини мониторинг қилиш мақсадида қилинган.

Тошкентдаги “Маҳалла” қўмиталаридан бирининг ходимасига кўра, маҳалла фаоллари наҳорги ошнинг эрталабки соат 7 дан аввал ўтказилмаслигига қатъий амал қилаяпти.

Унга кўра, тўй ўтказмоқчи бўлган ҳар-бир фуқаро билан бу борада далолатнома тузилиб, шу ҳужжатга тўла риоя қилинади.

- Территориямизда учта кафеимиз бор. Ҳамма аҳолига, айниқса тўй қилаëтган хонадонларга бизлар бориб, улар билан далолатнома тузамиз. Ҳамма қонун-қоидаларни тушунтирамиз. Эрталабки ош 7 дан 9 гача, обеддагиси 12дан 2гача, никоҳлар 10 гача деб тушунтириш ишлари олиб борилади. Ҳозир шунга амал қилишаяпти. Эрталаб соат 5-6 дан ош беришлар йўқ. Маҳалламиздагилар биринчидан кўп миллатли. Кейин зиëлилар кўп, ҳамма ишлайдиган одам бўлгани учун тушунтириш осон бўлаяпти. Унақа 4-5 даги ошимиз тўқ. 7 да бўлади, обедда бўлади, бўлмаса йўқ, деди маҳалла фаоли.

Ўтган ҳафта ўтказилган рейд давомида кафе ва ресторанларда ошга чақирилган меҳмонлар сони 300 кишидан ошмаслиги таъкидланган.

Тошкентдаги Озодлик манбасига кўра, ҳозирда ўзига тўқ тошкентликлар томонидан 2000 кишилик ош бериш ҳолатлари бўлаётгани учун меҳмонлар сонини қисқартиришга эътибор қаратилаяпти.

- 2000 кишига 350-400 килолик ош дамлаш ҳолатлари кўп. Тошкентдаги учта энг катта ресторан- “Наврўз”, “Осиё” ва “Версал”да шунақа кўп одамлик ошлар берилади. Лекин рейд пайтлари меҳмонлар бўлиб-бўлиб чақирилади. Шанба ва бозор кунлари эса ошни ҳатто 3 ёки 4 га бўлиб ўтказиш ҳолатлари ҳам бўлаяпти. Меҳмонлар сонини камайтириш бу тартибни сақлаш учун ҳам қилинади. Тасаввур қилинг, меҳмонхона олдига бирданига 2000 та машина келишини. Кейин одам кўп тўпланган пайтда террорчилик ишларини амалга ошириш учун имкон яратилиши мумкин, дейди суҳбатдош.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг юқорида тилга олганимиз қарорига кўра, тўй қилмоқчи бўлган шахс маросимни тўйхона, ресторан эгалари, тўйда хизмат қиладиган созанда ва тўй бошловчилару овоз кучайтириш, дизайнер, фото ва видео суратга олиш, лимузин хизмати ҳамда бошқа юридик ёки жисмоний шахслар билан шартнома тузган ҳолда ўтказиши керак бўлади.

Тўй-ҳашамларни ўтказиш бўйича ушбу қоидаларга амал қилмаган шахсларни жаримага тортиш кўзда тутилган.

Нафақат Тошкентда балки мамлкатнинг барча ҳудудларида тўй ва маросимларни ўтказиш маҳаллий органлар томонидан назоратга олинган.

Йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида пахта муносабати билан тўй ўтказиш тақиқланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG