Линклар

logo-print
Бухоро вилоятининг Бухоро туманидаги Арабхона қишлоғига газ берила бошлади. Арабхоналиклардан бирининг Озодликка хабар қилишича, қишлоқ оқсоқолларининг “Бухоротумангаз” идорасига мурожаати жавобсиз қолдирилгани ва улар прокуратурага арз қилишга ҳаракатланиб тургани ҳақида Озодликка чиқиш қилганидан бир кун ўтиб, қишлоққа газ берила бошлаган.


22 декабрь куни арабхоналик тингловчидан олинган маълумотга кўра, кексаларнинг Бухоро туман прокуратурасига боришига ҳозирча зарурат йўқ.

рзимиз Озодликда чиққанидан бирлан газ беришни бошлади, ҳамма ҳурсанд", деб хабар қилди арабхоналиклар номидан Озодликка боғланган тингловчи.

Унинг хабар қилишича, бу масала ахборот воситаси орқали ёритилгач, туман газ идораси вакиллари Арабхона қишлоғига борган ва уйда ўтирган аёлларни маҳалла фуқаролар йиғини идорасига жамлаб, йиғилиш ўтказган.

Унинг хабаридан яна бир парчани ўқинг:

Мана газ бердик, лекин янги йилдан кейин яна 2-3 кун газ бўлмаслиги мумкин. Дарров арз қилиб, бирор идорага югуриб борманглар! Сабр қилинглар, биз барибир сизларга газ берамиз, газсиз қўймаймиз, дейишипти. Лекин, газ линиясидан узилган хонадонларнинг бўйнига илинган қарз ҳақида индашмапти. Лекин унақа тўлангларчи тўланглар, деб уйма-уй юришниям тўхтатишган. Қарз масаласи очиқ турибди” деб хабар қилди арабхоналик тингловчи.

17 декабрь куни ушбу қишлоқ оқсоқоллари номидан Озодликка мурожаат бўлган эди. Унда арабхоналиклар газдан сунъий равишда қарздор қилиняпмиз, деб шикоят қилган эди.

Шикоятда айтилишича, Бухоро туманида газ етказиб бераётган трубалардан узилган хонадонлар ҳам газдан қарздорга чиқарилмоқда.

Исмини сир сақлашимизни сўраган тингловчининг айтишича, газдан узилиш учун тумандаги газ таъминотига масъул идорадан қарзи йўқлиги ҳақида расмий маълумотнома топширилади.

Шунга қарамай, зиммасига ёзилган 1 миллиондан 3 миллион сўмгача миқдордаги қарздан қутулолмай сарсон бўлаётгани айтилган эди.

Шунингдек, бунақа оилаларнинг Арабхона қишлоғида ўнлаб экани ва шундай хонадонларнинг кексалари 16 декабрь куни Бухоро туманини газ билан таъминлашга масъул “Бухоротумангаз” идорасига боргани айтилган эди.

Қишлоқдошлари номидан боғланган тингловчининг оқсоқоллар хавфсаласи пир бўлиб, идорадан қайтгани ҳақидаги хабаридан сўнг Озодик мухибири Бухоро туманидаги мутсадди идораларга бир-бир боғланди.

“Бухоротумангаз” идораси раҳбари Муқим Ҳамроевга арабхоналиклар берган телефон рақами орқали боғланган Озодлик мухбири амалдордан саволларига жавоб ололмади.

Аммо, Озодликка боғланган арабхоналиклардан бирининг конкрет аҳволини ўрганган мухбир, ташкилотга ана шу тингловчи номидан - мижоз тариқасида боғланганида “Бухоротумангаз” идораси вакилидан жавоб олишга муваффақ бўлган эди.

Идоранинг телефонини кўтарган ходима “мижоз”нинг саволларига хушмуомалалик билан жавоб берган ва бўйнига газдан илинган қарзни сохта ҳисобларганларга зудликда идорага боришни тавсия қилган эди.

“Мижоз” тариқасида Озодлик мухбирининг туман газ идорасидан олган бу жавоби арабхоналикларни қониқтирмади. Зеро, улар бу идоранинг эшигини кўп бора қоққан.

Шундан сўнг Озодлик Бухоро тумани прокуратурасига боғланган ва Бухоро тумани прокуратураси ходими свет-газ бўйича тумандаги таъминотга масъул идоралар устидан арзи бор фуқаролар исталган вақтда юзланиши мумкинлигини айтган.

- Аризани қабул қилиб оламиз ва у қонунда белгиланган муддатда, албатта кўриб чиқилади. Арабхонаданми шикоят, мана келсин бизга кўриб чиқамиз, - деган эди Бухоро тумани прокуратураси ходими.

Ўзбекистон қонунчилигида белгиланган тартибга мувофиқ, 16 декабрь куни туман газ идорасидан арзи қабул қилинмай, чиқариб юборилган фуқаролар туман прокуратурасига ариза киритиши мумкин.

Ариза расман қабул қилинганидан кейин 10 иш куни – икки ҳафта ичида бу идорадан аризага нисбатан кўрилаётган чора ҳақида расмий маълумот берилиши лозим.

Демак 22 декабрь куни олинган хабарга кўра, кексаларнинг Бухоро туман прокуратурасига боришига ҳозирча зарурат қолмаган.

Аммо, расман қарзи йўқлиги ҳақида «Бухоротумангаз» идорасидан олинган маълумотнома асосида уйини табиий газ келадиган линиядан уздириб ташлаган оилалар зиммасига юкланган сохта қарз масаласи арабхоналикларни ўйлантириб турибди.

«Агар яна тўлайсизлар, деб қисталанг қилишса, унда барибир прокуратурага борамиз, қаерга бориш керак бўлса, борамиз дейишаяпти чоллар» деди арабхоналик тингловчи.

Озодлик бу вазиятни кузатишда давом этади.


Озодликка боғланинг!

Марҳамат, агар сиз яшаб турган маҳалла, қишлоқ, туман, шаҳарда ҳам газ ва электр токи таъминотида узилишлар бўлаётган бўлса, бизга боғланинг!

Илтимос, газ ёки электр токи узилиши қачон ва қанча муддатга, конкрет қайси манзилда содир бўлаётганини аниқ билдиринг!

Имкони бўлса, сиз яшаб турган манзил бўйича энергетик таъминотга мутасадди ташкилотларга ҳам Ўзбекистон қонунчилигида белгиланган тартибда мурожаат қилиб, уларнинг жавобларини ҳам бизга йўллашга ҳаракат қилинг!

Озодлик бу йилги қиш мавсумида ушбу муаммо кўламини сиз билан бирга аниқлаш ва йилдан-йилга ўзбекистонликларнинг ҳаётини тим қоронғу зимистонга айлантираётган энергетик тақчилликдан чиқиш йўлини сиз билан бирга излашга уринади!

Озодликка боғланиш имконлари:

тел: +420 221 123 437
факс: +420 2 2112 6604
email: uzbekweb@rferl.org, ozodlikmail@gmail.com
twitter:
Skype: issakovab
WhatsApp: +420 608 549 460

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG