Линклар

logo-print

Pussy Riot вакиласи Алёхина қилган ишидан пушаймон эмас


Pussy Riot вакиласи Мария Алёхина, 2013 йилнинг 23 декабри.

Pussy Riot вакиласи Мария Алёхина, 2013 йилнинг 23 декабри.

Душанба куни колониядан озод этилган Pussy Riot панк гуруҳи аъзоси Мария Алёхина Москвага етиб борди.

“Интерфакс” агентлигининг хабар қилишича, Нижний Новгороддан келган Алёхинани Москвадаги Курск вокзалида унинг тарафдорлари ва журналистлар кутиб олган.

Душанба куни панк гуруҳининг бошқа бир аъзоси Надежда Толоконникова ҳам қамоқдан озод қилинган. Улар Россия конституциясининг 20 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистия туфайли озодликка чиққанлар.

Курск вокзалида тарафдорларидан гулдасталар қабул қилиб олган Алёхина уларга миннатдорчилик билдириб, қамоқдалик пайтида одамлар дастаги ўзи учун жуда муҳим бўлганини айтган.

Шунингдек, Мария Алёхина ўзини ҳали ҳам айбсиз, деб ҳисоблашини таъкидлаб, “Мен қилган ишимдан пушаймон эмасман”, деган.

Эслатиб ўтамиз, 2012 йилнинг 17 август куни Хамовнический туман суди Pussy Riot панк гуруҳининг уч аъзоси, шу жумладан, Мария Алёхинани безориликда айблаб, икки йилга озодликдан маҳрум қилганди.

Бу жазога Pussy Riot вакилалари ўтган йилнинг 21 феврал куни Москвадаги Исо Масиҳ ибодатхонасида “мусиқий намойиш” уюштиришгани ва “Худойим, Путинни ҳайдаб юбор!” дея куйлашгани учун мустаҳиқ бўлгандилар.
XS
SM
MD
LG