Линклар

Тошкентдаги Реабилитация марказида сақланаётган Янис Галанос Грецияга бадарға қилиниши мумкин


13 ноябрдан бери Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига тегишли Реабилитация марказида тутиб турилган Греция фуқароси Янис Галанос ватанига қайтарилиши мумкин.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик матбуот варақчасида Галанос тегишли ҳужжатларсиз ва муддати ўтиб кетган паспорт билан Ўзбекистонда юргани, шу сабабли қўлга олингани айтилади.

Вазирлик хабарномасидан маълум бўлишича, Тошкентда туғилган 31 ёшли Янис Галанос 2009 йили Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиб, Греция фуқаролигини қабул қилган.

16 декабрь куни Греция ҳам дохил бўлган Европа Иттифоқи аъзоси Италия расмийларидан келиб тушган нота асосида Янис Галанос итальян дипломатлари билан учраштирилган. “Ҳозирги пайтда Италия элчихонаси томонидан Галанос Я.С.ни Ватанига қайтариш учун ҳужжатларни ошиғич расмийлаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда”, дейилади Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган хабарномада.
XS
SM
MD
LG