Линклар

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ИИВ Реабилитация марказида сақланаётган Греция фуқароси Янис Галанос ватанига қайтарилиши мумкинлигини хабар қилди. Бир муддат Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан ҳамкорлик қилган Галанос 13 ноябрь куни Тошкентда қуролли шахслар томонидан тутиб кетилганди.


Вазирлик матбуот варақчасида Галанос муддати ўтиб кетган паспорт билан Ўзбекистонда юргани, шу сабабли қўлга олингани айтилади.

Хабарномадан маълум бўлишича, Тошкентда туғилган 31 ёшли Янис Галанос 2009 йили Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиб, Греция фуқаролигини қабул қилган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган баёнотни “ўлгудек кулгили ва саводсизларча” деб баҳолаган Гулнора Каримова бугун Твиттер микроблогидаги ўз саҳифасида Янис Галаносга тегишли паспорт ва ундаги мамлакатга кириш-чиқиш муҳрлари суратини чоп қилган ҳамда “Янги ИИВ вазири ўз ишини қандай қилиб МХХ олдида заифликдан бошлаши мумкин?” дея киноя қилган.

Ўтган ой охирида Г. Каримова ўз Твиттер саҳифасида Янис Галанос қийноққа тутилганини иддао қилганди.

"Янис Галаносни жуда қаттиқ калтаклашган ва у камера олдида кўрсатма беришга мажбур бўлган - қандай даҳшат, бу каби ҳолатларни аввал фақат фильмлардагина кўрардик", дея твитлаганди Каримова.

Шундан сўнг Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакиллари 4 декабрь куни Тошкентдаги Реабилитация марказида Греция фуқароси Янис Галанос билан учраштирилган, учрашувда Галанос ўзининг қийноққа тутилганини рад этганди (мазкур учрашув “Эзгулик” жамияти ходимлари томонидан видеога ҳам олинган).

Шундан сўнг Туркиянинг “Ҳуррият” газетасига интервью берган Гулнора Каримова бунинг бир ўйин эканига ишора қилиб, бу ишларнинг уюштирилишида ҳозирда Парижда истиқомат қилаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоевани айблаб чиққанди.

Г. Каримованинг бу гапларни туҳмат эканини, агар узр сўрамаса, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизини судга беришини таъкидлаган ҳуқуқ фаоли, бу можароларга қарамай, Каримов режими томонидан ҳақ-ҳуқуқлари топталаётган Янис Галанос ҳимоясига чиқишини билдирганди. Шу мақсадда Галанос оиласи билан мулоқотга киришган Мўътабар Тожибоева кеча улар билан гаплашгани ва улардан Янисга оид бир қанча ҳужжатларни олганини айтади.

- Уларнинг (яъни Янос Галанос оила аъзоларининг – таҳр.) айтишича, Янис Галанос масаласи бўйича Ўзбекистон ҳукумати тарқатган баёнот баёнот нотўғри. Улар Янис Галаноснинг паспорт нусхаларини ҳам жўнатишди ва у паспорт копияларида унинг мамлакатга кириб-чиққанлигини исботловчи муҳрлар кўриниб турибди, - дейди Мўътабар Тожибоева.

“Ўтюраклар клуби” раҳбари фикрича, Ўзбекистон расмийларида Греция фуқароси Янис Галаносни 40 кунлаб тутиб туришга асос йўқ эди.

Тожибоевага кўра, Ўзбекистон расмийлари иддао қилаётганларидек, Янис Галанос Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 225-моддасида (Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиш) кўзда тутилган қоидабузарликка йўл қўйган тақдирда ҳам унга энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солиниши ёки Ўзбекистондан ташқарига чиқариб юборилиши лозим эди.

- Янис Галанос 13 ноябрь куни ҳибсга олинган экан, шу вақт ичида “унинг шахсини аниқлаш имкониятига эга бўлишмаган” деб ҳисоблайдиган бўлсак ҳам, 4 декабрь куни ҳуқуқ ҳимоячилари Васила Иноятова ва Абдураҳмон Ташановлар Янис Галанос билан Реабилитация марказида учрашганлар ва у билан суҳбат ўтказиб, ҳаттоки видеолавҳани Интернетга ҳам жойлаганлар. Бундан кўриниб турибдики, Янис Галанос ким эканини Ўзбекистон ҳукумати вакиллари олдин – 13 ноябрдан бери билишмаган бўлсаям, 4 декабрь куни билишган. Яъни бу ерда Ўзбекистон Республикасида бўлиш ҳақидаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан уни (Янис Галаносни – таҳр.) 40 кун ҳибсда сақлаш умуман қонунга зид эди. Унга ёки штраф солишлари керак эди, ёки у мамлакатдан чиқариб юборилиши керак эди, - дейди Мўътабар Тожибоева.

“Ўтюраклар клуби” раҳбари М. Тожибоева Янис Галаносга оид ўз тасарруфидаги ҳужжатларни шу бугуноқ махсус почта орқали Греция Ташқи ишлар вазирлигига йўллашини қўшимча қилди.

Бу орада, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 16 декабрь куни Греция ҳам дохил бўлган Европа Иттифоқи аъзоси Италия расмийларидан келиб тушган нота асосида Янис Галанос Тошкентда итальян дипломатлари билан учраштирилган.

“Ҳозирги пайтда Италия элчихонаси томонидан Галанос Я.С.ни Ватанига қайтариш учун ҳужжатларни ошиғич расмийлаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда”, дейилади Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан 23 декабрь оқшомида тарқатилган хабарномада.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG