Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:19

Ўзбекистонда талабаларга Янги йилни нишонлаш тақиқланди


Ўзбекистондаги олийгоҳларнинг талабаларига Янги йил базми ўтказиш қатъий тақиқланди. Янги йилни нишонламаслик борасида талабалардан тилхат олинаяпти. Талабаларнинг яширинча зиёфат бериши олдини олиш мақсадида ҳар ўн талабага бир ўқитувчи масъул қилиб бириктирилди.


Тошкентдаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар йиғилишиб, Янги йил базмини ўтказмаслиги учун вилоятдан келган талабалар 28 декабрдан бошлаб, мажбурий тарзда уйларига жўнатилади.

Тошкент Давлат Аграр университетининг ўзини таништирмаган масъул ходимига кўра, ҳар бир вилоятлик талаба ўзига бириктирилган ўқитувчи назоратида поезд ёки автобусга чиқариб юборилади.

- Ички ишлардан ходимлар чақириб, улар билан тушунтираяпмиз. "Ичма, уйингга бор", деяпмиз. Уйларига етиб бориши учун кафолат хати олинаяпти. Кафолат хатида "тўғри уйга борамиз", дейилган. Ота-оналарига ҳам айтилган. Ҳар ўнта талабага битта профессор домла бириктирилган. 27 декабрь куни охирги ўқиш куни. 28-29 декабрь куни ҳаммаси уйига бориши лозим. Бириктирилган домлалар талабани нафақат поездга чиқариб ўтказиб юбришга балки уйига бориб тушгандан кейин телефонлашиб, қайтиб келгунига қадар жавобгар, деди Аграр университети масъули.

Тошкент Автомобил-йўллар институтида ҳам талабалар 28 декабрдан 10 январга қадар таътилга чиқарилади.

Институт ходимига кўра, талабаларга бириктирилган ўқитувчи таътил пайти Тошкентлик ва маълум сабабга кўра, уйига кетмаган вилоятлик талабаларнинг яширинча Янги йил базмини ўтказмаслиги учун жавобгар ҳисобланади.

- Бизда катта байрам бўлмайди. Талабаларни қишки таътилга чиқариб юборамиз. Ҳар бир бириктирилган мураббий талабаларнинг ижарада, қариндошининг уйида ёки талабалар ётоқхонасида яшаётган манзилларга бориб, уларнинг яшаш шароитини ўрганишади. Тўла доирада тушинтириш ишлари олиб борилади. Буйруқлар ҳам чиқарилган. Унақа катта байрам, тадбирлар бизда бўлмайди, деди Автомобил-йўллар институти ходими.

Тошкент Миллий университетининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, талабалар Янги йил зиёфатларида ичкиликбозлик қилиши ва пиротехника воситаларидан фойдаланишининг олдини олиш мақсадида уларнинг бир жойга йиғилишига изн берилмаяпти.

Янги йил базми ўтказишга тақиқ нафақат пойтахт балки вилоятлар олийгоҳларида ҳам кузатилаяпти.

Андижон Қишлоқ-хўжалиги институтининг исмини очиқламасликни сўраган талабасига кўра, талабалар зиёфат қилмаслик борасида қаътий огоҳлантирилган.

"Бизга Янги йилда тўпланмайсизлар дейишди. "Ичасизлар ва пақилдоқ отасизлар, шунинг учун мумкин эмас", дейишди. Лекин талабалар йиғилишиб, яширинча зиёфат ўтказишни режалаштирамиз. Ўйлаймизки, домлаларимиз сезиб қолишмайди", деди андижонлик талаба овозини эфирга бермаслик шарти билан.

Талабаларга Янги йил зиёфатларининг тақиқланиши мавзуси икки кундирки ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлаяпти.

Жумладан, Муҳаммад исмли талаба йигит Facebookдаги саҳифаси орқали бу "шахс эркинликларининг чекланиши", дея ёзғирди.

Жорий йилда Тошкентдаги айрим банкларда ҳам янги йил муносабати билан ўтказиладиган "корпоратив байрам кеча”лари бекор қилинди. Банк менежерларидан олинган маълумотга кўра, бу банк маблағини тежаш мақсадида амалга оширилмоқда.
XS
SM
MD
LG