Линклар

“Билайн” Ўзбекистонда алоқа сифатини яхшилашни ваъда қилди


Uzbekistan -- Logo of mobile operator Beeline, undated

Uzbekistan -- Logo of mobile operator Beeline, undated

Ўзбекистондаги йирик уяли телефон оператори саналмиш “Билайн” мамлакатда алоқа сифатини яхшилаш учун 900 та янги станция ўрнатишини маълум қилди. Ўтган ойларда "Билайн” уяли телефон операторининг Тошкентдаги бош идорасида текширган солиқ ходимлари комплекс текширувлар давомида жиддий қонунбузарлик топмагани маълум қилинган эди.


Тошкентда 23 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Билайн-Ўзбекистон” бош директори Андрей Сафронюк мамлакатда янги база станциялари ўрнатилиши учун рухсатнома олинганини айтди.

- Мамлакатда янги станцияларни ишга тушириш учун рухсат олдик. Бу бизга Ўзбекистонда 900 дан зиёд янги станцияни ишга тушириш ва алоқа сифатини яҳшилаш имконини беради, - деди Сафронюк.

Ўзбекистонда 2012 йилда "Ўздунробита" ёпилиши ортидан унинг мижозлари кейинчалик бошқа компанияларга, жумладан "Билайн"га ўтиб кетди.

Бу мобил операторлар эса шунча мижозга хизмат кўрсатишга тайёр эмаслиги боис, алоқа сифати Ўзбекистонда бирдан пасайиб кетди.

“Билайн” мижозлари Ўзбекистонда алоқа сифати ҳаддан зиёд ёмонлигини айтишади.

- “Билайн”да гаплашишга жуда қийналамиз. Овоз бўлиниб-бўлиниб, умуман гапни тушиниб бўлмайдиган даражада, қайта-қайта телефон қилиб, амалляпмиз, - дейди бухоролик Шариф ака.

“Билайн-Ўзбекистон” таъсисчиси Вимпелком ширкатининг Москвадаги бош идораси матбуот вакили Галина Курганованинг Озодликка айтишича, Ўзбекистонда янги 900та база станциялари ўрнатилиши анчайин ёмонлашиб кетган мобил алоқа сифатини нафақат яхшилайди, балки келажакда 3G тармоғини йўлга қўйиш учун хизмат қилади.

- Умид қиламизки, янги станцияларнинг ишга туширилиши мижозлар кўпайгани билан боғлиқ "нагрузка"ни камайтиради ва алоқа сифатини яхшилайди. Бундан ташқари 3G тармоғи ҳам ишга туширилади. Сирдарёда янги йил арафаси мижозларимизга 3G хизматини тақдим этяпмиз, - деди Курганова.

"Билайн" бренди остида фаолият юритаётган уяли алоқа оператори ҳозир Ўзбекистонда 10 миллиондан ортиқ абонентга эга.

Октябр ва ноябр ойларида "Билайн” уяли телефон операторининг Тошкентдаги бош офисида текширув ўтказган солиқ ходимлари комплекс текширувлар давомида жиддий қонунбузарлик тополмагани маълум қилинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG