Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:40

Атамбаев Москвада "йўл харитаси"ни имзолашдан бош тортди


Қирғизистон 24 декабрда Москвада ўтган Евросиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти йиғинида Божхона Иттифоқига қўшилиш юзасидан таклиф қилинган “йўл харитаси”ни имзолашдан бош тортди.

Евросиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти йиғинида президент Алмазбек Атамбаев Россия томонидан таклиф қилинаётган “йўл харитаси” Қирғизистон манфаатларига жавоб бермаслигини айтиб, уни имзолашдан бош тортган. Бу ҳақда Озодлик радиосига Қирғизистон бош вазири ўринбосари Жўўмарт Ўтурбаев хабар берди.

- “Йўл харитаси” имзоланмади. Бунинг сабаби, мазкур харита Қирғизистон манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда қайта ишлаб чиқилиши керак. Анжуманда президент бу борада тўғридан-тўғри баёнот берди. Божхона иттифоқига аъзо давлатлар бунинг учун Қирғизистонга қанча вақт керак бўлса, шунча вақт беришга рози бўлишди, -деди Жўўмарт Ўтўрбаев.

Қирғиз расмийсининг билдиришича, Божхона иттифоқига қўшилиш юзасидан “йўл харитаси” Қирғизистон иштирокисиз ишлаб чиқилган. Шунинг учун ҳам бу харитада қирғиз томони манфаатлари ҳисобга олинмаган. Ўтўрбаев янги харита юзасидан музокаралар яна қайта ўтказилишини билдирди.

Божхона иттифоқи аъзоси бўлган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Қирғизистонни “йўл харитаси”ни Москва анжуманида қабул қилишга чақирган ва Қирғизистонга енгилликлар берилишига қарши чиққан.

-Агар қандайдир муаммо пайдо бўлса уни муҳокама қилиш керак. Лекин Божхона иттифоқига қўшлиш истагида бўлган бирор бир давлатга алоҳида имтиёзлар берилишига йўл қўймаслик лозим, - деб билдирди Қозоғистон позициясини Нурсултон Назарбоев.

Бироқ Россия президенти Владимир Путин божхона иттифоқига аъзо бўлиш истагини билдирган Арманистон ва Қирғизистонга ўз давлати кўмак кўрсатишга ҳозир эканини маълум қилди.

- Биз Ереван ва Бишкекка зарур бўлган ёрдамни кўрсатиш ниятидамиз, -деди Путин.

Москвага сафар қилишдан олдинроқ президент Атамбаев ўз мамлакати фақат Қирғизистон манфаатлари ҳисобга олинган тақдирдагина Божхона иттифоқига қўшилишини билдирган эди.

Қирғизистон бош вазири ўринбосари Жўўмарт Ўтурбаев эса Россия томонидан Бишкек иштирокисиз ишлаб чиқилган ва қабул қилиниши тавсия этилаётган “йўл харитаси” имзоланса, у ҳолда Қирғизстонда иқтисодий бўҳрон юзага келиши мумкинлигидан, бу эса мамлакат барқарорлигини издан чиқаришидан огоҳлантирган эди.

Россия, Беларус ва Қозоғистон аъзо бўлган Божхона иттифоқи 2010 йилда ташкил этилган. Қирғизистон 2011 йилда бу ташкилотга аъзо бўлиш ниятида эканини билдирган эди.
XS
SM
MD
LG