Линклар

logo-print

The Economist: Ўзбекистон халқ ғалаёнлари хавфи энг юқори бўлган давлат


Британияда чиқадиган нуфузли The Economist журнали эълон қилган рўйхатда Ўзбекистон “халқ ғалаёнлари қулоч ёйиб кетиш хавфи энг юқори бўлган” 19 давлат қаторига кирди.

Жаҳондаги 150 мамлакатдаги ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий аҳвол таҳлил этилган ушбу рўйхат The Economist журналининг Intelligence Unit тадқиқот маркази тарафидан тузилган.


The Economist Intelligence Unit маркази таҳилига кўра, Ўзбекистонда сиёсий ворислик механизмининг йўқлиги мамлакат барқарорлиги учун катта хавфдир.

Мутахассислар, одатда, сиёсий меросхўрлик режасининг йўқлиги боис, ҳокимият алмашинуви пайти элита ичида кураш кучайиши ва нотинчликларни келтириб чиқариши тайинлигини таъкидлайдилар.

Лекин, Ўзбекистонни 25 йилдан буён қаттиққўллик билан бошқариб келаётган 76 ёшли Ислом Каримов шу пайтгача ҳокимиятдан кетиш ниятини билдирмаган.

Францияда яшовчи ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов The Economist журнали хулосалари ўринли, деб ҳисоблайди.

- Ҳар битта ҳокимият алмашинуви жамият учун, жамиятдаги муаммолар учун сиёсий фурсат сифатида қаралади. Эски ҳокимият кетяпти, янгиси ҳали мустаҳкамлаб улгургани йўқ. Мана шундай пайтда жамиятнинг, сиёсий элитанинг норози қатламлари фаоллашади. Мана шу фаоллашув оқибатида сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий барқарорлик издан чиқиши эҳтимоллари кучаяди, - деди Раббимов.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг қўшнилари Тожикистон ва Қирғизистон билан зиддиятли муносабатлари ҳам эҳтимлий нобарқарорликлар учун ҳамиртуруш экани айтилади.

Қирғизистон ва Тожикистон Амударё ва Сирдарё ўзанида Қамбарота ва Роғун ГЭСларини қуришга киришгани Ўзбекистоннинг норозилигига сабаб бўлиб келади.

Ўзбекистон президенти гидрониншоотлар атрофидаги кескинлик келажакда “нафақат қарама-қаршилик, балки урушга ҳам олиб келиши эҳтимоли" ҳақида гапирган эди.

Ўзбекистон “халқ ғалаёнлари қулоч ёйиб кетиш хавфи энг юқори бўлган” 19 давлат қаторига кирган постсовет ўлкалари орасидаги ягона мамлакатдир.

Ушбу рўйхатда Ўзбекистон Зимбабве, Яман, Венесуэла, Сурия ва бошқа мамлакатлар билан бир қаторда турибди.

The Economist журнали эълон қилган рўйхатда Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон “халқ ғалаёнлари қулоч ёйиб кетиш хавфи юқори бўлган” 46 мамлакат қаторига кирди.

Бу рўйхатда Эрон,Хитой, Покистон, Туркия доҳил Беларус ва Украина ҳам бор. Россияда эса халқ ғалаёнлари рўй бериши хавфи ўртачадир.

The Economist журналининг Intelligence Unit тадқиқот маркази ҳисоботига кўра, Австрия, Дания, Япония, Люксембург, Норвегия ва Швейцария дунёдаги энг барқарор мамлакатлардир.
XS
SM
MD
LG