Линклар

Россияда "уят" сўзлар қонундан ташқари, деб эълон қилинди


Намойишчилар қўлидаги шиорларда уят сўз мумкинми-йўқлиги тўғрисида Роскомнадзор бир нарса демаган.

Намойишчилар қўлидаги шиорларда уят сўз мумкинми-йўқлиги тўғрисида Роскомнадзор бир нарса демаган.

Россиянинг Алоқа, информацион технологиялар ва оммавий коммуникациялар федерал хизмати (Роскомнадзор) босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида фойдаланиш мутлақо тақиқланадиган сўзлар рўйхатини эълон қилди.

Рўйхатдан жой олган сўзларни ўз матнларида ишлатгани учун оммавий ахборот воситалари биринчи гал огоҳлантирилади. Агар бу ҳолат 12 ой ичида 2 ёки ундан ортиқ марта такрорланса, Роскомнадзор ахборот воситасини лицензиядан маҳрум қилиш тўғрисида талабнома киритиши мумкин.


Агар Интернет нашрлар матнлари остида қолдириладиган шарҳларда сўкинч ёки уят сўзлар борлиги аниқланса, Роскомнадзор нашр таҳририятига шарҳни олиб ташлаш ёки таҳрир қилиш талабини киритади.

Мазкур янгилик тўғрисида хабар қилган “Известия” газетаси Роскомнадзор рўйхатига қайси сўзлар кирганини ҳам маълум қилган.

Айтилишича, эркак ва аёл жинсий органларининг сўзлашув тилидаги атамалари, жинсий алоқанинг сўзлашув тилидаги атамаси ҳамда енгил табиатли аёлнинг сўзлашув тилидаги атамаси ва шу атамалардан ясалган бошқа сўзларни бундан буён Россиядаги босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида ишлатиш мутлақо мумкин эмас.

“Уят сўзлар” саналиб, Роскомнадзор рўйхатига кирган сўзлар ўрнига матнларда кўп нуқта (...) ишлатишга рухсат берилган.

Шунингдек, матнларда, масалан, “Ж” билан бошланадиган сўз...” шаклида ҳам ишлатиш мумкин эканлиги тўғрисида “Известия” назоратчи идорадан олинган маълумотга таяниб ёзди.

Роскомнадзор рўйхатига кирмаган бошқа сўкинч ва уят сўзларни матбуот ва сайтларда ишлатса бўлаверади. Фақат бундай ҳолатда сайтлар матни бошига «16+» деган белги қўйилиши лозим, радиоэшиттириш ва телекўрсатувлар эса, эфирга соат 21дан кейин берилиши керак.

Жорий йил апрелида Россияда қабул қилинган қонунга биноан оммавий ахборот воситалари жамоатчилик уят ҳисоблайдиган сўзларни ишлатгани учун жаримага тортилади.
XS
SM
MD
LG