Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:12

Тошкентда жамоат транспорти хизмати яхшиланади. 2 йилдан кейин


“Тошшаҳартрансхизмат” уюшмаси пойтахтдаги йўналишли автобусларни электрон кузатиш тизимини жорий қилиш бўйича тест синови ўтказмоқда. Ташкилот расмийсига кўра, бу тизим йўловчиларга қўл телефонлари орқали ўзларига керакли автобус қаерда ҳаракат қилаётганини кўриш ва бекатга неча дақиқадан кейин етиб келишини Интернетдаги via.uz сайти орқали кузатиш имкониятини яратади.

“Тошшаҳартрансхизмат” уюшмаси пойтахтдаги йўналишли автобусларни электрон кузатиш тизимини жорий қилиш бўйича тест синови ўтказмоқда. Ташкилот расмийсига кўра, бу тизим йўловчиларга қўл телефонлари орқали ўзларига керакли автобус қаерда ҳаракат қилаётганини кўриш ва бекатга неча дақиқадан кейин етиб келишини Интернетдаги via.uz сайти орқали кузатиш имкониятини яратади.

“Тошшаҳартрансхизмат” уюшмасининг Ҳаракат хавфсизлиги хизмати бошлиғи Фарҳод Ниғмонов Озодлик билан суҳбатда автобуслар қатновини электрон кузатиш ва назорат қилиш тизими саккизта йўналишда қатнайдиган 85 та автобусга ўрнатилиб синовдан ўтказилаётганини айтди.

Ниғмонов янги кузатув ва назорат тизими жорий қилишдан кўзланган мақсад ҳақида Озодликка буларни айтди.

- Мақсад шаҳар йўловчи транспорти бир маромда ишлашини таъминлашдан иборат. Компьютерда битта одам назорат қилиб ўтиради. Ҳамма автобус ўз вақтида юрганидан кейин оралиқ-интерваллар сақланганидан кейин, жадвал бўйича ҳаракатланганидан кейин, тасарруф қоидаларига ҳам, ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига ҳам риоя қилинади. Охир-оқибат йўловчиларга кўрсатилаётган транспорт хизмати сифати яхшиланади. Йўловчилар тирбандлигининг олди олинади, деди “Тошшаҳартрансхизмат” уюшмаси расмийси.

Фарҳод Ниғмонов янги электрон тизим 2014–2015 йилларда автобусларга ўрнатилиб, 2016 йилда тўлиқ ишга туширилишини қўшимча қилди.

Унга кўра, ҳозирда Ўзбекистонда, жумладан, пойтахт кўчаларида йилдан-йилга енгил автомобиллар кўпайиб бораётгани жамоат транспортининг вақтида йўналиш бўйича қатнашини қийинлаштирмоқда. Натижада одамлар ишга борадиган ва ишдан қайтадиган пайтда автобус ва йўналишли таксиларда ярим соат ёки бир соат давомида йўловчилар тирбандлиги юзага келмоқда.

Йўловчилар тинбандлик ва ҳайдовчилар муомаласидан шикоят қилмоқда

Озодликка электрон почта орқали келаётган мактубларда ҳам пойтахтдаги йўналишли автобус ва таксилар белгиланган жадвал бўйича қатнамаслиги натижасида тирбандлик кузатилаётгани, ҳайдовчиларнинг йўловчиларга қўпол муомалада бўлиши ва автотранспортни ёмон бошқариши билдирилган.

Тошкентлик уй бекаси Гулбаҳор опа Озодликки сўнгги ойларда чекка мавзеларда қатнайдиган йўналишли таксилар сони камайганини, йўловчилар бекатларда кўп кутиб қолиши ва тирбанд “маршрутка”да юришига тўғри келаётганини айтди.

- Маршрутний таксилар олдингига нисбатан камайиб қолган. Ҳаммаси эски, шалоғи чиқиб ётибди. Охирги пайтда ростдан ҳам камайиб қолди. Кутиб қолишга тўғри келади. Илгари тинмай келарди. Яхши юрарди. Лекин ҳозир турғизиб ҳам одам олиб кетишаётибди. Чилонзорнинг 20-кварталида бурилаётган пайтда эшик очилиб иккитаси маршруткадан кўчага йиқилибди. Одам кўплигидан турғизиб олиб кетаётган бўлганде. Эшикни олдида турган пайтда очилиб ташқарига йиқилган. Бирини қўли синган, бирини оёғи синган, додлаган, бақир-чақир қилган дейишяпти, деди тошкентлик уй бекаси.

Гулбаҳор опа пойтахтнинг марказий кўчаларида йўналишли таксилар янги экани ва улар чекка мавзелардаги таксиларга қараганда яхшироқ қатнашини қўшимча қилди.

Тирбандликни бартараф қилиш чоралари кўрилмоқда

Фарҳод Ниғмонов пойтахтда транспорт тирбандлигини камайтириш орқали йўловчиларни манзилга вақтида етказиш учун Тошкент шаҳар ҳокимияти, Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва “Тошшаҳартрансхизмат” қатор ишларни амалга ошираётганини урғулади.

- Нима ишлар қилиняпти? Мана Амир Темур кўчасида “А” полоса қилинди. Бу нима учун қилинди? Шу полосадан бошқа енгил транспорт воситалари юрмаслиги учун. Автобуслар жадвал бўйича қатнашини таъминлаш учун. Кейин шаҳар марказидаги трамвай линиялари олиб ташланди ва иккитадан полоса қўшилди, йўл кенгайтирилди.

2014 йилда автобуслар учун ажратилган полосаларни кўпайтириш вазифаси қўйиляпти. Шаҳардаги светофорларни регулировка қилиш вазифаси қўйиляпти. Яъни битта кўчадан кўпроқ оқим, 800-1000 та машина келаётган пайтда ўшанга қараб светофор кўпроқ ёниб туради, деди Фарҳод Ниғмонов.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозир “Тошшаҳартрансхизмат” уюшмаси тасарруфида 1500 та автобус бўлиб, уларнинг 800 таси Германияда ишлаб чиқарилган “Меrcedes” русумли катта сиғимли автобусдан, 700 таси эса Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ISUZU русумидаги кичикроқ сиғимли автобусдан иборат.

Фарҳод Ниғмоновга кўра, “Тошшаҳартрансхизмат” автобуслари бир кунда бир миллион йўловчига хизмат кўрсатмоқда. Метро, трамвай ва йўналишли таксилар билан бирга кунига бир ярим миллион йўловчини манзилига етказмоқда.
XS
SM
MD
LG