Линклар

Петербургда тўйда қатнашаётган 4 қирғизистонлик ўқ еди


Айтилишича, ўқ травматик тўппончадан отилган

Айтилишича, ўқ травматик тўппончадан отилган

Петербург полицияси шаҳар кафеларидан бирида ўтаётган қирғиз тўйида отишма уюштирган шахсларни қидирувга берди. Жабрланганлар сўзига кўра, ўзбек экани айтилаётган бу шахслар кафега киритилмаганидан кейин муштлашув бошлаган. Ўзбек ва қирғиз диаспораси вакиллари бу жанжалга миллий тус беришнинг ҳожати йўқлигини гапирмоқда.

Петербург полицияси шаҳар кафеларидан бирида ўтаётган қирғиз тўйида отишма уюштирган шахсларни қидирувга берди. Жабрланганлар сўзига кўра, ўзбек экани айтилаётган бу шахслар кафега киритилмаганидан кейин муштлашув бошлаган. Ўзбек ва қирғиз диаспораси вакиллари бу жанжалга миллий тус беришнинг ҳожати йўқлигини гапирмоқда.

21 декабрь, шанба куни Санкт-Петербургнинг Москва туманидаги “Золотая долина” кафесида Тимур ва Айнура исмли қирғиз ёшларининг никоҳ базми якунига етай, деб қолган пайтда кафе ёнида отишма юз берди.

Соат 23:30 ларда маҳаллий полиция бўлимига келиб тушган хабардан отишма натижасида травматика тўппончаларидан бир нечта Қирғизистон фуқароси оғир жароҳат олгани маълум бўлди.

- Ҳодиса гувоҳлари сўзларига кўра, жанжал пайтида кимдир травматика пистолетидан фойдаланган. Тўрт нафар фуқаро тиббий ёрдамга муҳтож бўлди, улар турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилди. Дастлабки текширувдан кейин полиция 213- модда, яъни “Безорилик” асосида жиноят иши қўзғатди. Ҳозирда ҳодиса сабаблари ва унда иштирок этганлар шахслари аниқланмоқда, деди Озодликка Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот бўлими бошлиғи Вячеслав Степченко.

Петербург полициясининг жабрланганлар сўзларига таяниб хабар қилишича, Daewoo Nexia, Chevrolet Lacetti, ВАЗ-2109 ва Mercedes автомобилларида кафега келган бир гуруҳ ёш йигитлар кафеда “ҳордиқ” чиқариш ниятида бўлган. Асли қирғизистонлик бўлган кафе эгаларидан бири меҳмонлар аниқ ўзбеклар эканини маълум қилган.

Полиция келтирган тахминлардан бирига кўра, ходимлардан бири кафега келганларни ҳақоратли сўзлар билан ташқарига чиқариб юборганидан кейин, томонлар орасида муштлашув келиб чиққан. 29 ёшли Алтинбек Зулумбековга отилган ўқ юзига теккан, 29 ёшли Мақсат Қалигулов ва 20 ёшли Бекболот Гадибоевлар энсасидан ўқ еган. Энг оғир аҳволда қолаётган 47 ёшли Жоодар Исмоиловга отилган ўқ бош суягини тешиб ўтган, унинг боши ёрилган, кўзига оғир жароҳат етказилган: жабрланган реанимация бўлимида кома ҳолатида қолмоқда.

Қирғизистон Республикасининг Петербургдаги консули Таалайбек Абдиев “Золотая долина” кафесидаги отишмада жами 6 киши жабрланганини Озодликка маълум қилди.

Бу тўқнашув ҳақида хабар топган ўзбек диаспораси вакиллари агарда ҳужум қилганлар ўзбеклар экани аниқланса, ўзлари уларни полицияга топширишларини маълум қилишди.

Озодлик билан суҳбатда “Турон” ўзбеклар жамиятини бошқараётган Алижон Ҳайдаров бундай маиший жанжаллар турли миллатлар яшаётган Санкт-Петербургда тез-тез бўлиб туриши ва унга миллий тус бермаслик кераклигини гапиради.

- Биз Қирғизистон консули билан қўнғироқлашдик. Энди бунга алоқадор ҳаммасини аниқлашга кўмак берамиз. Тўғриси, ўзлари ҳам билмайди ким отганини. Айтишларича, ўзбекка қирғиз бир нарса дебди, ўзбек қирғизга – уришиб кетишибди. Бу оддий маиший жанжал, унга миллий тус беришга уринишмоқда айримлар. Бунгача ҳеч қандай катта тўқнашувлар бўлмаган эдику! Маиший жанжал бизда кун ора бўлиб туради – озарбайжонлик, доғистонликлар билан... Негадир айнан ўзбеклар ва қирғизлар ўртасидаги жанжалга эътибор катта, дейди Петербург ўзбеклар жамияти раҳбари Алижон Ҳайдаров.

Полиция кафеда отишма уюштирган шахсларни қидирувга берди.

Қирғизистоннинг Санкт-Петербургдаги консуллиги жароҳат олган фуқароларининг моддий ҳаражатларини тўлиқ қоплашини маълум қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG