Линклар

logo-print

С. Бекжон: Г. Каримованинг Женевадаги уйидан ўзбек музейларига оид ноëб асарлар топилди


Чингиз Ахмаровнинг "Кўзгу ушлаган қиз" асари (фрагмент).

Чингиз Ахмаровнинг "Кўзгу ушлаган қиз" асари (фрагмент).

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизига оид уйни изнсиз ва мавжуд қонунларга зид тарзда ишғол қилган ўзбек фаоли Сафар Бекжон бу уйда Ўзбекистон музейлари фондига оидлиги тахмин қилинган 60 та ўзбек тасвирий санъати дурдонаси борлигини билдирди. Сафар Бекжон бу асарлардан баъзи бирлари суратини Facebook ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасига қўйди. Сафар Бекжоннинг айтишича, у Швейцариянинг Женева кантони, 1223 ch Chemin de la Prévôté 7 кўчасидаги ва ҳужжатларда Гулнора Каримовага оид экани кўринган уйни ишғол қилганида ўнлаб санъат асарлари мита тушган гуруч ва ташландиқ ашëлар ëнида қаровсиз ëтганига гувоҳ бўлган.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизига оид уйни изнсиз ишғол қилган ўзбек фаоли Сафар Бекжон бу уйда Ўзбекистон музейлари фондига оидлиги тахмин қилинган 60 та ўзбек тасвирий санъати дурдонаси борлигини билдирди.

Сафар Бекжон бу асарлардан баъзи бирлари фотосуратини facebook ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасига қўйди.

Сафар Бекжоннинг айтишича, у Швейцариянинг Женева кантони, 1223 ch Chemin de la Prévôté 7 манзилидаги ва ҳужжатларга кўра Гулнора Каримованики, деб тушунилган уйни қонунсиз ишғол қилганида ўнлаб санъат асарлари мита тушган гуруч ва ташландиқ ашëлар ëнида қаровсиз ëтганига гувоҳ бўлган.


Картиналар фотосуратлари билан танишган ва Озодликка саволларига жавоб берган мутахассисларнинг иддаосича, бу асарлар Ўзбекистондаги музейлар мулкидир ва улар мавжуд қонунларга зид тарзда Ўзбекистондан олиб чиқилган бўлиши мумкин.

Озодлик мухбири Ўзбекистонлик санъатшунос ва рассомлар кўмагида бу картиналарнинг қандай қилиб ва қайси асосларда Гулнора Каримованинг Женевадаги уйига бориб қолганини ўрганди.

Энг аввало, санъатшунослар диққати Сафар Бекжоннинг айтишича, Гулнора Каримованинг Женевадаги уйида осиғлик турган ва фотосуратини Бекжон ўзининг facebookдаги саҳифасига қўйган Ўзбекистон халқ рассоми Чингиз Аҳмаровнинг “Соҳибжамол” асари фотосуратига тушди.

Фотосуратда айнан Чингиз Аҳмаровнинг "Соҳибжамол"и акс этганлиги эҳтимоли жуда катта эканлигини Аҳмаровнинг яқинлари, шогирдлари ва санъатшунослар Озодлик мухбирига айтди.

Картина фотосурати билан танишган Ўзбекистон халқ рассоми Ғафур Қодиров, Чингиз Аҳмаров билан шахсан таниш бўлган ва ҳозир АҚШда яшовчи рассом Сергей Игнатьевлар бу фотосуратда Чингиз Аҳмаров мўйқаламига оид бўлган асар акс эканини ва асарнинг ўзбек маданияти дурдонаси эканлигини эътироф қилишди.

Ўз вақтида Гулнора Каримова билан ҳамкорлик қилган ва ҳозир Канадада истиқомат қиладиган санъатшунос Борис Чухович ҳам фотосуратда акс этган картинанинг оригинал эканини мутлақо тасдиқлади.

Озодлик билан суҳбатлашган мутахассисларнинг барчаси Ўзбекистон маданияти "олтин фонди"га оид бу асарнинг қайси ҳуқуқий асосларда ва нима мақсадда мамлакатдан олиб чиқиб кетилгани борасидаги саволни ўртага ташлади.

Озодлик мухбири бу саволни ўрганиш жараëнида Гулнора Каримовага нисбат берилган Женевадаги уйда ўзбекистонлик рассомларнинг 60 та тасвирий санъат асари борлигини Сафар Бекжон ёрдамида аниқлади.

Бу уйни ишғол қилган ўзбек фаоли Сафар Бекжон эълон қилган картиналар фотосуратларини кўрган санъатшунослар бу картиналар "Ўзбекистон тарихидаги энг обрўли рассомларнинг сара асарларидан иборат шубҳали коллекция эканлигини" эътироф этишди.

Чингиз Аҳмаровнинг “Соҳибжамол”, ”Уйғур гўзали” ва “Кўзгу ушлаган қиз” картиналари, тасвирий санъатнинг “Туркистон авангарди” оқими намояндаси, 1964 йили оламдан ўтган Виктор Уфимцев мўйқаламига оид учта рангтасвир асари, Ўзбекистон халқ рассоми Рўзи Чориев ва бошқа ҳозирда марҳум бўлган бошқа таниқли рассомларнинг асарларини Женевадаги виллада қаровсиз бир ҳолда ëтганини хабар қилди Сафар Бекжон.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизига оид экани айтилган уйни ишғол қилган ўзбек фаоли Сафар Бекжон баъзи картиналар рамкасида музейга оид темир лавҳалар борлигини иддао қилади:

- Масалан, Рўзи Чориевнинг “Пахта” асарида ана шундай темир лавҳа бор. Бу расмларнинг бирортасини орқасида мамлакатдан олиб чиқиб кетиш учун изн берилгани ҳақида муҳр йўқ, дейди Сафар Бекжон.

Бекжондан олинган бу маълумотни эшитгач, Канадада истиқомат қиладиган санъатшунос Борис Чухович бундай деди:

- Одатда четга олиб чиқиладиган картиналар орқасига Маданият вазирлиги экспертиза бўлими муҳр уриб беради. Шу муҳр асосида картиналар божхонадан ўтади. Женевадаги асарларнинг орқа тарафида бундай муҳр йўқ экан, демак изнсиз олиб чиқилган. Масалан, Виктор Уфимцев асари ноëблиги билан фарқланади. Бу асарни қандай олиб чиқилгани қоронғу, дейди Борис Чухович.


Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлиги қошидаги экспертиза бўлимининг исми сир қолишини истаган мулозими сўзларига қараганда, Женевадаги уй ичидан чиққан картиналарнинг мамлакатдан олиб чиқилишига қонуний асос йўқ эди:

- Мавжуд қонунга кўра,1964 йилгача чизилган расмларнинг Ўзбекистон чегарасидан ташқарига чиқарилишига изн берилмайди. Сиз расмнинг эгаси бўлсангиз ҳам уни олиб чиқа олмайсиз. Бу умумий қонун. Энди Чингиз Аҳмаров, Виктор Уфимцев каби таниқли рассомларнинг асари бўлган ҳолатда бу тақиқ янада қатъийлашади. Яъни бу таниқли рассомларнинг асарлари 1964 йилдан кейин яратилган бўлса ҳам, улар яратган асарларнинг дурдона экани боис мамлакатдан чиқарилишига изн берилмайди, деди Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлиги қошидаги экспертиза бўлими мулозимаси.

Шу ўринда Женевадаги уйда турган Виктор Уфимцевга оид картиналар 1959 ва 1960 йилда яратилганини эслатиб қўйишимиз лозим.

Озодлик суҳбатлашган рассом Сергей Игнатьев, ўз тасарруфидаги маълумотларга асосланиб, бу асарларнинг музей фондларидан ўғирланган бўлиши мумкинлигини иддао қилди.

Тошкентлик рассом Вячеслав Охунов Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистондаги музей фондларидаги асарлар мулозимлар тарафидан ўғирланаëтгани ҳақида маълумотга эга эканлигини айтди:

- Бир танишим музей экспонатлари бўлган расмларнинг холстига урилган давлат муҳрларини ювиб ташлашга буюртма олганини гапириб берди. Мен қизиқиб тафсилотларини сўрадим. Ўрганганим шу бўлдики, уюшган жиноий гуруҳ Ўзбекистон музейларидаги асарларни мамлакатдан олиб чиқиб кетиш билан мунтазам шуғулланмоқда, дейди тошкентлик рассом.


Озодлик суҳбатлашган рассом ва санъатшунослар ўзбек санъати ва маданиятининг ажралмас қисми бўлган маънавий бойликнинг Женевадаги ҳеч ким яшамайдиган уйга шубҳали тарзда бориб қолишини, боз устига қаровсиз тарзда ëтишини кескин қоралашди.

Мавжуд воқеани ўрганган ва исми матбуотга сизмаслигини истаган лондонлик ҳуқуқшуноснинг Озодликка айтишича Сафар Бекжон ўзи ишғол қилган уйдан топилган бадиий коллекция ҳақида полицияга маълумот бериши керак:

- Бу ҳолатда Ўзбекистонга оидлиги аниқ бўлган бадиий асарлар коллекцияси топилгани аниқ. Бу коллекция Гулнора Каримованинг санъат асарлари контрабандаси билан шуғулланганлиги борасидаги айбловларга исбот бўлиши ва Сафар Бекжоннинг ҳуқуқий суғуртаси учун ҳам лозим, деди ҳуқушунос.

Суҳбатдош Женевадаги Гулнора Каримованинг уйидан топилган маданий бойлик устидан жамоатчилик назорати ўрнатиш лозимлигини ҳам айтди.

Озодлик ўз суриштируви мобайнида Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирилигида ишлаган ва тасвирий санъат учун учун маъсул бўлган собиқ мулозимга ҳам мурожаат қилди.

Ўз исми эълон қилишини истамаган бу арбоб Озодлик билан ёзишмада музейларга оид санъат асарларининг мулозимлар тарафидан талон-тарож қилиниши схемаси тафсилотларини очиқлади.

Ўз иддаосини facebook тармоғи орқали Озодликка йўллаган бу собиқ мулозим Ўзбекистон музейлардаги шоҳ асарларни ноқонуний тарзда ким ошди савдосига чиқарилгани борасидаги иккита факт билан ўртоқлашди:

- Рассомлар асарларини танлаш билан санъатшунослик фанлари доктори Н. А.(Бу исм ва бундан кейин келадиган исмларни мулозим тўлиқ келтирган, бироқ уларнинг ўзлари билан боғланишнинг ҳозирча имкони бўлмагани учун ҳозирча бош ҳарфлари билан чекланамиз - Озолдлик) бу рассомларнинг кўргазмаларини Россия ва бошка хорижий давлатларга олиб чиқиш ва у ерларда аукционлар ва катта-катта коллекционерлар билан олди-берди килишни тўлиқ Э. А. олиб боради. Бундан икки йил олдин Ахмаровнинг юбилей кургазмаси Фонд Форум томонидан катта тантаналар билан ўтказилган эди. Ўшанда Э. А. бу кўргазмани ëритиш учун келган республика телевидениясини туширишга қўймай, Опа (Гулнора Каримова) рухсат бермади, деб ҳайдаб юборган. Ахмаров асарларининг кейинги 100 йилдаги энг катта ретроспективаси шу бўлган.Шундан кейин бу кўргазмадаги кўплаб асарлар Россия ва чет элларга равона бўлган, деб ёзди собиқ мулозим.

Озодлик билан ёзишмани давом эттирар экан, собиқ мулозим Ўзбекистон Давлат санъат музейидаги энг машҳур асар бўлган “Она ўйлари” асари ҳам махсус схема асосида мамлакатдан олиб чиқиб кетиб, сотиб юборилишига бир баҳя қолган:

- Москвада раҳматлик Раҳим Аҳмедовнинг катта шахсий кўргазмаси ташкил этилган, унга Ўзбекистон музейларидан ҳам бир қанча шоҳ асарларни зўравонлик билан Опанинг номидан олиб боришган. (Опа дейилганида Гулнора Каримова назарда тутилган) Хусусан, бутун дунëга машҳур булган "Она ўйлари” асарини ҳам Москвада хусусий коллекционерларга сотишга келишилган. Ўзбекистон ДСМ нинг бебаҳо дурдонаси булган бу асарни 58 мингга (58 минг АҚШ доллари) га сотиб олишга Э. билан келишишган. (Э. - рассом Раҳим Аҳмедовнинг қизи) Э. отаси Раҳим акани бу асаридан Москванинг ўзида копия ишлаб беришга кўндирган. Бироқ кўргазма залининг бошлиғи бундан хабар топгач,қаттиқ жанжал рўй берган.Москвадаги кўргазмага асосий, музей фондидан олинган ишларни зудлик билан Тошкентга қайтариб жўнатишган. Олинган аванс эвазига рўйхатда бўлмаган ишларни бериб қутулишган.Тансиқбоев ва Уфимцев асарлари кўргазмалари ҳам шу каби хуфëна ва Опа топшириқ берди, деган темпларда ўтказиб келинган, деб ёзган собиқ мулозим бундай ҳолатлар камида бир марта Интерпол тафтишига мавзу бўлганини ҳам ëзади:

- Бундай схемада ташкил килинган бир-икки кўргазмаларга Ўзбекистоннинг давлат музейларидан олиб чиқиб кетилган баъзи шедеврлар билан боғлиқ кўнгилбузар ЧП лар туфайли Вазир Рустам Қурбонов ишдан кетган дейишади.(Маданият ва спорт ишлари вазири назарда тутилган) Н. ва Э. Опага таништирган парижлик (асли болгариялик) санъатшунос Андре Наков Бельгия чегарасида Интерпол томонидан ушланиб, унинг ëнидан топилган 10 та тасвирий санъат асари Ўзбекистон Давлат Санъат музейидан олинди, дея гумон килиниб текширилган эди, деб ёзди Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигида ишлаган ва соҳа учун маъсул бўлган собиқ мулозим.

Мулозим иддаосига кўра, айнан Гулнора Каримова яратган схема асосида Ангрендаги Уфимцев галереясидан Кашина,Тансиқбоев, Лабас, Ахмаров асарлари сирли тарзда ғойиб бўлган.

Озодлик мухбири Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигига қўнғироқ қилиб мамлакат музейларига оид экани айтилган ва ҳар қандай ҳолатда ҳам Ўзбекистондан чиқаришга қонунан изн бўлмаган Ўзбекистон рассомларининг 60 та дурдона асарининг Женевадаги ҳеч ким яшамайдиган уйда ëтиши борасида изоҳ сўради.

Озодлик мухбири ўз сўровида расмлар турган уйнинг Гулнора Каримовага оид экани айтилаëтганини ҳам вазирлик вакилига билдирди.

Ўзини Дилфуза Қаршибоева, деб таништирган Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот хизмати вакили Озодлик мухбирига қисқа жавоб бериш билан кифояланди:

- Бизни экспертиза бўлими айтган гаплар тўғри. Дурдона асарлар ва 1964 йилгача яратилган асрлар мамлакатдан чиқарилмайди. Бошқа масалалар бўйича қабулхонага келиб вазирнинг ўзига мурожаат қилишингиз керак, деди мулозима.

Гулнора Каримованинг уйини ишғол қилган Сафар Бекжоннинг айтишича¸ уйдан 18 асрда кўчирилган “Қуръони карим” нусхаси ҳам топилган. Лекин бу - бошқа суриштирув мавзуи.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG