Линклар

Тожикистон Олий суди мухолифат етакчиларидан бири, собиқ саноат вазири Зайд Саидовни 26 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Айни пайтда, милиция ходимлари суд биноси олдига йиғилган Саидовнинг ўнлаб тарафдорини куч билан тарқатиб юборди.

Тожикистон Олий суди мухолифат етакчиларидан бири, собиқ саноат вазири Зайд Саидовни 26 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Айни пайтда, милиция ходимлари суд биноси олдига йиғилган Саидовнинг ўнлаб тарафдорини куч билан тарқатиб юборди.

25 декабрь куни Шавкат Абдулҳайров бошчилигидаги Тожикистон Олий суди ҳакамлари мухолифат раҳбарларидан бири, собиқ саноат вазири ва йирик тадбиркор Зайд Саидовни молиявий фирибгарлик, пора берганлик, хизмат салоҳиятларини суиистеъмол қилганлик, кўп хотинлилик ва 16 ёшга тўлмаганларни жинсий алоқа қилишга зўрлаганлик, товламачиликда айбдор деб топиб 26 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Суд ҳукмида Саидовнинг мол-мулки мусодара этилиши кераклиги ҳам қайд қилинган.

Озодлик мухбирига кўра, чоршанба кунги ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган маҳкамага Саидовнинг адвокати ва ўғлидан бошқа ҳеч ким киритилмаган.

Зайд Саидов ўзига қўйилган барча айбловлар сиёсий асосга эга эканини таъкидлаб уларни инкор қилган.

Суд ҳукми ўқилганидан сўнг Саидовнинг адвокати Шуҳрат Қудратов журналистларга ҳукм “сиёсий бўлгани”ни таъкидлади.

- Нафақат бу иш хатто суд ҳукми ҳам сиёсий бўлди. Шуни ишонч билан айтишимиз мумкинки, у қўлга олинганидан ҳукм ўқилганигача бўлган барча жараён сиёсий таъқиб асосида бўлди, дея баёнот берди адвокат Шуҳрат Қудратов.

Озодлик мухбирига кўра, чоршанба кунги суд ҳукми Зайд Саидовга қарши олтита жиноий иш асосида чиқарилган.

Ҳукумат расмийларига кўра, Саидовга қарши очилган бошқа жиноий ишлар бўйича тергов-суриштирув давом этмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари журналистларнинг суд залига кириши, суратга олиши ва овоз ёзиб олишига изн бермади.

5 декабрь куни давлат қораловчиси Абдусаме Додобоев 10 та айблов бўйича Саидовга 28 йиллик қамоқ жазоси берилиши кераклигини талаб қилган.

24 декабрь куни Тожикистон Олий суди коллегияси давлат қораловчисининг ушбу талабини муҳокама қилган.

Рўйхатга олинмаган “Янги Тожикистон” сиёсий партияси лидери бўлган Зайд Саидов жорий йил май ойида ҳибсга олинган эди.

Шу йил бошида Тожикистонда 6 ноябрда ўтказиладиган президентлик сайловига тайёргарлик бораётган пайтда Зайд Саидов ўз сиёсий партияси дастурини тақдим қилган ва ҳукуматни “самарасиз ислоҳотлар, ўрта ва майда бизнес юритувчи тадбиркорларга босим ўтказаётганлик, нахлар ошиб бораётгани ва расмийлар орасида коррупция кенг тарқалганлик”да айблаган эди.
XS
SM
MD
LG