Линклар

logo-print
24 декабрь куни Греция Республикаси фуқароси, 31 яшар Янис Галанос ўз юртига депортация қилинди. Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига кўра, Галанос 24 декабрь куни соат 12:10 даги Тошкент – Истанбул – Афина авиарейси билан ўз мамлакатига учириб юборилган.


Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги баёнотига кўра, Янис Галаноснинг мамлакатдан депортация қилиниши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.11.1996 йилдаги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 225-моддаси 1-қисмига мосдир.

Янис Галанос Ўзбекистон Республикасида бўлишнинг амалдаги қоидаларини бузганлиги боис унинг мамлакатдан чиқариб юборилиши борасида Италиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига махсус сертификат тақдим қилинган.

Бироз муқаддам ИИВ матбуот хизмати Галанос муддати ўтиб кетган паспорт билан Ўзбекистонда юргани сабабли қўлга олинганини маълум қилган эди.

Вазирликнинг маълум қилишича, Тошкентда туғилган 31 ёшли Янис Галанос 2009 йили Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиб, Греция фуқаролигини қабул қилган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 16 декабрь куни Греция ҳам дохил бўлган Европа Иттифоқи аъзоси Италия расмийларидан келиб тушган нота асосида Янис Галанос Тошкентда итальян дипломатлари билан учраштирилган.

Ўтган ой охирида Г. Каримова ўз Твиттер саҳифасида Янис Галанос қийноққа тутилганини иддао қилганди.

"Янис Галаносни жуда қаттиқ калтаклашган ва у камера олдида кўрсатма беришга мажбур бўлган - қандай даҳшат, бу каби ҳолатларни аввал фақат фильмлардагина кўрардик", дея твитлаганди Каримова.

Дизайнер, фотограф Галанос шу пайтгача Каримова лойиҳаларининг фаол иштирокчиси бўлган. Гулнора Янисга нисбатан қийноқлар айнан МХХ Ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Ҳаёт Шарифхўжаев буйруғи орқали амалга оширилганини иддао қилганди.

Шундан сўнг Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакиллари 4 декабрь куни Тошкентдаги Реабилитация марказида Греция фуқароси Янис Галанос билан учраштирилган, учрашувда Галанос ўзининг қийноққа тутилганини рад этганди (мазкур учрашув “Эзгулик” жамияти ходимлари томонидан видеога ҳам олинган).

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG