Линклар

logo-print

25 декабр куни, қишки таътилга чиқиб кетишидан олдин, Федерация Кенгаши меҳнат муҳожирлари учун рус тили ва Россия тарихидан мажбурий имтиҳон жорий этиш тўғрисида Россия Давлат Думаси қабул қилган қонунни маъқулламади. 2015 йил, 1 январда кучга кириши керак бўлган бу ҳужжатда Россия парламентининг юқори палатаси аъзолари “қатор юридик хатолар” топди.

25 декабр куни, қишки таътилга чиқиб кетишидан олдин, Федерация Кенгаши меҳнат муҳожирлари учун рус тили ва Россия тарихидан мажбурий имтиҳон жорий этиш тўғрисида Россия Давлат Думаси қабул қилган қонунни маъқулламади. 2015 йил, 1 январда кучга кириши керак бўлган бу ҳужжатда Россия парламентининг юқори палатаси аъзолари “қатор юридик хатолар” топди.

Давлат Думаси 20 декабрда қабул қилган “Хориж фуқароларининг Россия Федерациясидаги ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, Россияда ишга рухсатнома, вақтинчалик яшаш рухсатномаси ёки доимий яшашга рухсат берувчи ҳужжатга даъвогар меҳнат муҳожирлари мажбурий тарзда рус тилидан имтиҳон топширишлари зарур эди.

Бундан ташқари, 2015 йилнинг 1 январидан кучга кириши режалаштирилган қонунда мигрантлар Россия қонунчилиги ва тарихи тўғрисида умумий тасаввурга эга бўлишлари шарт қилиб белгиланган эди.

Бироқ, бу ҳужжатда кўплаб юридик зиддиятларни топган Федерация Кенгаши сенаторлари уни қайта кўриб чиқиш учун қайтариб юборди. “Қонун жуда тўғри, аммо юридик жиҳатдан хатолари мавжуд”, деди Федерация Кенгаши спикери Валентина Матвиенко.

Жумладан, сенаторлар бу қонунни кучга киритишдан олдин имтиҳон топширганлик ҳақидаги сертификат тузилиши борасида “Таълим тўғрисида”ги федерал қонунга ўзгартиш киритиш кераклигини таъкидламоқда.

Россия парламенти юқори палатасининг Конституциявий қонунчилик, ҳуқуқий ва суд масалалари, фуқаровий жамиятни ривожлантириш қўмитаси раиси муовини Константин Добринин лойиҳага қўйилаётган талабларни “Финам” радиоси эфирида овоза қилди.

- Бундай кўринишда қонунни мутлақо қабул қилиш мумкин эмас. Уни аввал яхшилаб ўқиб чиқиш керак. Акс ҳолда қонун кулгили вазиятларни юзага келтириши мумкин. Масалан, 2015 йилнинг 1 январидан миллион-миллион муҳожир бориб сертификат олиши керак. Бунинг ахир юридик жиҳатдан иложи йўқ! Буни мен қонун босим остида, шошилинч қабул қилингани билан изоҳлайман, деди лойиҳани ўтказмаган парламент аъзоси.

Бундан олдинроқ, Россия Маориф вазирлиги ва Федерал миграция хизмати бир нечта фандан мигрантлар учун тест саволларини тайёрлаб, парламент муҳокамасига олиб чиққан эди.

Айтиш жойизки, қонун лойиҳасида мажбурий имтиҳонлардан лаёқатсиз шахслар, ёши 18 гача ва 60 ёшдан ошганлар, юқори малакали мутахассислар ҳамда хорижда яшаб Кўчиш дастури асосида Россияга доимий яшашга келган фуқаролар озод этилиши белгиланган.

Россия Мигрантлар иттифоқи раҳбари Муҳаммад Амин Маъжумдор Озодлик билан суҳбатда бу қонунни “аҳмоқлик кўриниши” сифатида баҳолаган бўлсада, унинг қабул қилинишига шубҳа қилмаслигини айтди.

- Рус тили билан боғлиқ имтиҳон тушунарли, аммо тарих ва қонунчилик асослари бўйича тестларни қандай тушунса бўлади?! Ҳатто руслар ўз тарихини яхши билмайдику, қонунлар эса тез-тез ўзгариб турибди. Нега уларни меҳнат муҳожирлари билиши керак? – дея савол қўйди Мигрантлар иттифоқи раиси Муҳаммад Амин Маъжумдор.

Федерация Кенгаши раисаси Валентина Матвиенко қонун лойиҳасининг кам-кўстини тўлдириш учун ортга қайтарилганини изоҳлар экан, Федерация Кенгаши таркибида махсус комиссия тузилишини маълум қилди. Бу комиссия 2014 йилнинг январида камчиликларни бартараф қилажаги айтилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG