Линклар

Ўзбекистонда кўп болали оналар учун солиқ имтиёзлари Янги Йилда бекор қилинади

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда 2014 йилда беш тоифадаги жисмоний шахслар учун имтиёзлар бекор қилинади. Жумладан Иккинчи жаҳон урушида Ленинград қамали пайтида ишлаган шахслар, касбий фаолияти давомида ногирон бўлган ички ишлар ходимлари, Афғонистон уруши қатнашчилари, ўн нафардан кўп бола туққан аёллар, Чернобиль АЭСи фалокатини бартараф этишда иштирок этган жисмоний шахслар солиқ имтиёзидан маҳрум этилади.

Бу ҳақда президент Ислом Каримов имзолаган “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2014 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда айтилади.

Янги қонунга кўра, Ўзбекистон Солиқ кодексининг 2-моддасидаги 3,4,6,8 ва 9 бандлари олиб ташланган.

Яъни, 2014 йилнинг биринчи январидан бошлаб беш тоифадаги жисмоний шахслар даромад солиғига оид имтиёзлардан маҳрум қилинади:

- 1941 йилнинг 8 сентябридан 1944 йилнинг 27 январигача Ленинград қамали пайтида шаҳарда ишлаган шахслар;

- хизмат вазифасини бажараётган пайтда жароҳат олиб ногирон бўлиб қолган ички ишлар идоралари ходимлари;

- ҳарбий амалиётлар олиб борилган Афғонистон ва бошқа мамлакатларда ҳарбий хизмат ўтаган шахслар.


2014 йилнинг биринчи апрелидан эса:

- Ўн ва ундан кўп бола туққан аёллар;

- Чернобиль АЭСидаги халокат оқибатларини бартараф этишда жабрланган шахслар даромад солиғига оид имтиёзлардан маҳрум қилинади.


Расмий манбаларда бу "Қонун хўжалик юритувчи субъектлар ва бутун иқтисодиёт зиммасига тушадиган солиқ юкини янада камайтиришга, солиқ солиш тизимини соддалаштиришга, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисмини мустаҳкамлашга ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришга қаратилгани" айтилади.

Бироқ, Афғонистон уруши қатнашчиси жиззахлик Зиёдилло Раззоқовнинг фикрича, “чернобилчи” ва “баналмилалчи”ларнинг имтиёзлари бирин-кетин бекор қилиб борилиши ҳукуматнинг силласи қуриётганидан дарак беради:

- Илгари энг кам иш ҳақининг тўрт бараваригача маош бўлса, ундан 50 фоиз даромад солиғи тўлаш имтиёзига эга эдик, мол-мулк солиғидан озод эдик. Энди шундан ҳам қолибмиз-да. Ўзи биз “афғон”чиларга ҳеч қандай имтиёз қолмади. Шаҳар жамоат транспортида текин юриш, касалхоналарда текин даволаниш, узоқ сафарлар учун чипталарнинг 50 фоизлик имтиёзлари аллақачон йўқ бўлган. Ваҳоланки, Ўзбекистондан бошқа МДҲ давлатларида ана шу имтиёзлар сақланиб қолган, деди Зиёдилло Раззоқов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG