Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:28

Бухородаги ягона оилавий “Меҳрибонлик уйи” ёпилди


Роҳила опа Муҳаммадиеванинг хонадонида улғаётган 5 бола давлатга қарашли "Меҳрибонлик уйи"га олиб кетилди.
Роҳила опа Муҳаммадиеванинг хонадонида улғаётган 5 бола давлатга қарашли "Меҳрибонлик уйи"га олиб кетилди.
Бухородаги қарийб 20 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган ягона оилавий “Меҳрибонлик уйи” шаҳар ҳокимлиги томонидан ёпилди. Муассаса раҳбари ва тарбияланувчиларининг ўз ҳуқуқларини талаб қилиб чиқиши “Меҳрибонлик уйи”нинг ёпилишига сабаб бўлгани айтилаяпти.

Бухородаги ягона "Меҳрибонлик уйи"нинг ташкилотчиси Роҳила Муҳаммадиеванинг 26 декабрь куни Озодликка айтишича, собиқ тарбияланувчиларининг уйсиз қолаётгани борасидаги шикоятлари муассасанинг ёпилишига сабаб бўлган.

- Болаларнинг уйи йўқ деб чиқдик. Шундан кейин бирдан келиб, текшириб, ҳеч қандай нима топмасдан "ёпилсин", дейишди. Менга айтганлари, ХДП партияси бизга хат берган "Болаларни ахборот воситаларига жалб қилганлар", деб. Мен қандай жалб қиламан, болалар катта ўзи. 23-25 ёшга киришган. Ёпилгандан кейин менга "Хатоингизни биласизми", дейишди. Мен "20 йилдан буён бирорта хато қилмадим, хатони сизлар қилдингизлар. Болалар кўчада қолишди", десам, "Сиз радиода чиқдингиз", деб айтишди, дейди Роҳила Муҳаммадиева.

67 яшар Роҳила Муҳаммадиева оилавий "Меҳрибонлик уйи"ни 1994 йили очган. Шу давр мобайнида “учирма” қилинган беш тарбияланувчи ҳамон уйсиз.

Ота-онасиз қолганлиги учун “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланадиган болалар муассасани битириб чиққанидан сўнг, Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарорига биноан, давлат ҳисобидан уй-жой билан таъминланиши керак.

Роҳила опа собиқ тарбияланувчиларининг ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, турли ташкилотларга мурожаат қилди. Озодлик орқали ҳам айни мавзусида жорий йилнинг апрел ойида махсус эшиттириш эфирга узатилди.

Роҳила опага кўра, ташкилотларга мурожаатлар ва матбуот орқали чиқишлардан сўнг Бухоро шаҳар ҳокимлигидан махсус гуруҳ келиб "Меҳрибонлик уйи"да текширув ўтказган. Ушбу текширув натижалари "Меҳрибонлик уйи"ни ёпишга асос бўлган.

Роҳила опанинг айтишича, текширув натижасида жиддий айблов топилмаган бўлсада, махсус гуруҳ "Меҳрибонлик уйи"ни ёпишга қарор қилган.

- Ҳеч қандай молиявий нимамиз йўқ. Бирон хатомиз йўқ. Битта-иккита документимиз сал кам экан. Документ етишмас экан. Топган айблари шу бўлди. Ҳокимиятдан группа ташкил қилишган. Огоҳлантирмасдан беш киши келди. Санстанциядан бор эди. "Нимага туалетнинг тешиги битта, иккита эмас", дейишди. Кейин қизимни чақириб, мажбур ариза ёздириб олишган. Туалет янги қурилган эди. Янги. Тўғри тешиги битта. Бунинг учун "Меҳрибонлик уйини" ёпиш керак эмаску, дейишмади, дейди Муҳаммадиева.

Роҳила опа хонадонидаги "Меҳрибонлик уйи" ёпилгач, унинг 5 нафар тарбияланувчиси Бухородаги ҳукуматга қарашли 32-сонли "Меҳрибонлик уйи"га олиб кетилган.

- Уйда бешта бола бор эди. Бу болаларнинг иккитаси 10 йилдан буён менинг уйимда эди. Боламнинг ўлигини олиб кетгандай, олиб кетдилар болаларни. Бу кунни ҳеч тасвирлаб бера олмайман. Улар болам қатори эди. Шундай ёмон бўлдик. Болалар шунақа йиғлади. Уларни эшикдан олиб чиқиб бўлмади. Шунақа йиғлашди. Мен учун ўлим билан баробар бўлди, дейди Роҳила опа.

Роҳила Муҳаммадиева “Меҳрибонлик уйи”ни 1994 йили ташкил қилганидан буён 15 нафар бола унинг хонадонида тарбия топди. Вояга етган болаларнинг биринчиси бундан етти йил аввал “Меҳрибонлик уйи”ни тарк этган. Лекин у ва яна тўрт нафар собиқ тарбияланувчи ҳануз бошпанасиз яшаяпти.

Озодлик мухбири Бухородаги "Меҳрибонлик уйлари" учун масъул бўлган Бухоро шаҳар ҳокимлигининг хотин-қизлар бўлими бошлиғи Матлуба Бадриддинова билан боғланди.

Бадриддинова ўзининг бу лавозимга яқинда келгани боис оилавий "Меҳрибонлик уйи"нинг ёпилиш тафсилотларини ўрганиб кўриб, кейин жавоб беришга ваъда қилди.

Демак, Озодлик ушбу мавзуга яна қайтади.
XS
SM
MD
LG