Линклар

Қирғизистонда Суриядаги жангларда иштирок этган фуқаро қўлга олинди. Миллий хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, мазкур шахснинг Суриядаги жанговар лақаби Усома бўлган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, Қадамжой туманида истиқомат қилувчи, 1987 йилда туғилган Алишер Абдуқаҳҳоров 16 декбарда махсус хизматлар ўтказган амалиёт пайти қўлга олинган.

-Бу шахс 2012 йилда ноанъанавий исломий ташкилотга аъзо бўлгани ва Боткен вилояти аҳолиси ўртасида террорчилик ғояларини тарғиб қилгани аниқланди. Алишер Абдуқаҳҳоров жорий йилнинг май ойидан октябрь ойигача Сурияда бўлиб, махсус тайёргарликдан ўтган ва жангари гуруҳлар таркибида Сурия ҳукумат кучларига қарши жанг қилган, -деди Миллий хавфсизлик хизмати матбуот котиби Рахат Сулайманов.

Шу йилнинг баҳорида Қирғизистоннинг жанубий вилоятларидан ўнга яқин одам Сурияга “жиҳод қилиш” учун кетгани тўғрисида расмий хабарлар пайдо бўлган эди. Бироқ айрим интернет сайтларида 140 дан ортиқ қирғизистонликлар Сурияга кетгани ҳақида таҳминлар борлиги ҳам айтилган.

16 декбар куни йил якунларига бағишланган матбуот анжуманида Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ҳам бу мавзуни тилга олган эди.

-Очиғини айтсам, Сурияга кетган йигитларнинг кўпини қайтариб олиб келдик. Сурияда қолган қирғизистонликлар ҳали ҳам бор, лекин кўпчилигини қайтардик. Миллий хавфсизлик хизмати бу йўналишда иш олиб бораяпти. Махсус уюшган гуруҳ Қирғизистон ҳудудидан-Бишкекдан туриб Сурияга қозоқ, ўзбек, қирғиз йигитларини жўнатган, -деган эди Алмазбек Атамбаев.

Уч йилдан бери давом этаётган фуқаролар уришида иштирок этиш учун Марказий Осиёнинг деярли барча давлатларидан ёлланма одамлар Сурияга боргани ҳақида маълумотлар бор. Матбуотнинг билдиришича, улар президент Башар Ассадга содиқ кучларга қарши урушаётган қуролли мухолифат сафларида жанг қилишмоқда. Ёлланма жангарилар ўзларини “жиҳодчилар” деб аташи ҳам айтилган. Бу борада Озодлик радиосига 11 декабр куни асли Қирғизистоннинг Қизилқия шаҳридан бўлган ва айни пайтда Суриядаги жангларда иштирок этаётган, ўзини Ахмаджон Хошимов деб таништирган шахс ҳам гапириб берган эди. Унга кўра, Суриядаги жанглар “ислом йўлидаги жиҳод”дир ва бу “жиҳодда” 500га яқин ўзбек қатнашмоқда.

2011 йилда бошланган Суриядаги фуқаролар уришида БМТ маълумотига қараганда юз мингдан ортиқ одам ўлган ва бир неча миллион одам қочқин сифатида мамлакатни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG