Линклар

Тошкент ҳайвонот боғига ўзаро ҳайвонларни айирбошлаш дастури доирасида Россиянинг Калининград шаҳридан Алекс лақабли бир яшар шер боласи келтирилди.

Янги йил арафасида Тошкент ҳайвонот боғига Россиядан шер боласи олиб келинди.

Алекс лақабли бир ёшли шерни Ўзбекистон иқлимига ўргатиш учун ҳозир уни вақтинча карантинда сақлашмоқда.

- Жуда муҳташам, соғлом шер. Боғимизда шерлар кўп. Аввалроқ, Новосибирскдан урғочи шер олган эдик, буниси эркак, бу ҳайвонлар ген ранг-баранглигини таъминлаш имконига эгамиз, - дейди ҳайонот боғи мутахассиси Феруза Фаттоҳова.

Шер боласининг Ўзбекистонга олиб келиниши Россия зоопарклари билан ҳайвон алмашиш дастури доирасида амалга ошди.Калининград ҳайвонот боғи бош зоологи Евгений Козловскийнинг айтишича, ҳайвонларни ўзаро айирбошлаш ҳайвонот боғларидаги ген ранг-баранглигини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.

Келажакда Тошкент боғи Россиянинг Приморье ўлкасидан икката айиқ олмоқчи.

- Россия ҳайвонот боғлари билан алмашув келишувимиз бор. Биз уларга қушларни берамиз. Улар эса шер, айиқ, йўлбарсларни беришади, - дейди Фаттоҳова.

1924 йилда Туркистон генерал-губернатори дачаси негизида ташкил этилган Тошкент ҳайвонот боғида 350 ҳил ҳайвон бор. Боғнинг умумий майдони қарийб 23 гектарни ташкил этади.

Лекин, Ўзбекистон зоопаркларида ҳайвонларни сақлаш шароити борасида мутахассислар ташвиш билдириб келишади.

Ўтган йили қишнинг совуқ келгани ва газ таъминотидаги узилишлар сабаб Наманган ҳайвонот боғида шер ва бошқа ҳайвонлар аёздан нобуд бўлган эди.

Тошкент ҳайвонот боғи мутахассислари эса ҳайвонларга лозим шароитлар яратилганини таъкидлашади.

Тошкент ҳайвонот боғи мутахассиси Феруза Фаттоҳовага кўра, янги олиб келинган шер боласининг маҳаллий иқлимга кўникиши учун махсус шароитларда сақлашмоқда.

- Ҳозир ҳайвонни ичкарида сақлаяпмиз. Бизда лозим шароитлар етарли. Иссиқ кунлари ташқарига олиб чиқамиз. Маҳаллий иқлимга тез кўникади, деб ишоняпмиз. Чунки бизда Калининградга қараганда ҳар холда иссиқ, - дейди Фаттоҳова.

Пойтахтнинг йиртқич меҳмони айни дамда бир ойлик карантинда экани, ундан сўнг эса янги оиласига қўшилиши айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG