Линклар

Ҳуқуқ фаоли Бобомурод Раззоқов амнистиядан маҳрум қилинди


Ҳуқуқ фаоли Бобомурод Раззоқов.

Ҳуқуқ фаоли Бобомурод Раззоқов.

Шу йилнинг 27 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси, 61 яшар Бобомурод Раззоқов ишини кассация тартибида кўриб чиқиб, ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди.

Бобомурод Раззоқовнинг кассация суди атиги 26 дақиқа давом этди. Бу ҳақда “Озодлик” билан сўзлашган “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, Бобомурод Раззоқов ва унинг ҳимоячилари аппеляция имкониятидан воз кечиб, кассацияга умид боғлашганди.

“Бироқ ҳарбий дала судларига хос ошиғич ўтказилган маҳкама ҳуқуқ фаолининг адвокати келтирган барча важларни рад қилди. Жумладан, Товоқсойдаги 64/3-сонли муассасада ҳуқуқ фаолига нисабатан айрича муносабат ва ҳатто қамоқхона ҳам Бухоро милициясининг таҳдидларидан ҳимоя қила олмаётгани ҳақидаги шикоятга эътибор қаратилмади”, дейди А. Ташанов.

“Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов Бухоро вилояти ички ишлар бошқармасининг ходимлари 2 декабрь куни ғайриқонуний тарзда қамоқхонага кириб, Бобомурод Раззоқовга таҳдид қилгани ҳақида Озодлик радиосига 5 декбарь куни хабар берган эди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Ички ишлари вазирлигининг Жазони ижро этиш Бош бошқармаси маъмурияти жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судига Раззоқовнинг муассаса тартибини икки марта бузганлиги ҳақида мактуб йўллаган ва шу хат асосида суд ҳуқуқ фаолига нисбатан амнистия қўллашни рад қилди. Шунингдек, Бухоро суди ҳимоя тарафнинг сохта гувоҳликлар, ясама эпизодлар ва бўрттирилган жиноят иши ҳақидаги важларини асоссиз деб топди ва суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.

Эслатиб ўтамиз, “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Бухоро вилояти бўлими раиси, 60 яшар фермер Бобомурод Раззоқов шу йилнинг 24 сентябрида жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) билан айбланиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. 19 ноябрь куни тайинланган жазони ўташ учун Тошкент вилоятининг Товоқсой зонасига этап қилинган.

Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ва Ўзбекистон “Эзгулик” жамияти баёнотларида одам савдосидек қалтис айблов Бобомурод Раззоқовнинг касбий фаолияти ва сиёсий қарашлари эвазига уюштирилган провокация экани таъкидланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG