Линклар

Ўзбекистон МДҲнинг Эркин савдо ҳудудига аъзо бўлди


МДҲ бош вазирлари кенгашининг 2013 йил 31 май куни Минскда бўлиб ўтган йиғилиши қатнашчилари.

МДҲ бош вазирлари кенгашининг 2013 йил 31 май куни Минскда бўлиб ўтган йиғилиши қатнашчилари.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “2011 йил 18 октябрдаги Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартномани унинг Томонлари ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида қўллаш ҳақидаги Баённомани ратификация қилиш тўғрисида”ги қонунга имзо чекди. Бу билан Ўзбекистон МДҲ Эркин савдо ҳудудига қўшилган тўққизинчи давлат бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатаси жорий йил 29 ноябрь куни Ўзбекистон МДҲ давлалари билан Эркин савдо ҳудуди тузиш ҳақида имзолаган битмни ратификация қилиш тўғрисида қонун қабул қилган ва 13 декабрь куни Сенат томонидан маъқулланган эди.

Ўзбекистон МДҲ нинг Эркин савдо ҳудудига қўшилиши ҳақидаги шартномани 2013 йил 31 май куни Беларус пойтахти Минскда бўлиб ўтган МДҲ бош вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлисида имзолаган эди.

Мазкур келишув 1994 йилда имзоланган ва ҳозирга келиб эскириб қолган битимнинг ўрнини эгаллаши, МДҲга аъзо давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини соддалаштириши назарда тутилган.

Битмда Ўзбекистон билан Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартнома иштирокчиси бўлган давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг ҳуқуқий механизмлари белгилаб қўйилган.

Ўзбекистонлик иқтисод фанлари доктори Хонназар Омонов Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон МДҲ нинг Эркин савдо ҳудудига аъзо бўлгани маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун бозорларни кенгайтиради ва иқтисодиёт ривожига туртки беради, деган фикр билдирди.

- Бу Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш имкониятини, ташқи бозорини кенгайтиради. Фақат Ўзбекистонда эмас балки, шартномага аъзо бўлган бошқа давлатларда ҳам савдо ҳажми ошади. Ишлаб чиқарувчилар хорижга маҳсулотини олиб чиқишида тўсиқлар камаяди.

Масалан, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг бошқа минтақаларда ўз маҳсулотларини сотиши имкониятлари кенгаяди, деди ўзбекистонлик иқтисодчи.

Айни пайтда, Омонов Эркин иқтисодий ҳудудга аъзо давлатларда ишлаб чиқарилган маҳсулотларининг Ўзбекистонга кўпроқ кириб келиши ички бозорда рақобатни кучайтиришини қўшимча қилди.

- Масаланинг иккинчи тарафи ҳам бор. Бошқа давлатларнинг ҳам Ўзбекистон бозорига кириб келиши енгиллашади. Рақобатли маҳсулотлар кириб келса, ички бозордаги ишлаб чиқарувчилар бунга тайёр бўлади ва рақобатбатлашиш учун ўз маҳсулотлари сифатини оширади. Бундан албатта истеъмолчи ютади, деди ўзбекистонлик иқтисодчи Хонназар Омонов.

“Эркин савдо ҳудуди ташкил этиш” ҳақидаги битимда, мазкур келишув Эркин савдо ҳудуди самарали фаолият юритиши, товарлар эркин ҳаракатини таъминлаш, дунё иқтисодиёти ва халқаро савдо тизимига интеграциялашиш учун тузилгани қайд этилган.

“Эркин савдо ҳудуди ташкил этиш” ҳақидаги битимига саккиз давлати - Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Украина ва Қирғизистон имзо чеккан.

Ҳозирда Қирғизистон ва Тожикистон мазкур келишувни ратификация қилиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG