Линклар

Волгоград вокзалида худкуш ўзини портлатди


Волгограддаги темир йўл вокзали ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўраб олинган.

Волгограддаги темир йўл вокзали ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўраб олинган.

Якшанба куни тушга яқин Россиянинг Волгоград шаҳридаги йирик темир йўл вокзалида худкуш портловчи мосламани ишга солди. Кучли портлаш оқибатида камида 16 киши ҳаётдан кўз юмди, 37 одам тан жароҳати олди. Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари мазкур портлашнинг террорчилик хуружи бўлганини қайд этди.


Террорчиликка қарши кураш миллий қўмитаси матбуот котиби Дмитрий Павлов якшанба кунги ҳужум худкуш аёл томонидан амалга оширилгани тахмин қилинаётганини билдирди.

- Бугун соат 12:45 да Волгоград шаҳридаги темир йўл вокзалида номаълум портловчи мосламанинг ишга тушгани оқибатида кучли портлаш рўй берди. Оқибатида одамлар нобуд бўлди. Портлаш худкуш аёл томонидан амалга оширилгани тахмин қилинмоқда, - деди Дмитрий Павлов.

Айни пайтда Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот маркази қурбонлар сони кўпайиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Россия Федерацияси Тергов қўмитаси матбуот вакили Владимир Маркин Волгограддаги портлаш бўйича Жиноят кодексининг икки модаси, яъни “террорчилик хуружи” ҳамда “қуроллар ва ўқ-дорилар ноқонуний савдоси” моддалари бўйича жиноий иш очилганини маълум қилди.

Волгоград шаҳри ҳокими Ирина Гусева “Россия 24” телеканалига берган интервьюсида портлаш темир йўл вокзали биносига кириш йўлагида рўй берганини айтди.

- Темир йўл вокзали биносига киришда, металл детектор рамкаси олдида портлаш содир бўлди. Одамлар нобуд бўлди. Жароҳат олганлар бор. Уларни касалхоналарга жўнатяпмиз.

Ҳозирда келаётган поездларни бошқа манзилларга йўллаяпмиз. Шаҳарда саросима тарқалишига йўл қўйилмади. Шаҳар аҳолиси кундалик ҳаёти билан яшамоқда. Ҳозир оддий вазият эмас. Чунки яраланган одамлар орасида болалар ҳам бор. Уларни касалхонага жўнатдик, - деди Волгоград ҳокими Ирина Гусева.

Айни телеканал мухбири билан суҳбатда Волгоград вилояти ҳокими Сергей Боженов ҳужумда нобуд бўлганлар хотираси учун вилоятда мотам кунлари эълон қилинишини айтди.

- Мен вокзал биноси олдидаги майдонда одамлар билан гаплашяпман. Аҳоли орасида саросима йўқ. 1 январдан 3 январгача Волгоград вилоятида мотам кунлари, деб эълон қилинади, - деди Сергей Боженов.

Волгоград темир йўл вокзалидаги ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ.

Шу йил бошида чечен жангчилари лидери Доку Умаров Сочи шаҳрида бўладиган Қишки Олимпиада муносабати билан ҳужумлар уюштиришни тўхтатган эди.

Шу йилнинг октябр ойи охирида Волгоград шаҳрининг Красноармейская туманида кетаётган автобусда худкуш аёл ўзини портлатгани оқибатида олти йўловчи ва худкуш ўлган, ўнлаб одам жароҳат олган эди.

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Волгоград бўлими бугунги портлаш оқибатида жароҳат олган одамларга тиббий ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилди.

Воқеа жойида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг тезкор ходимлари текширув-суриштирув ишлари олиб бормоқда.

Ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбага таяниб Интерфакс ахборот агентлигининг билдиришича, ҳужум темир йўл вокзалига рюкзакда портловчи моддалар олиб борган худкуш эркак томонидан амалга оширилгани ҳақидаги версия ҳам ўрганилмоқда.

Вокзалдаги ҳодисадан кўп ўтмай Интернетдаги YouTube порталида портлаш видеоси пайдо бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG