Линклар

Самарқанд вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бошқармаси марказий биносида 28 декабрь куни милиция ходими ҳамкасби қуролидан жароҳатланиб, шифохонада вафот этди. Самарқанд вилояти ИИБ ЙХҲБга яқин манбаларнинг хабар қилишича, милиция кичик лейтенант Жамшид Бобонов табель қуролини тозалаётган кезда ўқ тасодифан отилиб кетиб, ҳамкасбининг ҳаётига зомин бўлган.


Шу йилнинг 28 декабрь куни Самарқанд вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бошқармаси аппаратида ўқ овози эшитилди. Милиция кичик лейтенанти Жамшид Бобоновнинг табель қуролидан отилган ўқ унинг ҳамкасби Лазиз Ҳазратқулов яралаган.

Бу ҳақда “Озодлик”ка Самарқанд вилояти ИИБ ЙХҲБга яқин манбалар хабар қилди.

Маълум бўлишича, тушдан сўнг йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари марказий аппарат биносида хизмат револвьерини тозалаётган бўлган. ЙХҲБ ходими Ж. Бобоновнинг қуроли ичида қолиб кетган патрон тасодифий отилиб кетган.

“Самарқанд шаҳар Хаваси касалхонасига етказилган милиция ходими кечанинг ўзида вафот этди. Бугун у йигитни тупроққа беришди. Буни аниқ билганимизнинг сабаби бугун таниқли юрист, вилояти Адлия бошқармасининг собиқ раҳбари Ҳайдар Исломовни ҳам дафн қилдик. Ўша маъракада бу ҳақда гап бўлди”, дейди Самарқанд шаҳар прокуратурасининг исми сир қолишини хоҳлаган терговчиларидан бири.

"Бу ерда қотиллик, яъни қасддан отиб ўлдириш, деган нарса йўқ. Улар иккаласи (Ҳазратқулов ва Бобонов назарда тутилмоқда— таҳр.) яқин ўртоқ эдилар. Агар қасд аломатлари бўлса бу терговларда аниқланади”, дея қўшимча қилди манба.

Озодлик бу хабар ортидан Самарқанд вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бошқармасига боғланди.

Телефон гўшагини кўтарган ва ўзини таништирмаган ходим кичик лейтенант Жамшид Бобоновнинг 29 декабрь куни ишга келмагани, қачон келиши номаълумлигини айтди.

Ходим содир бўлган ҳодисани тасдиқламас экан, инкор ҳам қилмади ва бу борада ҳеч қандай маълумот беролмаслигини айтиш билан чекланди.

Самарқанд вилояти ИИБ ишонч телефонини кўтарган ходим эса бу ҳодиса ҳақида Озодлик манбалари йўллаган ва қисман тасдиғини топган маълумотларни инкор қилди:

"Бу гаплар ёлғон, Самарқандда ҳамма ёқ тинч, Янги йилни кутиб олишга тайёрланаяпмиз!" деди вилоят ИИБ ходими мухбир билан микрофонсиз суҳбатда.

Аммо, бошқарамага яқин манбарлар 29 декабрь куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мазкур воқеани ўрганиш учун махсус инспекция ходимларини Самарқандга сафарбар қилгани ҳам қўшимча қилмоқдалар.

Шунингдек, Самарқанд шаҳар прокуратураси факт бўйича Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 207-моддаси (Совуққонлик) билан суриштирув ҳаракатларини бошлагани айтилди.

Бундан ташқари, тасодифий ўққа учраган Самарқанд вилояти ИИб ЙҲХБ нозири Лазиз Ҳамроқуловнинг Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлиги (ЎзА) Бош директори Маматқул Ҳазратқуловнинг туғишган укаси экани ҳам айтилмоқда.

Бу йил бошидан бери милиция бошқармаси биносида ходимларнинг ҳамкасби қуролидан ёки ўз қуролидан жон беришига оид, ёҳуд милиция ходимининг ўқ отар қуролни ишлатиб, бошқалар ўлимига сабаб бўлишига оид биринчи воқеа эмас.

5 февраль куни Тошкентнинг Чилонзор тумани ички ишлар бўлими ходими ўз жонига қасд қилди. Ички ишлар жиноят қидирув бўлимининг капитани, 29 ёш Сарвар Ҳамидов иш жойида, табел тўппончасидан ўзини отгани айтилган.

29 январь куни Сирдарё вилоятининг Сардоба тумани Шароф Рашидов жамоа хўжалигида яшовчи 26 яшар милиция ходими Комилжон Қаюмов ўзини осиб ўлдирган эди.

Шунингдек, йил бошида Жиззах вилояти Зомин туманида ўз укаларини отиб ўлдирганликда айбланаётган милиция полковниги, 42 яшар Тўлқин Довурбоевнинг иши судга оширилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG