Линклар

Волгоградда содир этилган террорчилик хуружи қурбонлари сони, худкуш шахсни ҳисобга олмаганда, сўнгги маълумотларга кўра, 16 кишига етди.

Икки киши олинган жароҳатлар туфайли касалхонада вафот этган. Яна 37 киши шифохоналарда қолмоқда.

Волгоград вилоят ҳукумати вице-премьери Василий Галушкинга кўра, маҳаллий аксилтеррорчилик комиссияси мажлисида ҳудудда террорчилик хавфи юқори бўлган сариқ даражани жорий қилишга қарор қилинган.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбанинг Интерфаксга маълум қилишича, Волгоград темир йўл вокзалидаги террорчилик хуружини эркак киши амалга оширган. Агентлик манбаси портлаш чоғида унинг ёнидан бир қиз ўтиб кетаётган бўлгани, бу ҳолат даставвал террор амалиётини аёл киши амалга оширган, деган тахминларга асос бўлганини қўшимча қилди. Шимолий Кавказ федерал округидаги ҳуқуқ-тартибот идораларида ишловчи бошқа бир манба ҳам темир йўл вокзалига ўрнатилган видеокамералар ёзувини ўрганиш портлашни эркак киши амалга оширганини тахмин қилишга асос беришини айтган. “Бироқ бу маълумот яна текширилиши керак”, дея таъкидлаган агентлик манбаси.

Жабрланганларга ёрдам бериш учун Москвадан Волгоградга зарур ашёлар ва мутахассислар билан Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг самолёти етиб келган.

Якшанба куни содир бўлган портлаш кучи камида 10 килограмм тротил эквивалентини ташкил этгани айтилмоқда. Ҳодиса юзасидан мамлакат Жиноят кодексининг икки моддаси – террорчилик хуружи ҳамда қурол ва ўқ-дори ноқонуний айланмаси бўйича жиноий иш очилган.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Волгоград темир йўл вокзалида содир этилган терактни қоралаб чиқди. У НАТО Россия билан террорчиликка қарши курашда ҳамкорликни давом эттиришини билдирди.

Шу йилнинг октябр ойи охирида Волгоград шаҳрининг Красноармейская туманида кетаётган автобусда худкуш аёл ўзини портлатиб юборганди. Ўшанда олти йўловчи ва худкуш ўлган, ўнлаб одам жароҳат олган эди.
XS
SM
MD
LG