Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:57

От йили арафасида Тошкентда тойчоқ сўйиш кўпайди


Янги йилда тошкентликлар дастурхонига тортиладиган қази-қарта ва норин каби овқатлар учун зарур бўлган от гўштига эҳтиëж байрам арафасида ошиб кетди.


Шу билан бирга, Тошкент бозорларида бир ҳафта олдин кўпи билан килоси 30 минг бўлган қази нархининг 40 мингга чиққани ҳам кузатилди.

Тошкентдаги қази ишлаб чиқарадиган энг машҳур кушхонанинг номи чиққан қассоби Ҳамдамбек Озодлик билан суҳбатда шаҳарликларнинг от гўштига бўлган эҳтиëжини қондириш учун қўли қўлга тегмай ишлаëтганлигини айтади:

- Қазининг яхшиси бизда. Чунки биз от эмас, той, той бўлганда ҳам тойчоқ сўямиз. Қази қилганда ғирромлик қилмаймиз. Биласиз, янги йил қазифурушлар учун сезон. Шунақа пайтда биз пул қилиб оламиз. Лекин сезонни баҳона қилиб, мижозларга жабр бўладиган даражада нархни оширмадик. Килосини 35 мингдан бераяпмиз. Лекин қазига гап йўқ, ака, - дейди Тошкентдаги қазихўрлар орасида танилган қассоб Ҳамдамбек.

Аввалроқ "Байрам арафасида Тошкентда от сўйиш тақиқланибди" деган гап тарқалган эди, лекин Ҳамдамбек бу гапни тасдиқламади.

- Шунақа гап-сўз чиқди. Лекин бизнинг олдимизга биров келиб, "от сўйма" деб айтгани йўқ. Олдингидан ҳам кўп сонда тойчоқларни сўйиб ëтибмиз, - дейди Ҳамдамбек.

Тошкент шаҳар ветеринария хизматининг ўзини Руслан деб таништирган нозири Озодлик билан суҳбатда от сўйиш борасида шаҳар бўйича бирор-бир чеклов жорий қилинмаганлигини маълум қилди.

Суҳбатдошга кўра, от сўйиш жараëни қўй, мол ва бошқа ҳайвонларни сўйишга жорий қилинган тартиб асосида умумий назорат қилинмоқда.

“Чорсу” бозоридаги дўконлардан бирининг ходими Адҳамжон Озодликка қазидан ташқари асосан Тошкентда истеъмол қилинадиган от гўштининг нархи ҳам кўтарилганини айтди.

- Мен яқинда норинбоп от гўштини сотиб олдим. Бир кило лаҳм от гўштини 27 минг сўмдан беришди. Ўзи суякли от гўштини 22-23 минг сўмдан сотишаётган эди. Лаҳми 23-24 минг атрофида эди. Янги йил олдидан сал кўтарилибди, - дейди Адҳамжон.

Унинг айтишича, байрам арафасида “Чорсу” бозорида битта қази нархи, оғирлигига қараб, 40 минг сўмгача кўтарилган.

Тошкент шаҳар ветеринария хизмати вакилининг айтишича, от сўйиш бошқа вилоятларга нисбатан Тошкент шаҳрида кўпроқ учрайди.

Ўзбекистон Ошпазлар уюшмасининг ўзини Наргиза деб таништирган ходимасига кўра, тошкентликларнинг янги йил дастурхони таомномасида от гўштидан тайëрланадиган емаклар кўплиги боис от сўйиш Тошкентда кўпроқ.

"Келаëтган От йилида от сўйсак, отлар хафа бўлмайдими?" деган ҳазил аралаш саволимизга Наргизахон қувлик билан: "Қўй йилида қўй, Ҳўкиз йилида буқа хафа бўлмаганидек, отлар ҳам хафа бўлмайди", дея жавоб берди.
XS
SM
MD
LG