Линклар

logo-print
Якунланаётган йилнинг илк кунидаги илк хабар бензин 40 сўмга қимматлагани ҳақида бўлган эди. Нарх ошишидан бошланган хабарчилигимизнинг йил ичидаги муҳим мавзуларидан бири - бозорлар ва молиявий ташкилотларни жиддий муаммоларга дучор қилган доллар ва импорт чеклови ҳақида бўлди. Шу вақтга қадар "қўл етмаган" йирик бизнес эгалари мулкининг тортиб олиниши 2013 йилда ҳам кузатилди.


2013 йил бозорни нишонга олган президент қарори билан бошланди

24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Каримов “Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китоб механизмини тартибга солиш тўғрисида”ги қорорни имзолади ва Ўзбекистонда “чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси”га оид барча нуқталарда чет эл валютаси – АҚШ долларидаги муомала учун жавобгарликни кучайтирди.

Давлат солиқ қўмитаси таркибида Махсус бошқарма ташкил этилди ва шундан кейин долларга савдо қилган ҳар қандай шахс қўлга тушса жазолана бошлади.
Ҳатто, ижара уй учун АҚШ долларида пул тўлаётган милиционерлар ҳам жазога тортилгани кузатилди.

1 февралга келиб, чеклов янада кучайди - Марказий банк Ўзбекистон банкларининг жисмоний шахсларга чет эл валютасини нақд пул кўринишида сотишини тақиқлади.

Расман “ўзбек миллий валютаси қадрини ошириш” нияти билан изоҳланган бу қарордан сўнг биринчи бўлиб АҚШ долларининг қора бозорига ўт тушди. Валютафурушлар қамалди, анча-мунча кучайганлари расмий телевидениега олиб чиқиб, ҳатто элга сазойи қилинди.

Пана-пастқамда юриб турган доллар бозори алоҳида шахсларнинг квартираларига кўчди. Бўлгани қора халққа бўлди – банкда доллар йўқ, квартиралардаги нарх осмон – 1 минг 200 лик доллар – 3 ярим сўмга чиқиб кетди.

Иқтисодчилар буни Марказий банкнинг бир томондан, расмий курс бўйича сотиладиган валюта чайқовидан фойда кўраётганлар пайини қирқиш, иккинчи томондан, “қора бозорни йўқ қилиш ва валютанинг расмий ва қора бозор курсларини яқинлаштиришга уриниш” нияти билан изоҳлай бошладилар.

Кейин бир неча банк, жумладан бизнеси гуриллаб турган Ипотека банки раҳбарлари ноқонуний валюта олди-сотдиси учун қамалди.

Қисқа айтилса, мамлакатда миллий ва хорижий валютадаги муомалага алоқадор тузилмалар бир чеккадан қаттиқ текширувдан ўтказилди.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Ориф Ҳошимов вазиятни шарҳлар экан, ўша кезда “лўлича муолажа”, деган иборани қўллаган эди.

Қуйида унинг шарҳи ва 2013 йилда мамлакат бозорлари ва молиявий ташкилотларида кузатилган муҳим воқеалар тилга олинган махсус эшиттиришни тинглашингиз мумкин.



Лўлича муолажа” услубида импорт чекланди

“Лўлича муолажа” амалга оширилгач, Ўзбекистонда бозорларга, бозорларга қўшиб харидорларни ҳам яхшигина қисувга олган навбатдаги чора кўрилди – мамлакатга импорт товар олиб кириш устидан назорат кучайтирилди ва хорижий молни Ўзбекистон бозори пешхтахтасига олиб боришгача бўлган ҳужжатлаштириш жараёни ўта мураккаблаштирилди.

Натижада, энг зарур озиқ-овқат муҳсулотларию шахсий гигиена буюмларидан тортиб, уй рўзғор ва электро-техника буюмларига қадар, ҳаттоки "импортний шоколодлар"ни хориждан мамлакатга олиб кириш чекланди.

Бу чеклов Ўзбекистон президенти 2013 йилнинг 29 январ куни имзолаган яна бир жиддий қарор - “Мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рақобатбардошлигини янада ошириш ва товарларнинг мамлакатга ноқонуний олиб қирилишига қарши курашни кучайтиришнинг чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1913-сонли қарор асосида жорий қилинди.

Март ойидан бошлаб, хориждан мол келтириб, бизнес қилиб юрган катта-кичик бозорчилар эшелони Ўзбекистон чегараларидаги Давлат Божхона қўмитаси постлари олдида турнақатор навбатга терилди.

Ҳатто, болалар памперслари ҳафталар давомида чегарада қолиб кетиб, Тошкент бозорларида болалар кўтлигининг нархи ҳам кўтарилиб кетди.


2013-йилда йирик банк эгаларию бенефициарларни жазолашди

2013 йилнинг ўрталарига бориб, Ўзбекистонда бир қарашда бир-бирига алоқадордай кўринмаган, аммо аслида эҳтимол мамлакат ички сиёсатида янги жараёнларни бошлаб бериши мумкин бўлган воқеалар содир бўла бошлади.

Бундай воқеалардан энг ёдда қоладиганларидан бири Ўзбекистонда “Баҳо Шакар” лақаби билан танилган Баҳодир Каримжоновга тегишли мол-мулкни ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан текширилиб, мусодара қилингани бўлди.

Озодлик манбасига кўра, Каримжонов Ўзбекистонда шакар импорт қилиш ва савдосини тўлалигича назорат қилишдан ташқари Coca-Cola ширкати маҳсулотларини реализация қилиш соҳасини ҳам назорат қилган.

Унинг ўзи мамлакатдан қочиб, ҳануз Дубайда яшаётгани айтилмоқда.

Худди Баҳодир Каримжонов сингари мамлакатдан қочишга мажбур бўлган таниқли тадбиркорлардан яна бири - Дмитрий Лим бўлди ва унга тегишли қадимий ашëлар¸ 77 та ретро автомобил ва мотоцикл коллекцияси музейга топширилди.

Хорижга қочганлар рўйхатида, жумладан, МТС-Ўзбекистон ширкатининг собиқ бош директори¸ Гулнора Каримованинг яқин ўтмишдаги бизнес ҳамкори Беҳзод Аҳмедов, таниқли тадбиркор Ғафур Раҳимов, "Алп Жамол-Банк" эгаси Муҳиддин Асомиддинов, "Капитал-Банк" таъсисчиси ва "Пахтакор" футбол жамоасининг президенти Ботир Раҳимов, Carlsberg Uzbekistan ширкатининг раҳбари Евгений Шевченко, "Қизилқумцемент" бирлашмаси директори Ражаббой Жуманазаров каби қатор йирик корчалонлар борлиги айтилади.

Бу каби шахсларнинг миллионлаб, балки миллиардлаб долларлик мол-мулкининг давлат фойдасига мусодара қилингани кузатилди. Аммо, бунча молу дунёнинг сўнгги манзили ҳақида на ўзбек матбуоти ва на ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакат халқига маълумот берган.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Ориф Ҳошимов бу жараёнга “бенефициарларнинг алмашинуви”, деб ном баҳо берди ва 2013 йилда бошланган бу жараён 2014 йил ўрталарига қадар давом этишини тахмин қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG