Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:39

Йил якуни-2013: Этак тутган блоггерлар WhatsAppда фаол бўлди


WhatsApp орқали 22 окятбрь куни Жиззахдан йўлланган бу сурат теримга мажбуран сафарбар қилинган ўқувчи-талаба-ишчи-хизматчи теримчи-блоггерлар кайфиятини акс эттирган энг яхши суратлардан бири бўлди.
WhatsApp орқали 22 окятбрь куни Жиззахдан йўлланган бу сурат теримга мажбуран сафарбар қилинган ўқувчи-талаба-ишчи-хизматчи теримчи-блоггерлар кайфиятини акс эттирган энг яхши суратлардан бири бўлди.
Якунланиб бораётган 2013-йилда пахта йиғим-теримига мажбуран сафарбар қилинган муштарийлар орасида Озодликни WhatsAppда ўқиган, шарҳлаган ва хабар йўллаган блоггерлар кўп бўлди. Ўқувчи-талаба-ишчи-хизматчи теримчи-блоггерлар учун махсус "WhatsApp Пахтакор" блоги очилди. Блоггерлар йўллаган хабарлар асосида бу йил пахтада қурбон берилган 10 теримчи рўйхати тузилди.


2013-Пахтанинг Озодликка маълум 11 қурбони

2013 йилги пахта йиғим-терим кампанияси даврида Озодлик таҳририятига келиб тушган маълумотлар асосида теримга мажбуран сафарбар қилинган 10 қурбоннинг рўйхати тузилди.

Қуйида бу рўйхат билан танишинг:

Биринчи қурбон - 9 сентябрь куни Қаршидаги Ҳилол агросаноат коллежининг 2-босқич талабаси, 1996 йили Қарши туман, Сарой қишлоғида туғилган Мухлиса Ўрол қизи Ражабова пахта даласида ток уриб нобуд бўлди.

Иккинчи қурбон - 15 сентябрь куни Бухоро вилоятининг Вобкент тумани Нарчоқ қишлоғида 6 яшар болакай Амирбек Раҳматов пахта ортилган прицепда ухлаб қолиб, шом қоронғусида устига ташланган пахта тагида қолиб ўлди.

Учинчи қурбон - 16 сентябрь куни Қарши Давлат университети Тарих факултети миллий ғоя йўналишининг 2-курс талабаси шу факультет 4-курс талабаларидан 4 нафарини пахта даласида пичоқлаб қўйди. Пичоқланганлардан бири воқеа жойида ҳалок бўлди.

Тўртинчи қурбон - 28 сентябрь куни Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги фермер Абдуғани Жумабоевнинг 20 яшар келини (исм-фамилияси ҳозирча номаълум - Таҳр.) пахтазорда кутилмаганда ўлиб қолди.

Бешинчи қурбон - 30 сентябрь куни Наманган Давлат Университети талабалари пахта тераётган Мингбулоқ тумани Гулбоғ қишлоқ фуқаролар йиғинидаги ётоқда 22 ёшли 4-курс талабаси Ж.И. Уйчи туманилик курсдоши Нуриддин Холдоровни калтаклаб ўлдирмб қўйди.

Олтинчи қурбон - 4 октябрь куни Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги Калламозор қишлоғида яшаган 31 яшар Хайрулла Норматов Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги пахтазорда жон таслим қилди.

Еттинчи қурбон - 7 октябрь куни Нукус шаҳридаги 1-Тиббиёт коллежининг 2-курсида таҳсил олган ўқувчи Малика Ембергенова ётоқда ўзини осиб қўйди.

Саккизинчи қурбон - 14 октябрь куни Чуст туманида пахтадан қайтаётган 21 яшар Зилола автоҳалокат қурбони бўлди.

Тўққизинчи қурбон - 18 октябрь куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани Ёнбошқалъа массивида яшовчи 38 ёшли фермер Сафарбой Каримовнинг жасади ўз пахта даласидаги дарахтга осилган ҳолда топилди.

Ўнинчи қурбон - 21 октябрь куни 16 ёшли Эркабой Йўлдошев Хоразм вилояти Урганч туманининг Ғалаба қишлоқ фуқаролар йиғинидаги ётоқда кутилмаганда ўлиб қолди.

Озодлик қурбонларнинг айримларининг оиласи билан ҳам боғланган ва улардан айримлари пахта учун қурбон берган яқинлари ҳаққини, хотирасини ҳимоя қилишга уринганини кузатди.


Марҳум Эркабой оиласи арзини расмийлар тингламади

21 октябрь куни Хоразм вилояти Урганч туманининг Ғалаба қишлоқ фуқаролар йиғинидаги ётоқда вафот этган 16 яшар Эркабойнинг оиласи арзини кимса тингламади.

Ўша кезда Эркабойнинг 35 яшар онаси Дилфуза Жуманиёзова пахтага соппа-соғ юборилган боласининг ўлими сабаби унга қоронғу қолаётгани ва айбдорлар жазоланиши учун курашишини айтган эди.

- Мен билмайман нима бўлганини. Ўқитувчиларидан сўранг! Оқшом соат10да ўлган болани тонгда соат 5да келиб: “Болангнинг жони узилди. Ўликхонада”, деб қочиб кетди. Шу кетганича биттаси ҳам келмади. Менинг болам жон берганда нима учун мени чақиртиришмайди? Нима учун ичини ëргандан кейин хабар беради булар? Нима учун боламни бундай қилишди? Мен жанжал қиламан. Мен энди қиламан жанжални, - деган эди уввос солиб йиғлаган Дилфуза Жуманиёзова.

Ўшанда пахтага мажбуран олиб чиқилган 15-16-17-18 яшар ўқувчиларини пахта теримига мажбурий сафарбар қилган Урганч Саноат касб-ҳунар коллежи директори Собиржон Машарипов, Урганч туман ҳокимининг Иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари ва республика бўйлаб ташкил этилган пахта штабининг ушбу тумандаги мутасаддиси Равшан Сапаев ҳам бу борада Озодликка изоҳ беришдан бош тортган эди.

Бу машъум ҳодисадан икки ой ўтиб, Озодлик яна Эркабой Йўлдошев оиласига қўнғироқ қилди. Марҳумнинг оиласи болакайнинг ўлими юзасидан очилган жиноят иши ёпилганини айтиш билан чекланди.

Бу гал Озодлик мухбири билан гаплашишга рўйхушлик билдирмаган Дилфуза Жуманиёзова Озодликнинг бу борадаги саволларга жавоб бермади.

Шу тариқа, ўз вақтида халқаро ахборот воситалари ва Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистонда юрган махсус гуруҳи диққатига тушган бу ўлимга масъул шахсларга чора кўрилмагани Озодликка маълум бўлди.

Эслатиш жоиз, 2013 йилги пахта йиғим терими даврида Озодликка етиб келган 11 нафар пахта қурбони ҳақидаги маълумот – фақат Озодликка маълум бўлган ва расман тасдиғини топган маълумотдир.

Озодликка маълум бўлмаган қурбонлар сони қанча эканини, ҳатто тасаввур қилиш имконсиз.


"WhatsApp Пахтакор"- теримчилар йўллаган битиклар тўплами

2013-йилги пахта терими даврида Озодлик ўзбекистонлик мобил фойдаланувчилари орасида оммалашган WhatsApp ижтимоий тармоғи орқали уникал бир лойиҳани амалга ошириш имконига эга бўлди.

Озодлик "WhatsApp Пахтакор" деган махсус блог ташкил қилди ва пахтазорларда юрган юзлаб ўқувчи-талаба-ишчи-хизматчи теримчи-блоггерлар битикларини жамлади.

Ушбу блогга теримчилар кайфияти, кунадлик кечишлари, емишларию ичмишлари ҳақидаги кечинмалардан ташқари жуда муҳим, оригинал хабар ва янгиликлар, фото-видео материаллар ҳам йўлланди.

Қуйида улардан баъзиларини ёдингизга соламиз:

- "Ингичкада пахтага чиқмаганнинг чироғи ўчаяпти"
- "Бирини илон чақди, бирини бочка босиб қолди"
- "Пахтани деб операцияни ҳам қолдиришди"
- "Фермерга ҳашарчи-теримчи керакмас, аммо..."
- "Ўқувчига пахтага чиқмаганман, деган тилхат ёздиришяпти"
- "Битта машина 100 теримчи ўрнини босади"

Булар теримчи-блоггерлар йўллаган битиклар, хабарлар ва фикр-муносабатлар тўпламидан иборат блогларимизга қўйилган сарловҳалар эди.

Айни пайтда блоггерларимиз орасида эринмасдан фото ва видеоматериалларни жўнатганлар ҳам бўлди. Жумладан, "Ўзбекистондаги МТПлардан бири" деган сарловҳа остида пахта терим машиналари паркининг бугунги аҳволи ҳикоя қилинди.

WhatsApp ижтимоий тармоғи орқали 2013 йилги йиғим-терим кампаниясига оид олганимиз барча хабарларимизни Пахта-2013 номли махсус саҳифамизда исталган пайтда ўқишингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG