Линклар

2013 йилда тиббиёт ва соғлиқни сақлаш соҳасида ўзига яраша ютуқлар ва ютқизиқлар бўлди. ОИТС ва полиомиелитга қарши курашдан тортиб, ҳалокатли вирусларнинг тарқалиши, сунъий қўл-оёқларни ясаш технологияларидан тортиб, Украинада оғриқни қолдирувчи дори воситаларини назорат қилишга доир янги қонунлар ана шулар сирасидан бўлди.


2013 йил ОИТВ ва ОИТСга қарши курашда муайан натижалар билан ёдда қоладиган бўлди. Январ ойида Австралиядаги Куинсланд тиббий тадқиқот институти олимлари ОИТВ таркибидаги протеинни ўзгартириш орқали кўп учрайдиган инфекцияларнинг олдини олиш йўлини кашф қилганларини эълон қилдилар. Кашфиёт муаллифларидан бири, Куинсланд институти профессори Дэвид Ҳарриҳнинг айтишича, клиник тажрибалар муваффақиятли якунланса, ОИТСнинг олдини олишда самарали воситага айланиши мумкин.

- Бу муолажа ОИТСга потенциал даво бўлиши мумкин. Бу ОИТВ инфекциясини бартараф қилмайди, лекин касалликни тўхтатиши мумкин. Иммун ҳужайраларида мавжуд бўлган бу протеин беморлар одатдаги инфекцияларга қарши кураша олиши учун соғлом иммун тизимини таъминлашга ёрдам беради,- дейди профессор Ҳарриҳ.

Март ойида АҚШнинг Миссисипи штатида рўй берган яна ҳодисада, олимлар ОИТВ инфекцияси билан туғилган чақалоқ дори воситаси билан амалга ошириладиган стандарт муолажа натижасида тўлиқ даволанганини эълон қилди. Бу муолажа бошқа чақалоқларда ҳам самара беришини текшириш учун яна синовларни давом эттириш керак. Лекин орадан бир йил ўтиб, миссисипилик чақалоқда ОИТВ аломатлари кузатилгани йўқ.

Полиомиелитга қарши кураш соҳасида эса, Покистон ва Сурияда бу касалликнинг авж олиши, уни тўла бартараф қилиш уринишларига таҳлика солди.

Полимиелит касаллиги эндемик тус олган уч давлатдан бири ҳисобланган Покистонда исломий жангарилар болаларни бу касалликка қарши эмлаш кампаниясига тўсқинлик қилди. Эмлаш кампаниясида иштирок этган шифокорлар ўғирлаб кетилди, баъзи ҳолларда эса ўлдирилди.

Натижада Покистонда жорий йилда 70дан ортиқ полиомиелит ҳолати қайд этилди. Ўтган йили 58 болада бу касаллик ташхис қилинган эди. Нигерияда полиомиелитга доир 50та ҳолат, Афғонистонда эса тўққизта ҳолат аниқланди.

Ноябрь ойида Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Сурияда 13 болани шол қилиб қўйган полиомиелит Покистондан келган вирусдан чиққанини эълон қилди. Сурияда бу касаллик 14 йил аввал тўла йўқ қилинган эди, лекин қарийб уч йилдан бери давом этаётган фуқаролар уруши оқибатида эмлаш ишлари изидан чиққан.

Халқаро экспертлар 2012 йилда аниқланган ҳалокатли вирус тарқалиши мумкинлиги борасида хавотир билдирди. Коронавирус деб аталувчи бу инфекция билан касалланган беморда зотилжамга ўхшаш аломатлар кузатилади ҳамда буйрак ва бошқа органларига жиддий зиён етказади. Хавфли бу вируснинг 2003 йилда жаҳон бўйлаб 800 кишининг ўлимига сабаб бўлган атипик пневмония вирусига алоқаси бор.

Бу вирусга чалиниш ҳолатлари ҳозирча оз сонлидир – Яқин Шарқ ва Европада ҳаммаси бўлиб 160 ҳолат қайд этилган. Лекин беморлар орасида ўлим даражаси жуда юқоридир. Шу пайтгача касалликка чалинганларнинг 68 нафари нобуд бўлди. Вируснинг одамдан одамга юқиши мумкинлиги, айниқса хавотирларни кучайтирмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эпидемиологи Грегори Ҳартл мазкур вирусни тадқиқ қилиш билан шуғулланмоқда.

- Бу вирус оддий шамоллаш ва атипик пневмония вируси оиласига дохилдир. Улардан бироз фарқ қилади холос. Ҳозирча юқимлилиги атипик пневмония ва оддий шамоллашникидан камроқдек бўлиб кўрилмоқда. Лекин икки вирусдан кўра буниси ҳалокатлироқдир,- дейди эпидемиолог олим.

Коронавирус тўғрисидаги хавотирлар Хитойда яна бир хавфли вирус аниқланганига доир хабарлар пайдо бўлган пайтга тўғри келмоқда. Февраль ойидан бери H7N9 вируси 140қа яқин одамда аниқланди, улардан 45 нафари нобуд бўлди. Лекин ҳозирча парранда гриппи турларидан бири бўлган бу вирус одамдан одамга юқиши қайд қилинмаган.

Тиббиёт соҳасидаги хушхабарлардан яна бири фойдаланувчилар миядан келган импульслар ёрдамида назорат қила оладиган сунъий қўл-оёқ технологияси кашф қилингани бўлди.

АҚШ Мудофаа вазирлиги қошидаги ҳарбий тадқиқот маркази шу йилнинг ёз ойларида Интернетда эълон қилган видеода Ироқдаги урушда бир қўлидан жудо бўлган собиқ лейтенант Глен Леманнинг ана шундай сунъий қўлни ишлатаётгани тасвирланди. Янги технология ёрдамида ишлаб чиқилган протез билан собиқ ҳарбий кофе ичади, рўмолчани ҳавога ирғитади ва теннис коптогини ердан олади.

Протез қўл Мускулни нишонли тарзда ҳаракатга келтириш, деб номланувчи технология ёрдамида ҳаракатланади. Бу технология бир пайтлар миядан келган сигнални йўқотилган қўлга йўналтирган асабларни бицепс ва кўкракдаги мускулларда жойлашган асаб толаларига улаш орқали протез қўлни ҳаракатга келтиради.

Соғлиқни сақлаш соҳасида аҳамиятга молик яна бир янгилик Украинада хавфли касалликларга чалинган бемораларга морфин каби оғриқни қолдирувчи кучли дори воситаларини олиш имконларининг кенгайтирилгани бўлди.

Май ойида янги қоидаларни қабул қилган Украина МДҲ мамлакатлари орасида бундай чорани маъқуллаган илк давлат бўлди. Бу қоидалар қаттиқ оғриган бемораларга керакли бўлган оғриқни қолдирувчи дориларни ёзиб бериш тартибини осонлаштирди.

Ҳюман райтс уотч ташкилотининг соғлиқни сақлаш масалалари бўйича тадқиқотчиси Дидерик Ломан мазкур чора ўлимга маҳкум беморалар учун ҳаётининг сўнги онларини оғриқда ўтказмаслик имконини очиб беради, дейди.

- Авваллари бундай беморларнинг шифокорлари “Биз қўлимиздан келганини қилдик, лекин учинчи босқичдаги саратонни даволаб бўлмади ёки антиретровирус терпаияси ёрдам бермади”, деб беморни уйига жўнатиб юборар эди. Яъни беморга “тиббий тизим бошқа ҳеч нарса қилолмайди, уйинга бориб, ўша ерда ўлим топишдан бошқа чоранг йўқ”, деган мужда билан уйига жўнатилар эди,- дейди мутахассис.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG