Линклар

Россия Президенти Владимир Путин Волгоградда иккин кун ичида содир этилган иккита портлаш оқибатида 30дан ортиқ одам ҳалок бўлиши ортидан бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик чораларини кучайтириш тўғрисида топшириқ берди.

Ички ишлар вазирлигига кўра, худкуш бомбачилар томонидан амалга оширилгани гумон қилинаётган портлашлардан кейин машиналарни текшириш кўлами оширилади, хусусан, одам гавжум жойлар ва жамоат транспортида эҳтиёт чоралари кучайтирилади.

Душанба куни эрталаб Волгоградда троллейбус ичида амалга оширилган портлаш оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлди. Бир кун аввал Волгорад марказий вокзали биносида содир этилган портлашда эса 17 киши нобуд бўлган эди.

Россия Тергов қўмитаси матбуот вакили Владимир Маркин троллейбусда ҳаракатга келтирилган портловчи мослама бир кун аввалгисига ўхшаш бўлгани иккала портлаш бир-бири билан боғлиқ эканига ишора қилади, дея баёнот берди.

Ҳозирча портлашлар учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ, лекин терговчилари бунинг ортида Шимолий Кавказдаги исломчи жангари гуруҳлар турганини гумон қилмоқда.
XS
SM
MD
LG